16:03 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Бепул тиббий хизмат ўлдими?

13.08.2008 11:17 msk

муштарий мактуби

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, ҳар бир фуқаро малакали бепул тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Аммо аслида иш бошқача тус олган. Фарғона водийсида тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида ишларнинг қай аҳволда эканлиги ҳақида ёритилаётган муаммога бевосита алоқаси бор бўлган ихтиёрий мухбиримиз сўзлаб берди.

* * *

Ўзбекистоннинг барча вилоятларида Шошилинч тиббий ёрдам марказлари (ШТЁМ) тузилган. Белгиланган тартибга кўра, улар етти кун давомида ўзларига мурожаат қилган беморларга бепул ёрдам кўрсатишлари лозим. Беморга шошилинч ёрдам бериб, унинг аҳволини барқарорлаштирганидан кейингина бошқа даволаш муассасига жўнатилади. Агар бемор ўзи ҳаракатлана олмаса уни “Тез ёрдам” машинасида элтиб қўядилар. Аммо бу хизмат учун энди пул тўлаш керак бўлади.

Аслида эса аввали бошидан, 2004-2005 йилларгача ШТЁМлар бепул ёрдам кўрсатганлар. Шундан кейин эса уларнинг ходимлари беморлардан пул талаб қила бошлаганлар. “Агар тўламасангиз ўладиган аҳволга тушсангиз ҳам ҳеч ким сизга қарамайди”, - дея беморларга таҳдид эта бошладилар шифокорлар. Шунинг учун ҳам баъзи маълумотларга кўра, Фарғона водийсидаги бундай марказларда беморлар орасида ўлим даражаси энг юқори.

Шу билан бирга, ШТЁМ тизимида юқори малакали шифокорлар ишламоқда, уларнинг ойлик иш маошлари бошқа даволаш муассасаларида ишлаётган ҳамкасбларига нисбатан анча фарқ қилади ва 150-250 долларни ташкил этади. Бу Ўзбекистон учун жуда яхши саналади.

Айни пайтда Фарғона водийсида деярли барча тиббий хизмат пуллик бўлиб қолган. Аҳолининг баъзи қатламлари учун имтиёзлар сақланиб қолгани ҳам рост. Буларнинг қаторига ўспиринлар, ҳомиладор аёллар, пенсионерлар, “афғончи” жангчилар, “чернобилчилар” ва ногиронлар кирадилар. Шу билан бирга, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган ўта оғир касалликлар рўйхати мавжуд. Бу дардларга чалинган беморларга ҳам бепул ёрдам бериш кўзда тутилган. Аммо бу тартиб ҳам амалда қоғозда қолиб кетган. “Нақд” пул билан кирмаган беморни шифокор “сизни бошқа дўхтир кўриши керак, мен бундай касални даволамайман”, - дея овора қилади холос.

Бемор давлат касалхонасида даволаниши учун икки марта пул тўлашига тўғри келади: биринчисида давлат кассасига бир-икки доллар миқдорда ва врачнинг кўнглини олиш учун уч-тўрт доллар. Шундан кейин шифокорнинг тавсиясига биноан турли анализ ва муолажалар учун 0,5 доллардан 10 долларгача пул тўлашига тўғри келади.

Жарроҳлик амалиёти учун нарх-наво жиддийроқ. Ҳар қандай операция учун жарроҳ ва унинг командаси учун ҳақ тўлаш лозим. Унчалик мураккаб бўлмаган операциянинг нархи 50-150 доллар. Бу Россия ёки Қозоғистонга қараганда анча кам, аммо Фарғона водийсидаги турмуш даражасини ҳам унутмаслик керак. Бундай пулни водий аҳолисининг ярми ҳам тўлашга қодир эмас.

Хусусий клиникаларда даволаниш ундан ҳам қимматга тушади. Бундайлар ҳозир Фарғона водийсида ўттиздан зиёд. Маҳаллий қонунчиликка кўра, врачлигини тасдиқловчи дипломни кўрсатиб, солиқларни вақтида тўлаб лицензияни олса бўлди, бемалол хусусий амалиёт, тижорат медицинаси билан шуғулланиш мумкин. Хизмат ҳақини эса ўзи белгилайди.

Фарғона водийси тез ёрдам масканларинг фаолиятини ҳам қайд этиш жоиз. Уларнинг ишида ҳам анча камчиликлар мавжуд. Биринчидан, тез ёрдам машиналари ёки совет ўтмишдан қолган эски РАФ ёки новчароқ беморни ётқизадиган бўлсангиз оёғи сиғмай қоладиган “Дамас” русумли машиналаридан иборат.

Иккинчидан, чақирилган машина қирқ дақиқадан бир соатгача бўлган муддатда етиб келади, қишлоқ жойларида эса икки-уч соатсиз иш битмайди. Шу билан бирга, бемордан албатта бензин ҳақини талаб қилиб олишади, акс ҳолда кейинги сафар чақирилганда бу манзилга умуман бормай қўйишлари мумкин.

Фарғона водийси соғлиқни сақлаш тармоғдаги энг катта муаммо – малакали кадрларнинг етишмаслигида. 1991 йилдан бошлаб малакали мутахассислар узоқ хориж давлатларига: Исроил, АҚШ, ГФР ва Шарқий Европа мамлакатларига кета бошладилар. Тўқсонинчи йиллар охирида врачлар Россияга, 2003 йилдан кейин Қозоғистонга, 2006 йилдан кейин эса 3-5 йилга шартнома тузиб Туркия, Миср, Бирлашган Араб амирлигига кета бошладилар. Бу мамлакатларда ўзбекистонлик врачларни қадрлашади.

Чет элларда маълумотини тасдиқлай олмаган врачлар касбларини ўзгартириб, такси ҳайдовчиси, сантехник, қўриқчи, ошпаз бўлиб ишга кирмоқдалар. Улардан деярли ҳеч ким мамлакатни тарк этганига афсусланаётгани йўқ.

Замонавий медицина жиҳозлари ҳақида сўз юритганда Ўзбекистон ҳукуматига тан бермай бўлмайди. Уларни сотиб олиш учун каттагина маблағлар ажратилмоқда. Аммо Хўжаобод, Риштон, Бўз, Шаҳрихонда ўрнатилган қимматбаҳо жиҳозлар чанг босиб ётибди. Уларда ишлаш учун маҳаллий врачларнинг малакаси етишмайди. Чет эл қаерда, ҳатто Тошкентга бориб малакасини ошириб келиш учун врачларнинг пули йўқ. Бу эса давлатнинг юз минглаб пулларни шамолга учириб юборган билан баробар.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дори-дармон таъмитога “қониқарли” баҳо қўйиш мумкин. Республикада фармацевтика заводлари ишлаганидан ташқари, мамлакатга катта миқдорда Россияда ишлаб чиқарилган дорилар келтирилмоқда. Қатиъятлик билан қўлланаётган солиқ ва божхона сиёсати важидан Фарғона водийсида сохта ва муддати ўтган дориларни тарқатиш амалиёти деярли йўққа чиқарилган.

2005-2006 йилдан бошлаб Фарғона водийси дори-дармон бозорига чет эллик фармацевтларнинг кириб келишга уринишлари фаоллашиб қолди. Улар ўзлари ишлаб чиқарган услублар билан ҳаракат қилиб, ҳудудда эгаллаётган ўринларини мустаҳкамлашга эришмоқдалар. Аввалам бор улар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг раҳбар ходимларини пора эвазига ўзларига оғдирмоқдалар ва ўзларининг компанияларини кенг кўламда реклама қилмоқдалар. Улар аптекалардан ташқари бевосита врачларнинг ўзлари билан ҳам ишламоқдалар ва уларга турли совғалар, бепул блокнот, ручка, ҳамён, тиш чўткалари, врач халатлари, чет элга бир ҳафталик дам олишга путёвкалар беришлар билан рағбатлантирмоқдалар. Врачлар кунига беморларга компаниянинг дорилари ёзиб берилган рецептлари тўғрисидаги рўйхатларни тузадилар ва ҳар бир сотилган доридан ўз улушларини оладилар.

Бугунги кунда водийда бундай диллерлик фаолияти билан шуғулланмаётган врачни топиб бўлмаса керак. Бундай фармацевтика ширкатлари ишлаб чиқарган дориларнинг нархи 15-45 доллар, бу эса маҳаллий аҳоли учун жуда қиммат саналади.

Шунинг учун ҳам бемор қайга бориб даволанишга ўйланиб қолади: дипломли врач ишлаётган касалхонагами ёки турли шифобахш доривор ўсимликлар билан арзонроқ нархда даволовчи табиб олдигами.