05:52 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари Грузиядаги уруш борасида ҳамон жим

15.08.2008 17:15 msk

Умар Шарифов

Бутун дунёнинг эътибори Грузиядаги ҳарбий ҳаракатларга қаратилган бугунги кунда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари бу мавзуни шарҳлашдан ўзларини қатъий тарзда олиб қочишда давом этмоқдалар ҳамда Кавказда қўққисдан юзага келган жангавор ҳаракатларни ўз эътиборидан умуман четда қолдирмоқдалар. Каримов индамаяпти, республика ҳукумати ҳам индагани йўқ.

Ҳукумат ва парламентга қарашли “Народное слово” газетасининг 12 август куни чиққан сонида Россия ва Грузия ўртасидаги қуролли можаролар ҳақида ҳатто эсга ҳам олинмади. Ҳукуматга қарашли “Правда Востока” газетаси ўқувчиларига бу хабарни етказишни ўзига эп кўргани ҳам йўқ. Кўринишидан бу воқеанинг аҳамияти жуда паст бўлса керак. Аммо бу икки газета ўзининг биринчи саҳифасига “Президент Ислом Каримовнинг Пекиндаги учрашувлари” деган материални жойлаштирдилар. Газетада Ўзбекистоннинг абадий етакчиси улуғворлик ниқоби остида Жанубий Корея президенти Ли Мён Бакка илтифот ила қўлини сиқиб қўйиш учун узатаётганини намойиш этувчи фотосурати жойлаштирилган. Сиёсат ва иқтисод мавзусида ёзишга ижозат олган учта кундалик газеталардан бирортаси ҳам (зикр қилинган газеталардан ташқари “Халқ сўзи” ҳам бор) бўлиб ўтган воқеалар ҳақида бир оғиз ҳам сўз ёзмади.

Первая страница веб-сайта газеты Правда Востока
“Правда Востока” газетасининг веб-саҳифаси

Жангавор ҳаракатлар ҳақида фақат бир неча иккинчи даражали газеталар шунчалик қисқа маълумот бердиларки, гап нима ҳақида бораётганини билмаган одам бу хабарларни умуман тушунмасликлари мумкин. Албатта, бу газеталар ўз фикрларини билдира олмасликлари ҳам рост.

Масалан, 2,5 миллионли шаҳар ҳаётини ёритувчи “Вечерний Ташкент” газетаси “Оламда нима гап” рукнида Грузиядаги урушга бағишлаб иккита муъжаз материал берган. Биринчисида: “Владикавказга Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигига (ФВВ) қарашли учоғи дори-дармон ва иссиқ кийимлар келтирди. Бу ерга врачлар ҳам келдилар. РФ бош вазири В.Путин ҳам Владикавказда бўлиб қайтди”. Матнни ўқиган одам ФВВ учоғи Владикавказга нега келгани, шундан кейин Путиннинг ҳам нега келганини тушунмаслиги аниқ.

Иккинчи хабарда Грузия ва АҚШ талабига мувофиқ Нью-Йоркда БМТ Хавфсизлик Кенгашнинг шошилинч мажлиси бўлиб ўтгани ҳамда “грузин-осетин можароси ҳудудидаги вазиятни НАТО штаб-квартирасида муҳокама қилингани” ёзилган. Газета “уруш” сўзини умуман ишлатмаган.

Ўзбекистоннинг “ЎзА” Миллий ахборот агентлиги ҳам бўлаётган воқеалар ҳақида ҳеч қандай хабар бермаган. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги қошидаги “Жаҳон” ахборот агентлиги ҳам ўзини ҳудди шу тарзда тутган. Аммо иккала сайт ҳам ўша “Президент Ислом Каримовнинг Пекиндаги учрашувлари” мақоласини чоп этган. Аммо бу ерда фотосурат ўзгарган. Эндиликда ХХР раиси Ху Цзиньтаонинг қўлини сиқаётган Каримовнинг юзида улуғворлик илтифотидан асар ҳам қолмаган.

Первая страница веб-сайта информагентства Жахон при МИДе Узбекистана
Ўзбекистон ТИВ қошидаги “Жаҳон” ахборот агентлигининг веб-саҳифаси

Ҳар куни кечқурун Россия телевидениесининг дастурларидан кадрлар намойиш этаётган “Ахборот” янгиликлар дастури бўлаётган воқеа ҳақида россия ибораларини қўллаган ҳолда 12 август куни телетомошабинларини Кавказдаги можаро ҳақида хабардор қилди. “Цхинвали Россиянинг тинчлик ўрнатувчи кучлари назорати остида. Шаҳар деярли бутунлай вайрон қилинган, баъзи бир уйлар таг-туги билан бузилган, бутун-бутун даҳалар ёнғин остида қолган. Одамлар ертўлада яшириниб ўтиришга мажбурлар, сув ва озиқ-овқат захиралари ниҳоясига етиб қолган. Бугун Россия президенти Грузияни тинчликка ундовчи операцияни якунлашга қарор қилди”, - дейилади “Ахборот” лавҳасида. Матн шу, холос. Грузия томонига сўз берилгани йўқ.

Телетомошабинлар можаро нимадан чиққанини билганлари йўқ. Ўзбекистон фақат Россия томонининг фаразини тақдим этаётгани кўзга ташланмоқда.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари Грузия, Украина ва Қирғизистонда бахмал инқилоблари содир бўлган пайтда ҳам ҳудди шундай қилгандилар.

Кўринишидан, Грузиядаги уруш борасида расмийлар кимнинг ёнини олиш борасида ҳозирча бир қарорга келмаганларига ўхшамоқда. Каримов Пекинга Олимпиадага кетганидан фойдаланиб, воқеалар қай тарзда ривожланишини, МДҲ мамлакатлари президентлари ўзларини қандай тутишларини кутиб индамай ўтиришни афзал кўрганга ўхшамоқда. Каримов йўқлигида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳеч қандай баёнот билан чиқа олмайди.

Шунинг учун ҳам бахти қаро Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари юқоридан кўрсатма олмай туриб жим ўтиришга мажбурлар. Шу билан улар мамлакатда сўз эркинлиги борасидаги аҳвол қандай даражада эканлигини намойиш этмоқдалар.

Умар Шарифов