14:54 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигининг тан олиниши борасида экспертларнинг шарҳи

29.08.2008 19:01 msk

Фарғона.Ру

Reuters © фотосуратидан лавҳа

Россия президентининг сешанба куни Жанубий Осетия ва Абхазиянинг мустақиллигини тан олиш борасидаги баёнотини турли мамлакатларнинг раҳбарлари ҳамда экспертлари шарҳлай бошладилар.

Кейинроқ Дмитрий Медведев Россиянинг Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини тан олиш тўғрисидаги қарори халқаро ҳуқуқ меъёрларига тўла мос келишини билдирди. У ўз вақтида Косово атрофида юзага келган вазиятни эслатди. Ўшанда Россиянинг ғарбдаги ҳамкорлари буни алоҳида ҳолат дея аташганди. “Тан олишнинг ҳар бир ҳолатини алоҳида ҳолат деб атаса бўлади. Косоводаги алоҳида ҳолат, Жанубий Осетия ва Абхазиядаги алоҳида ҳолат”, - дея таъкидлаб ўтди президент.

Бу воқеа Россия Федерациясининг ёки унинг қўшнилари яхлитлигига қандай таъсир кўрсатади? Қайси ҳолатни “алоҳида” ва қайси ҳолатни “одатий” деб аташ мумкин? Қандай сепаратизм қўллашга лойиқ? Нима муҳимроқ – миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқими ё у ёки бу мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигими? Бу саволлар Россия ва Марказий Осиёнинг етакчи экспертларига берилди

Марказий Осиё бўйича эксперт, “Время новостей” газетасининг шарҳловчиси Аркадий Дубнов: “Москва Жанубий Осетия ва Абхазияда юзага келган вазиятни машруълаштиришга қарор қилди. Россия ва Грузиянинг Жанубий Осетия ва Абхазия участкалари бўйлаб чегаралари анчадан бери Россия томонидан тан олинмай қўйилганди. Россия фуқароларининг Абхазияда дам олишлари, у ерга турли қўшинларнинг олиб кирилиши, аслида Россия ҳукумати тайинлаган Жанубий Осетиядаги қўғирчоқ ҳукумати, буларнинг бари де-факто бу чегараларнинг бузилмаслиги Москвада анчадан бери ҳеч ким тан олмай қўйганди”.

Экспертга кўра, “осетин-абхаз ҳодисаси” оқибатида Россияга фақат Шимолий Кавказда бўлгинчилик хавфи туғилиши мумкин, холос. “Шу билан бирга, Кремлнинг бугунги қароридан кейин бу каби хавфнинг кучайишига ишонмайман”, - деди Дубнов.

“Марказий Осиё мамлакатларининг ҳудудий яхлитлиги борасида ҳеч қандай хавф йўқ деб ўйлайман. Москва бундан бери ўз муаммоларини шу чоққача фақат битта давлат ҳал қилиб келган йўл билан ҳал қилишга қарор қилганини намойиш этди. Бу давлат – Америка Қўшма Штатлари. Бу ҳодиса Марказий Осиё мамлакатларини хавотирга солиб қўйиши мумкин. Бунга Россия ҳаракатларини бошқа мамлакатлар томонидан индамай қўлланмагани далил бўлади”, - дейди Дубнов.

* * *

Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг етакчи ходими, тарих фанлари доктори Александр Қодирбековга кўра, Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигининг тан олиниши Россиянинг ҳудудий яхлитлик тамойилидан воз кечишини англатмайди. Эксперт Россия ўз манфаатлари йўлида ҳаракат қилмоқда ва уни қўшалоқ стандартларда айблаб бўлмайди деб ҳисобламоқда.

Марказий Осиё давлатлари борасида сўз юритиб Қодирбеков бу мамлакатларнинг ҳудудий яхлитлигига таҳдидлар йўқ демоқда. “Ҳаммаси Россиянинг бу мамлакатлар билан муносабатига ҳамда бу мамлакатлар раҳбарлари ўз халқига нисбатан юргизаётган сиёсатига боғлиқ. Улар масъулият юкини ҳис этишлари ва субъектив омилларнинг давлатчилик учун инқирозли вазиятни юзага келтириши мумкинлигини унутмасликлари учун ёрқин дарс бўлди”.

Профессорга кўра, миллат ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи ва у ёки бу мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги масалаларини бир-бирига қарама-қарши қўйиш ножиз. “Улар гўёки бир-бирини истисно қилсаларда, аслида бир-бирларини тўлдирадилар, негаки ҳамма нарса конкрет ҳолатларга боғлиқ”.

* * *

“Газета” газетасининг махсус мухбири ва “Фарғона.Ру” АА эксперт кенгашининг аъзоси Санобар Шерматовага кўра, бу республикалар мустақиллигини тан олиш орқасидан Шимолий Кавказда ёппасига бўлгинчилик бошланиб кетишини англатмайди. Санобар Шерматова Марказий Осиёда сепаратизм муаммолари долзарб эмас деб ҳисоблайди.

Мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги ва миллатнинг ўз тақдирини белгилаш ҳуқуқи тамойилларининг иккови ҳам жуда муҳим, дейди Санобар Шерматова.

* * *

Марказий Осиё ва собиқ совет республикалари бўйича эксперт Фабрицио Виельмини (Турин, Италия) Жанубий Осетия ва Абхазиянинг Россия президенти томонидан тан олинишини “сиёсий реализм акти” дея атади. “Грузиянинг Осетияга қарши агрессиясидан кейин бу ҳудудларнинг Грузия таркибига қўшиш борасида орзу қилишга имконият ҳам қолмади. Бу ҳудудлар атрофидаги юридик вакуум ўн беш йил илгари юзага келган. Уларнинг мустақиллигини тан олиш билан Москва халқаро муносабатларда ўзининг янги позициясини рўйхатдан ўтказмоқда. Бу эндиликда Россия шубҳали халқаро кооперация манфаатлари учун ўз манфаатларидан воз кечмаслигини ҳамда АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан иғвогарликларига индамай турмаслигини кўрсатувчи бир сигнал, холос”.