21:58 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Олий ўқув юртларида таълим учун тўлов пулининг юқорилиги сабабидан абитуриентлар ўқишдан воз кечмоқдалар

23.08.2008 08:08 msk

Мусофирбек Озод (Тошкент)

Жорий йилнинг 14 август куни Ўзбекистон олий ўқув юртларига кира олган 69 минг 105 нафар биринчи курс талабаларининг номи маълум бўлди. Уларнинг аксарияти пулли шартнома асосида ўқийдилар. “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги ахборот манбаларининг маълум қилишича, 1 август куни тест синовларидан муваффақиятли ўтган, аммо олий таълим муассасаларнинг бюджет бўлимига кира олмаган абитуриентларнинг кўпи таълим учун тўлов пулининг юқорилиги важидан институтларда ўқишдан воз кечмоқдалар. Боз устига, биринчи курс талабалари учун бепул ўқиш бекор қилинган экан.

“Фарғона.Ру” олдин хабар берганидек, 2008/2009 ўқув йилида Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги олий таълим муассасаларида шартнома асосида тўлов пулини эллик фоизга кўтаришга қарор қилганди.

“Фарғона.Ру” маълумотларига кўра, эндиликда ўқиш учун тўлов пули бир йилга бир миллион икки юз минг сўмдан ($916) бир миллион олти юз минг сўмгача ($1260) кўтарилади. Ўзбекистон аҳолиси учун бу жуда катта пул саналади. Шунинг учун ҳам ҳамма ҳам тўлов асосидаги ўқишдан фойдалана олмайди.


Халқаро иқтисод ва дипломатия университети қабул комиссиясининг биноси. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

“Фарғона.Ру” ахборот агентлигининг республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги ахборот манбасининг маълум қилишича, шартнома асосида таълим учун тўлов пулининг кескин равишда кўтарилишининг сабаби инфляциянинг юқорилиги ва “вазирлик ўз даромадларини кўпайтириш истаги” билан изоҳланади. Олдинлари ҳам тўлов пули йилига йигирма фоизгача кўтарилиб келганди. “Тўлов пулининг кўтарилиши профессор-ўқитувчилар маошларинининг кўтарилишига ва таълим бериш сифатининг ошишига олиб келмайди. Бундан фақат вазирлик раҳбарияти ютади, холос”, - дейди манба.

Ўзбекистондаги энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири саналувчи Халқаро иқтисод ва дипломатия университети қабул комиссиясидаги манбанинг маълум қилишича, шартнома асосида ўқишга кирган абитуриентларнинг кўпчилиги ўқишдан воз кечмоқдалар, негаки, улар бир милион тўрт эз эллик минг сўм (1.107 АҚШ доллари) шартнома пулини тўлашга қодир эмаслар. Университет ректорати ходимига кўра, ўқишдан воз кечган талабалар ўрнига билим савияси пастроқ бўлса ҳам керакли миқдордаги пулни тўлашга қодир абитуриентлар қабул қилинадилар.

Узбекские абитуриенты
Ўзбекистонлик абитуриентлар. UzA.Uz © фотосурати

“Фарғона.Ру” манбасига кўра, 2008/2009 ўқув йилида жорий йилнинг “Ёшлар йили” деб эълон қилиниши муносабати билан биринчи курс талабалари учун ўқишни бепул қилиш борасидаги режалар амалга ошмайдиган бўлди: “Бу чора кўрилмайдиган бўлди. Давлат учун ва вазирлик учун бундан фойда йўқ экан”.

Мусофирбек Озод