15:42 msk, 26 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Қариялар уйида яшаш роҳат?

25.08.2008 16:54 msk

Умар Шарифов

Ўзбекистон ҳукуматининг ўн етти йил давомида авайлаб-асраб келаётган маҳфий сирларидан бири – ҳаёт кечиришнинг бир ойлик минимуми саналади. Республика оммавий ахборот воситалари нафақат бу сирни очишга ҳеч қачон уринмайдилар, балки “ҳаёт кечириш минимуми” ва “минимал истеъмол саватчаси” деган ибораларнинг мавжудлигини эслатишдан ҳам ўзларини олиб қочадилар. Аммо бари-бир цензура ғалвири орасидан онда-сонда ҳаёт кечириш минимумининг қайси даражадан пасайиб кетмаслиги лозимлиги ҳақида тасаввурга эга бўлиш имкониятини берувчи маълумотлар “сизиб” чиқиб қолади.

Ўзбекистон ҳукуматига қарашли “Правда Востока” газетаси 2006 йил сентябрь ойида “Қария тўла пансион таъминотида” деб аталувчи кичик хабарни “таҳририятга мактуб” рукни остида босиб чиқарганди. “Давлат таъминотидаги бир кишининг ҳозирги кундаги бир кеча-кундузлик рациони қандай?”, - дея сўраганди фарғоналик А.Иванова. Газета бунга жавобан республика Меҳнат ва аҳолининг ижтимоий муҳофазаси вазирлигининг расмий маълумотига таяниб, қариялар уйидаги бир суткалик овқатланиш рациони озиқ-овқатнинг йигирмата номларидан ташкил этилиши ва уларнинг таркибига қуйидаги маҳсулотлар киришини маълум қилганди:

Қора нон – 150 гр.

Оқ нон - 150 гр.

Гўшт - 100 гр.

Балиқ - 100 гр.

Ун - 20 гр.

Шакар - 60 гр.

Картошка - 400 гр.

Сабзавот - 650 гр.

Ҳўл мева - 270 гр.

Сут - 200 гр.

Сариёғ - 20 гр.

Қаймоқ - 15 гр.

Пишлоқ - 10 гр.

Қатиқ - 200 гр.

Творог - 50 гр.

Ўсимлик мойи - 25 гр.

Мол ёғи - 5 гр.

Крупа, дуккаклилар, макаронлар - 65 гр.

Мева шарбатлари - 100 гр.

Тухум - 0,3 дона.

Мақоладаги маълумотларга аниқлик киритилиб “маҳаллий ҳокимиятлар зарур бўлган тақдирда республика соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган жадвалга биноан бир ҳил кўринишдаги озуқаларни бошқаларига алмаштиришлари мумкинлиги, шунингдек, картошка ва крупа берилишини камайтириш ҳисобига нон бериш меъёрини кўтариши мумкинлиги” хабар қилинганди.

Энди юқорида келтирилган рўйхатдаги озиқ-овқатнинг бугунги нархлардан келиб чиққан ҳолда қанча туришини ҳисоблаб кўрсак. Қавс ичида Тошкент бозорларидаги 2008 йил август ойига келиб юзага келган ўртача нархлар кўрсатилган. Бир доллар 1320 сўмга тенг.

Қора нон – 150 гр. 214 сўм (350-граммлик нон 500 сўм).

Оқ нон - 150 гр. - 62,5 сўм (600-граммли нон 500 сўм, шунинг учун ҳам арзонроқ, 600-граммли нархи - 250 сўм бўлган нонни оламиз).

Гўшт - 100 гр. 765 сўм (бир килоси – 6.000-9.300 сўм).

Балиқ - 100 гр. 330 сўм (ёзда балиқ сотиш тақиқланган, шунинг учун баҳорги нархларни оламиз: 1.600-5.000 сўм).

Ун - 20 гр. 29 сўм (1.300-1.600 сўм).

Шакар - 60 гр. сўм (1.300 сўм).

Картошка - 400 гр. - 200 сўм (300-700 сўм).

Сабзавот - 650 гр. - 406 сўм (бодринг – 400-800, помидор - 500-800 сўм).

Ҳўл мева - 270 гр. 270 гр. - 324 сўм (олма – 400-2.000, узум – 900-1.500 сўм).

Сут - 200 гр. - 220 сўм (800-1.400 сўм).

Сариёғ - 20 гр. - 163 сўм (6.500-9.800 сўм).

Қаймоқ - 15 гр. - 97,5 сўм (6.000-7.000 сўм).

Пишлоқ - 10 гр. - 106,5 сўм (6.800-14.500 сўм).

Қатиқ - 200 гр. – 260 сўм (литри 1.000-1.600 сўм).

Творог - 50 гр. - 112,5 сўм (2.000-2.500 сўм).

Ўсимлик мойи - 25 гр. - 112,5 сўм (литри 3.800-5.200 сўм).

Мол ёғи - 5 гр. - 23,75 сўм (4.500-5.000 сўм).

Крупа, дуккаклилар, макаронлар - 65 гр. - 148,7 сўм (гуруч – 3.300-5.000, гречка 1.600-2.500, мош – 1.200-1.300, макарон – 1600-1800 сўм).

Мева шарбатлари - 100 гр. - 155 сўм (литри 1500-1.600 сўм).

Тухум - 0,3 дона - 64,5 сумов (донаси 200-230 сўм).

Келтирилган рақамларни жамлаб бир ой ичидаги кунларга кўпайтирамиз. Натижа: ой ўттиз кунлик бўлса бир кишига 116 минг 173 сўм ва ой ўттиз бир кунлик бўладиган бўлса – 120 минг 46 сўмлик озиқ-овқат кетар экан.

Бу меъёрларга қатъий тарзда амал қилинаётган бўлса, “эркинликда” яшаётган пенсионерлар қариялар уйида истиқомат қилаётганларга ҳавас қилишларига тўғри келади. Негаки, Ўзбекистонда қарилик пенсияси 41.330 сўмни ($30), меҳнатга лаёқатсиз кимсалар учун ва қарилик нафақаси эса ойига 25.030 сўмни ($18) ташкил этади.

Бу қариялар уйида фақат овқатланишга ажратилган маблағдан уч-тўрт баробар оз. Ўзбекистонлик пенсионер бир ойлик пулига ёки беш-олти кило гўшт ёки уч-олти кило пишлоқ, ё саккиз-ўн шиша ўсимлик мойи сотиб олишлари мумкин. Амалда эса бундан-да оз, негаки, қариялар уйларининг истиқоматчиларидан фарқли ўлароқ улар яна коммунал хизматлар ҳамда дори-дармон учун ҳам пул тўлашлари лозим.

Шунинг учун ҳам пенсионерлар нуқтаи назаридан олиб қараганда, мискинлар уйида истиқомат қилиш афзалга ўхшаб кўринса-да, бир ҳил озиқ-овқат маҳсулотларини бошқаси билан алмаштириш, яъни, мева ва шарбатларни камайтириш эвазига “молия меъёрларидан чиқмаган ҳолда” кундалик нон, картошка ва крупа беришни кўпайтириш имконияти кишини ўйлантириб қўяди, холос. Бунга яна қўшимча қилиб ошқовоқ дегинг келиб қолади, беҳос.

Омар Шарифов



 

Реклама