16:47 msk, 25 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Хитойнинг шими ва икки жуфт пайпоқ ёки Ўзбекистонга бож тўловисиз кенг истеъмол молларининг олиб киришнинг янги тартиби тўғрисида

14.08.2008 17:10 msk

Алексей Волосевич

Ўзбекистонда жорий йилнинг июль ойи охирида жисмоний шахслар томонидан мамлактга бож тўловисиз олиб кириладиган кенг истеъмол моллари миқдорининг меъёри икки баробарига, яъни 50 доллардан 25 долларгача туширилди. Бошқача қилиб айтганда, 21 июлдан бошлаб бир киши Ўзбекистонга ўзи учун илгаригидек 50 долларлик эмас, балки 25 долларлик товарни бож тўловларисиз олиб кира олади. Масалан, арзон жинси шим, бир-иккита кўйлак ва бир-икки жуфт пайпоқ. Бу меъёрдан юқори бўлган моллар учун бож тўловлари, акциз солиқлари, қўшимча қиймат солиғи тўлиқ ҳолда тўланади. Яъни, чет элда олинган моллар учун камида яна шунча пул тўлайсиз.

“Фарғона.Ру” АА маълумотномаси: Россия фуқароларига бир ойда фақат бир марта чегарадан чет элда сотиб олинган 35 килограмм юкни бож тўловларисиз ўтказиш мумкин. Юкнинг умумий қиймати 65 минг рублдан (2,5 минг доллар) ошмаслиги лозим.

Хитой фуқаролари бож тўловларисиз мамлакатга 400 доллар қийматга эга бўлган товар олиб кира оладилар, холос.

Европалик туристларнинг ватанига бож тўловларисиз олиб кира оладиган товарлар меъёри киши бошига 430 долларни ташкил этади ва бу тартиб “учинчи дунё мамлакатлари” учунгина киритилган. Европа Иттифоқи ҳудуди ичида жисмоний шахслар чекланмаган миқдордаги товарларни олиб юра оладилар.

Янги тартиб Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг қўшма қарори билан киритилган.

Ҳужжатга Ўзбекистон ҳукуматининг уч нафар олий мартабали мулозимлари имзо чекканлари билан бу ҳақда бирорта ҳам Ўзбекистон оммавий ахборот воситаси хабар беришга ботина олмади. Нега?

Буни тушуниш учун 2002 йилга қайтиш лозим. Ўшанда ҳукуматнинг доно сиёсати туфайли ўн минглаб одамлар савдодан зўравонлик билан суриб чиқарилди. Ушбу кампания оқибатида мамлакат иқтисодиётида кичик ва ўрта бизнеснинг сезиларли қисми хонавайрон бўлди, инвесторлар ва тадбиркорлар оммавий равишда мамлакатни тарк эта бошладилар. Аммо Каримовга яқин бўлган унчалик катта бўлмаган гуруҳ улкан дароамд ола бошлади.

Рынки юга Кыргызстана заполнены разнообразными товарами китайского производства
Қирғизистон жанубидаги бозорлар турли хитой молларига тўлиб-тошиб кетган

Эслатиб ўтамиз, 2002 йилда Каримов бошқараётган ҳукумат кутилмаганда импорт билан шуғулланувчи хусусий-тадбиркор учун ҳаддан зиёд юқори бож тўловларини белгилаб, иложи борича бозор савдосини чеклай бошлади. Бунинг сабаби ҳақида ҳеч қачон ошкорасига гапирилмаган, аммо бу чоралардан мақсад қора бозордан валюта сотиб олувчи тижоратчилар сонини камайтириш ҳисобига долларнинг конвертациясини осонлаштириш учун қилинган деган тахминлар пайдо бўлганди. Ахир ўшанда ҳукуматнинг Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) билан келишувга кўра, долларнинг расмий курси билан қора бозордаги курси ўртасидаги тафовутнинг йўқ қилинишига эришиш лозим эди.

Бунинг учун икки йўл мавжуд эди: сунъий тарзда ушлаб турилган расмий курсни эркин қўйиб юбориш ёки маъмурий босим йўли билан “қора бозор” нархини тушириш. Ҳукумат иккинчи йўлни танлади ва импорт билан шуғулланувчи хусусий тадбиркорларга ялпи ҳужум бошланди. Ахир уларнинг товар айланмаси қанчалик кам бўлса қора бозордаги долларга талаб ҳам камаяди, демак, ХВЖга ваъда қилинган долларнинг ягона курсига эришиш учун йўл қисқаради.

Импорт билан шуғулланувчи тадбиркорларга озиқ-овқат бўлмаган маҳсулотлар импортига 90 фоиз ва буғдой унидан ташқари озиқ-овқат маҳсулотларига 50 фоизлик бож тўловлари белгиланди. Шу билан бирга, янги қоида олдин келтирилган товарларга ҳам таъсир этиши кўрсатилди. Мамлакатда ёппасига мусодара қилишлар бошланди (С.Ежовнинг “Қўпорувчилик ёки ёмон вақтнинг қайтиши” деган мақоласини кўринг. “Фарғона.Ру”, 2003 йил). Норасмий кўрсатмаларга мувофиқ, солиқчилар милиция кўмагида товарларни мусодара қилиб, уларни махсус дўконлар орқали сота бошладилар. Ўшанда Интернет орқали давлат раҳбарларининг мусодаралар бўйича режалар белгилаб бераётгани ҳақида ахборот пайдо бўлганди. Юқоридан келган кўрсатмаларга мувофиқ маҳаллий ҳокимият вакиллари маълум муддат давомида белгиланган миқдорда товар мусодара қилиб давлат бюджетига ўтказишлари керак эди. Қанчадан-қанча одамларни юрак хуружлари, инсульт ва инфарктлар юмалатиб қўйди, қанчадан-қанча оилаларнинг бошидан фожеалар кечди, бунинг ҳисобига етиб бўлмаса керак...

Шу пайтнинг ўзида расмийлар буюм бозорларининг аксариятини “реконструкция” қилиш учун ёпиб қўйдилар. Натижада ҳукумат истаганидек, савдо расталаридаги ўринлар миқдори бир неча баробарига камайди (кейинчалик бозорлар қайта очилди, аммо улардаги савдо ўринлари 4-5 баробарига қисқарганди).

Пировардида, нарх-наво бир ярим-икки баробарига кўтарилиб кетди, сотувчи ва ҳаридорлар даромадлари эса тушиб кетди. Янги шаклланаётган, сони унчалик кўп бўлмаган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қатлами ҳам импорт ҳисобига келтирилаётган хом ашёнинг қимматлагани, улар ишлаб чиқарган маҳсулотларни сотувчи савдо расталари камайгани важидан жабрланиб қолдилар.

Бир неча ой давомида Ўзбекистоннинг савдо сектори 5-6 баробарига қисқарди; ўн минглаб одамлар ва уларнинг оилалари тирикчилик манбаларидан маҳрум бўлдилар.

Шу билан бирга, йирик импортчилар учун бу чеклашлар жорий қилинмади. Якка тартибдаги хусусий тадбиркорлар учун ягона божхона тўлови 90 ва 50 фоиз қилиб белгиланган бўлса, юридик шахслар учун озиқ-овқат бўлмаган товарларнинг импорти учун тўлов бор-йўғи 30 фоиз қилиб белгиланди, холос.

Халқаро валюта жамғармасининг миссияси 2002 йилда Ўзбекистонга келиб бу чораларани қатъий танқид остига олди ва уларни бекор қилишга чақирди. Ўзбекистон расмийлари танқидга жавобан бож тўловларини 23 сентябрдан бошлаб хусусий тадбиркорларга 70 ва 40 фоизга, юридик шахсларга эса 20 фоизга туширди. Мутлақ рақамлар туширилгани билан уларнинг ўртасидаги тафовут 3 баробардан 3,5 баробаригача фарқ қила бошлади. Бунинг сабабини на президент Каримов ва на унинг яқинлари изоҳлаб бермадилар.

Кейинроқ эса ҳукумат ўйлай-ўйлай юридик шахслар учун ягона бож тўловини 10 фоизгача туширди. Кейин яна ўйлаб кўрдида, бутунлайига бекор қилди. Якка тадбиркорлар ёппасига юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтмасликлари учун эса уларнинг йўлига қудратли тўсиқ қўйилди: ҳукумат қарори билан 2002 йил 1 декабридан бошлаб импорт моллари билан улгуржи савдо қилувчи тижоратчилар ўзларининг хусусий омборларига ва жиҳозларига ҳамда минимал иш ҳақининг 6000 баробарига тенг бўлган низомдаги капиталга эга бўлишлари керак эди. Шундай қилиб импорт билан шуғулланувчи ширкатлар якка тартибдаги тижоратчи савдогарлардан ҳимояланиб қолдилар.

Аммо ҳукумат шунда ҳам тинчланмади. Каримовнинг ҳукумати 2003 йил 1 январидан бошлаб ўзининг қарори билан якка тартибдаги хусусий тадбиркорларга улгуржи савдо билан шуғулланишни тақиқлаб қўйди. Каримов яна ҳеч нарсани изоҳлаб бермади.

Бир неча ой ўтиб эса Каримов ўзининг 2003 йил 4 февраль кунги фармони билан улгуржи савдо корхоналарини қўшимча қиймат солиғидан озод қилди. Шундай қилиб, ҳукуматнинг савдони чеклашга қаратилган барча қарорлари ажиб тарзда товарларнинг импортига қарши эмас, балки жисмоний шахсларнинг импорт билан шуғулланишига қарши бўлиб қолди. Назорат идоралари ва куч ишлатар тузилмалари кўмагида ҳукумат очиқчасига йирик импортчи ширкатлар ёнини олди ва амалда уларнинг рақобатчилари бўлмиш оддий хусусий тадбиркорларни репрессия қилди. Аввали бошидан бу қарорлар валюта курсини унификация қилишга қаратилганди. Аммо, оқибати Ўзбекистонда улгуржи савдо ва импорт фаолияти мамлакат раҳбариятига яқин бўлган бир неча шахс томонидан монополиялашди.

Ўзбекистонда савдо соҳасининг қайта шаклланиши кутилмаганда ҳаётнинг бошқа соҳаларига ҳам таъсир этди. Саноқли ойлар ичида даромадлар илгариги даражада қолган ҳолда, саноат моллари ва озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи икки баробарига ошиб кетди. Одамлар арзон мол олиш илинжида қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон бозорларига қараб йўл олдилар. Бир кунини бозорга бағишлаган оила қишги мавсумга кийим-бош ва пойафзал олиш имкониятига эга бўлди. Ҳолбуки, бу нарсаларни олиш учун Ўзбекистонда икки баробарига кўпроқ пул сарфлаш керак бўларди. Тижоратчилар ҳам кунигачет элга чиқиб сумкаларини тўлдириб товар олиб кела бошладилар. Тез кунлар ичида Тошкентдан кунига ўн минглаб, дам олиш кунлари эса 50 мингдан 100 минггача одам Чимкентга қатнай бошлади. “Президентингизга олтиндан ҳайкал қўйса арзийди”, - дейишарди чимкентлик савдогарлар қўлларини ишқаб.

Қимматбаҳо валютанинг ташқарига оқиб кета бошлаганини тушуниб етган расмийлар зудлик билан қарор чиқариб, мамлакатга бож тўловларисиз олиб кириладиган товарлар миқдорини 50 доллар билан чеклаб қўйдилар. Аммо бу ҳам ёрдам бермади: тижоратчилар товар партиясини божхона ёнига келтириб бир неча марта юриб Ўзбекистон томонига ўтказа бошладилар. Шунда расмийлар радикал чоралар кўра бошладилар: Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан чегаралари бир соатнинг ичида ҳеч қандай изоҳларсиз ёпилди.

Қисқа муддат ичида Қозоғистон ва Қирғизистон чегараси бўйлаб 16 қаторли тиканли сим тўсиқлари тикланди. Шошилинч равишда мустаҳкамланаётган чегара бўйлаб жойлашган уйларни гўёки уларнинг эгалари контрабандага кўмаклашаётгани баҳонаси билан навбатма-навбат буза бошладилар. Бу уйларнинг эгаларига муносиб товон пули шу чоққача тўлангани йўқ. Қўшни республикаларга олиб борувчи йўлларнинг кўпи тўсиб қўйилди, масалан, Қирғизистон билан чегарадош Қорасув шаҳри ўртасини кесиб ўтувчи Шаҳрихонсой устидаги кўприкни бузиб ташладилар.

Аммо расмийлар учун қўшни давлатлар билан чегараларнинг ёпилиши етарли бўлмаганга ўхшаб кўринди. Шунинг учун ҳам улар хусусий савдо бизнесига дазмол босишда давом этдилар. Ҳукумат қарори билан 2004 йилдан бошлаб Ўзбекистон бозорларида импорт товарларни чет элдан шу молларни шахсан ўзи олиб келган одамларга сотишга ижозат берилди, холос. Шунадай қилиб улгуржи бозорларидан мол олиб сотувчи тижоратчилар ва ёлланиб ишлайдиган сотувчилар бозорларда савдо қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлдилар. Бу қарорнинг кучга кириши Қўқон, Бухоро ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида оммавий ғалаёнларнинг бошланишига олиб келди. Қўқонда ғазабланган оламон милициянинг иккита машинасини ёндириб юборди ва солиқ назоратининг биносини вайрон қилиб ташлади. Ўшандан бери расмийлар қўқонликларни тинч қўйдилар ва ўзлари чиқарган қарорнинг барча бандларини бажаришни талаб қилмай қўйдилар.

Хусусий савдо бизнесини хонавайрон қилишга қаратилган ҳукуматнинг барча ҳаракатларини узоқ ўтириб санаш мумкин. Аммо Ўзбекистонда содир бўлаётган воқелар негизида юқорида эслатиб ўтилган гуруҳнинг (мустақил ОАВ бу борада Гулнора Каримова, Рустам Иноятов, Мираброр Усманов ва бошқаларнинг номини келтирмоқда) ўз назорати остига олган импорт монополиясининг барқарорлигига футур етказувчи жисмоний шахслар томонидан амалга оширилаётган импортига қарши қатъий кураш бораётганини англаш учун юқорида келтирган мисолларим етарли бўлса керак деб ўйлайман. Ушбу гуруҳнинг ҳаракати туфайли Ўзбекистондаги нарх-наво Москвадаги нархларга етиб қолди. Ҳолбуки, республика аҳолисининг даромади у ерга нисбатан 10 баробар паст. Бошқача қилиб айтганда, замонавий Ўзбекистон бугунги кунда қаттиқ қўриқланаётган қамоқ зонасига ўхшаб қолган. Бу ерда фақат битта дўкон ишлайди ва маҳбуслар фақат шу ерда пулларини товарга айлантиришлари мумкин. Фақат бу дўконда нарх зона ташқарисига қараганда икки баробар қиммат. Шунинг учун ҳам июль ойи охирида бож тўловларисиз олиб кириладиган товар миқдорининг икки баробарига пасайтирилиши ўша шахслар гуруҳини бойитишга қаратилган дея оламиз.

Алексей Волосевич



 

Реклама