14:38 msk, 17 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкентда Халқлар дўстлиги қолмади

07.08.2008 19:33 msk

Фарғона.Ру

Кеча, 6 август куни Ўзбекистон Мустақиллиги байрами арафасида Тошкентдаги “Халқлар Дўстлиги” метро станциясининг номини ўзгартирдилар. Энди станциянинг номи “Бунёдкор” дея аталмоқда.

“Станция номини ўзгартириш борасида кўрсатма кеча “юқори”дан келиб тушди. Истайсанми – истамайсанми, бажаришга мажбурсан. Нимаям қила олардик”, - дейди станция ходимлари.

Кўринишидан бу нарсани амалга ошириш учун уларга оз вақт бердилар: станция ичида янги ёзувлар шошилинч тарзда амалга оширилди, ҳарфлар турли катталикда, баъзи ҳарфлар эса умуман етишмайди. Баъзилари шошилиб ёпиштирилганидан тушиб кетган. Станцияга олиб кирувчи йўлакларнинг барчасида ҳам янги ёзувлар битгани йўқлиги учун ҳаммаям бу станциянинг номи нималигини билавермаяпти.

Йўловчилар учун радио орқали “Бунёдкор” сўзи эълон қилинганида бошқа дикторнинг овози ажралиб турибди.

“Халқлар Дўстлиги” метро станцияси 1977 йилнинг 7 ноябрь куни очилган. Унинг меъморлари М.Галеева, В.Муратов, У.Раҳимов. 90-чи йиллар ўртасигача станция деворларини СССР ва иттифоқдош республикаларнинг мисдан ясалган катта герблари безаб турган.

Метрога ёндашган Халқлар Дўстлиги майдонида 70-чи йилларда Улуғ Ватан уруши даврида ўн беш нафар етим болани асраб олган темирчи Шомаҳмудов оиласига ёдгорлик ўрнатилганди.

Ёдгорликни олиб ташлаб ўрнини гулзор қилишганига ҳам анча бўлиб қолди.

Была Дружба народов - стала Творец
“Халқлар Дўстлиги” метро станциясини “Бунёдкор”га ўзгартирдилар

Ўша пайтнинг ўзида Халқлар Дўстлиги майдонини ҳамда Халқлар Дўстлиги саройининг номлари ҳам ўзгартирилганди. Ҳозир уларнинг номи “Истиқлол”, ҳолбуки, Тошкентда “Мустақиллик” дея аталуви майдон олдин ҳам бор эди. Тошкентда “Истиқлол” кўчаси ҳам бор, олдин уни Пушкин кўчаси деб аташарди.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, Халқлар Дўстлиги ёдгорлигининг бузилиши ҳамда майдон ва метро станциясининг номини ўзгартириш шахсан Ислом Каримовнинг ташаббуси билан амалга оширилмоқда. Тошкентликлар гап қайси “Бунёдкор” ҳақида кетаётгани борасида аллақачон тушуниб етганлар. Ўзбекистонда мана ўн саккиз йил бўлибдики, Ислом Каримов бош бунёдкорликка даъвогар бўлиб келмоқда.