19:49 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнати: Расмийлар диалог учун тайёрлар

30.08.2008 20:26 msk

М.Озод, Қ.Нордонов, Ф.Жоний

Focuspictures.ru веб-сайта фотосурати

Олдинлари пахта теримида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланаётгани ҳақидаги барча айбловларни қатъият ила инкор этиб келган расмий Тошкент аста секинлик билан чет эллик ҳаридорлар ва кузатувчи ташкилотлар билан қийин кечадиган диалогга киришмоқда. Нуфузли Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси ҳам Ўзбекистондаги болалар ҳуқуқи борасида ташвишланиб қолган. Шу билан бир пайтда АҚШ, Канада ва Европа Иттифоқи мамлакатларидан борган сари кўпроқ компаниялар Ўзбекистон пахтасидан воз кечиш ҳақидаги қарорга келмоқдалар.

БОЙКОТ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

“Фарғона.Ру” олдинроқ хабар берганидек, Европа ва АҚШнинг кийим-бош импортчилари ва сотувчиларининг тўртта энг йирик уюшмалари Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга мурожаатнома юбориб мамлакат пахта далаларида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланишни тўхтатиш учун қатъий чоралар кўришга чақиргандилар.

СТАТИСТИКА

Пахта бўйича Халқаро қўмитаси маълумотига кўра, жорий йилда Ўзбекистон 1,5 миллион тонна пахта толаси ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Ички эҳтиёж йил сайин ошиб бормоқда ва айни пайтда 260 минг тоннани ташкил этади. 900 минг тонна пахта толаси экспортга чиқарилади. Жаҳон бозорида пахта нархи ошгани туфайли Ўзбекистоннинг жорий мавсумда даромадлари ошиши кутилмоқда.
“Фарғона.Ру”

Чакана савдо корхоналари миллий федерацияси (NRF), Чакана савдо етакчилари ассоциацияси (RILA), Америка кийим ва пойафзал ассоциацияси (AAFA), Тўқимачилик маҳсулотлари ва кийим-бош импортчилари ассоциациясининг (AITA) номидан ёзилган расмий мактуб 18 август куни Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасига топширилган. Мактубда кийим бош сотувчилари ва импортчилар Ўзбекистонда пахта терим мавсумида болалар меҳнатидан фойдалангани важидан Ўзбекистон пахтасини сотиб олишни тўхтатиб қўйишлари мумкинлиги тўғрисидаги баёнот мавжуд.

Мазкур мактубни имзолаган тўртта уюшмалар АҚШ бозорида сотиладиган пахта толасидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 90 фоизини назорат қиладилар. Мактуб муаллифларига кўра, Ўзбекистонда етиштирилган пахтадан воз кечиш Марказий Осиёдаги бу мамлакатнинг экспорт даромадларининг сезиларли даражада пасайишига олиб келади. Шу билан бирга, Ўзбекистон пахтасининг бойкот қилинишига қўшилаётган компаниялар сони ортиб бормоқда.

Ўзбекистон пахтасини сотиб олишни тўхтатиш ҳақидаги чақириқ АҚШ давлат котиби Кондолиза Райсга, Британиянинг чакана савдо консорциумига (British Retail Consortium), Канада кийим федерациясига (Canadian Apparel Federation), Канада чакана савдо кенгашига (Retail Council of Canada), EuroCommerce, Ташқи савдо ассоциациясига (Foreign Trade Association) ва Европа кийим ва текстиль ташкилотига (EURATEX) ҳам юборилгани хабар берилганди.

Агентлигимизга маълум бўлишича, жорий йилнинг 11 августида Тошкентда баъзи ғарб давлатларининг элчихоналари, Халқаро меҳнат ташкилоти ва ЮНИСЕФ (Болаларга ёрдам фавқулодда халқаро жамғармаси) вакиллари иштирокида асосан Ўзбекистонда болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланишни муҳокама қилишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистоннинг Умум-савдо преференциялари тизимига кирувчи мамлакат мақомининг қайта кўриб чиқилиши имконияти ҳам кўрилиши мумкин эди.

ЭРТАК ЁЛҒОНМИ?

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига америка компанияларининг мурожаатномаси яқин кунлар ичида кўриб чиқиш учун президент Ислом Каримовга юборилишини маълум қилдилар.

Олдинроқ Ўзбекистон расмийлари болалар меҳнатидан мажбурий равишда фойдаланиш ҳоллари мавжудлигини қатъий тарзда инкор этиб келгандилар. Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар вазири Элёр Ғаниев 2008 йил май ойида Вашингтондаги Пахта бўйича Халқаро маслаҳат қўмитасининг (International Cotton Advisory Committee) офисидаги учрашув давомида Ўзбекистон ҳукуматига болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш бўйича қўйилган барча айбловларни ёлғон дея билдирганди.

Ўзбекистонда болалар меҳнатидан мажбурий равишда фойдаланиш ҳолларининг батафсил тафсилотларини ёритган халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоя ташкилотларининг ҳисоботларини қатъий рад этган Ғаниев барчани “ушбу масала бўйича конструктив диалогга” чақирди ҳамда ЮНИСЕФ ва бошқа халқаро ташкилотлар иштирокида давра суҳбати ўтказишга ваъда қилди.

Ғаниевга тан берса бўлади: у сўзининг устидан чиқди. Жорий йилнинг июль ойида унинг раислиги остида Тошкентда нуфузли ташкилотлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда республика Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза вазирлиги томонидан ишлаб чиқарилган Миллий ҳаракат режаси муҳокама этилди.

“Фарғона.Ру” маълумотига кўра, мазкур Миллий режа Ўзбекистон Адлия вазирлигида экспертиза текширувидан ўтиб бўлган. Ҳозирча бу ҳужжатни ҳеч ким кўрмагани ҳам рост, уни ҳали матбуотда эълон қилишганича йўқ.

АХБОРОТ МАЙДОНИДАГИ УРУШ

Пахта толасининг потенциал ҳаридорлари билан музокара бошлашга мажбур бўлган Ўзбекистон расмийлари чет эл матбуот воситаларида “тушунтирувчи” мақолаларни жойлаштириб, “ахборот урушини” давом этишда тўхтаганлари йўқ. Баъзи экспертларга кўра, бу каби PR-кампания Тошкентнинг бўлажак ялпи бойкотдан ташвишланаётганларидан дарак беради. Улар ҳақиқатдан ҳам экспортдан тушадиган даромадларга таҳдид бўлаётганидан хавотирга тушиб қолдилар.

“Мустақил” журналистлар номидан ёзилган бундай материалларда айтилишича, Ўзбекистон 2005 йилдан бошлаб пахта толасини сотишда Ливерпуль биржаси савдо майдончасидан фойдаланмай хом ашёни ҳаридорларга тўғрима-тўғри сота бошлаганидан бери ғарб компаниялари Ўзбекистонда болалар меҳнати каби муаммоларга эътиборини қарата бошлаганлар.

УЙДАГИ БИРЖА

Мамлакат ичкарисидаги омборлардан пахта маҳсулотларини сотиш европаликларга қараганда осиёлик ҳаридорларга, хусусан, Хитой, Бангладеш ва Жанубий Кореялик тўқимачилар учун қулайроқ. Пировардида, Ўзбекистон пахтасининг Европа бозорларидаги салмоғи 1998 йилдаги 47,3 фоздан 2005 йилга келиб 23 фоизгача тушиб кетди. Бунга Ғарбий Европада тўқимачилик соҳасининг стагнацияси ҳам туртки бўлган.
“Эксперт”, 2006 г.

“Ливерпуль биржасида пахта савдосидан “даромад” ортирувчи даллолларга бу нарсанинг ёқмаслигини англаш учун катта мутахассис бўлиш шарт эмас. Биржа атрофидаги корчалонлар ўз манфаатларини илгари суриб Ўзбекистондан пахта сотиб олишни тўхтатишга чақирмаяптиларми? Агар Ўзбекистон илгаригидек ўз маҳсулотини Ливерпуль биржаси орқали сотганида бу масалалар кўтарилган бўлмармиди?”, - дея савол беради шундай мақолалардан бирининг муаллифи.

“Дунё бўйича Ўзбекистон пахтасига талаб катта. Ҳамма ҳаридорлар ҳам ўз манфаатлари йўлида “мажбурий болалар меҳнати” дея аталувчи масаладан фойдаланувчи компанияларнинг ноғорасига ўйнамайди. Бунга бошқа мамлакатларда ҳам мисоллар бор”, - дея давом этади мақола муаллифи.

Сўнгги тезис анчагина беҳаё кўринишга эга бўлса ҳам асло асоссиз эмас. “Агар бутун Ғарб мамлакатлари Ўзбекистон пахтасини сотиб олишдан тийилсалар ҳам бизнинг “оқ олтин”га ҳаридор барибир топилади. Паст навдаги пахтани Россия сотиб олади ва техник матолар ишлаб чиқаради. Юқори сифатли пахтани Қозоғистон, Корея ва Япония сотиб олади”, - дейди ишонч ила номи ошкор бўлишини истамаган тошкентлик иқтисодчи эксперт.

КУРАШ ҲАЛИ ОЛДИНДА

Ўзбекистонлик вазир Элёр Ғаниев раислик қилган учрашувга Пахта бўйича Халқаро маслаҳат қўмитасининг вакилларини таклиф этмадилар. Аммо бу нуфузли ташкилот бундан бери Ўзбекистонда болалар меҳнати муаммосини муҳокама қилишга кенг кўламда киришмоқчи.

“Фарғона.Ру” ахборот агентлигига маълум бўлишича, Пахта бўйича Халқаро маслаҳат қўмитаси 2010 йилдаги 69-чи пленар мажлисини Ўзбекистонда ўтказмоқчи. Мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳамда пахтачиликнинг атроф муҳитга таъсири кун тартибининг марказий мавзуси бўлиб қолади.

Аммо ушбу чоралар Ўзбекистон пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланишни йўқ қилишга қанчалик ёрдам бериши ҳозирча номаълум. Де-юре, мамлакатда болалар ҳуқуқи атрофида юзага келган вазиятни идеал каби баҳолаш мумкин, аммо амалда эса бу соҳадаги аҳвол йил сайин ўзгараётгани йўқ.

Мақолани Мусофирбек Озод, Қурбан Нордонов ва Феруза Жоний тайёрладилар