05:07 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Европа ва АҚШ ширкатлари Ўзбекистонда пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланишига қарши чиқмоқдалар

16.08.2008 07:42 msk

Financial Times

Американинг ва Англиянинг тўрт нафар импортчилар ва кийим-бош савдогарлари бирлашмаси Ўзбекистон пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши чиқдилар. Ўзларининг Ўзбекистон президентига мурожаатида улар пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланиш мутлақо мумкин эмас, дея билдирмоқдалар.

Англиянинг The Financial Times газетаси бугунги сонида маълум қилишича, Чакана савдо корхоналари миллий федерацияси (NRF), Чакана савдо етакчилари ассоциацияси (RILA), Америка кийим ва пойафзал ассоциацияси (AAFA) ва Тўқимачилик маҳсулотлари ва кийим-бош импортчилари ассоциациясининг (AITA) расмий мактуби жума куни Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасига топширилган.

Кийим-бош чакана савдогарларининг манфаатларини ҳимоя қилувчи тўртта энг йирик ташкилот ўзларининг Ўзбекистон президентига мурожаатида “пахта далаларида болалар меҳнатидан мажбурий тарзда фойдаланишни тўхтатиш бўйича қатъий ва шошилинч чоралар кўришга” чақирдилар. Мактубда ёзилишича, кийим-бош сотувчилари ўзларининг таъминотчиларини бундан кейин Ўзбекистондан пахта сотиб олмасликка чақирганлар.

The Financial Times Ўзбекистон Конституцияси томонидан болалар меҳнати тақиқланганини таъкидламоқда. Ўзбекистон ҳукумати эса болалар ихтиёрий равишда пахта теримига ёрдам бераётганларини қайтариб келмоқдалар. Газета, шунингдек, Ислом Каримовнинг авторитар режими ҳар қандай ўзга фикрлашни бостираётганини қайд этмоқда. Нашр 2005 йилда Андижонда махсус хизмат кучлари тинч намойишчиларга қарата ўт очганини ва натижада кўплаб одамларнинг ҳалок бўлганини эслатади.

Мавзу бўйича ишоратлар
- Uzbeks urged to end child labour - The Financial Times, 15.08.2008.

Мавзу бўйича сайтлар

- Чакана савдо корхоналари миллий федерацияси (NRF)
- Чакана савдо етакчилари ассоциацияси (RILA)
- Америка кийим ва пойафзал ассоциацияси (AAFA)
- Тўқимачилик маҳсулотлари ва кийим-бош импортчилари ассоциациясининг (AITA)

- Uzbeks urged to end child labour - The Financial Times, 15.08.2008.

Олдинроқ Ўзбекистон ҳукуматига ҳудди шундай илтимос билан Tesco, Marks & Spencer, Target и Gap чакана савдо тармоқлари мурожаат қилгандилар. Финляндиянинг энг йирик Marimekko ширкати 2007 йил ноябрь ойидан бошлаб Эстониянинг Kreenholm ширкати томонидан ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларини сотиб олишни тўхтатганди. Маrimekko ширкати эстониялик тўқимачилар ўзбек болалари терган пахтадан маҳсулот ишлаб чиқарганлар деган гумонда бўлди.

Расмий Тошкент ўз навбатида пахта далаларида болалар меҳнатидан мажбурий равишда фойдаланаётганини қатъий тарзда инкор қилиб келмоқда. Ўзбекистон расмийлари “Ўзбекистонга қарши авж олдирилаётган ахборот кампанияси ҳақиқатга мос келмаслигини ва аслида бу кампания негизида нохолис рақобат ва мамлакатга сийсий-иқтисодий босим ўтказиш ётганлигини” бир неча бор билдириб келди.

Ўзбекистон қонунчилиги ҳақиқатдан ҳам пахта далаларида ёки қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларида болалар меҳнатининг ҳар қандай шаклини тақиқлайди. Аммо маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда мустақил кузатувчилар ҳар йили куз кириб келиши билан минглаб мактаб ўқувчилари ва талабалар ҳамон илгаригидек мамлакат далаларига “фермерларга ёрдам бериш учун” олиб чиқилишини айтмоқдалар.

Хусусан, Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи томонидан ўтказилган тадқиқот давомида 2007 йилда Тошкент вилоятининг пахта экадиган туманларида баҳорги дала ишлари бошланиши билан мактаб болаларининг қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиниши аниқланди. 2007 йилнинг 5 сентябридан бошлаб барча ўрта мактабларнинг бешинчи синфдан юқори ўқвчилари оммавий равишда пахта теримига олиб чиқилган. Пахта экилмайдиган туманларда эса ўрта мактабларнинг, коллеж ва лицейларнинг юқори синф ўқувчилари пахта теримига олиб чиқилган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, болаларнинг пахта терими давомидаги иш куни 10-11 соатгача чўзилган. 2007 йил давомида бир килограмм терилган пахта учун 50-60 сўмдан тўланган. Кунлик пахта терим меъёрини бажарган ўқувчилар 2500 сўмгача ($1,7) олганлар.

The Financial Times маълумотига кўра, Ўзбекистон ҳар йили 800 минг тоннадан зиёд пахта толаси ишлаб чиқаради. Тахминий баҳоларга кўра, мамлакат ишлаб чиқарган толанинг учдан бир қисми Европага етказиб берилади.