06:10 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Андижон Давлат тиббиёт институти клиник шифохонасида Фарғона водийсида биринчи марта очиқ усулда юрак операцияси ўтказилди

30.09.2005 10:42 msk

Муҳсина Ҳамидова, Андижон

Юрак-томир касалликлари инсоннинг ҳаётдан барвақт кўз юмишининг сабабларидан бири бўлиб ҳисобланади. Бу хасталик Марказий Осиёда Европага нисбатан 2,7 маротаба ортиқроқдир. Республика ихтисослаштирилган кардиология марказидан олинган маълумотларга кўра, республикада юрак-томир хасталиги билан оғриган беморлар орасида ёшлар кўпчиликни ташкил қилади.

Андижон Давлат тиббиёт институти клиник шифохонаси юрак - қон-томир жарроҳлиги бўлимининг шифокорлари Фарғона водийсида биринчи марта очиқ усулда юрак операциясини ўтказдилар. Жарроҳлик амалиёти академик Воҳидов номли республика ихтисослашган хирургия маркази профессори Ҳамидулла Абдумажидов бошлиқ кардиожарроҳлар раҳбарлигида амалга оширилди. Беморнинг юрак фаолияти тўхтатилиб, сунъий қон айланиш аппарати ишга солинди. Амалиёт олти соат давом этди.

Муваффақиятли ўтган биринчи жарроҳлик амалиётидан сўнг андижонлик навқирон ёшдаги Шоҳида Муҳаммаджонова туғма юрак хасталигидан халос бўлди.

- Юрагим оғрир, касалликдан қийналардим, - дейди Шоҳида Муҳаммаджонова. - Толиқиб қолардим. Кўзларимга дунё тор кўриниб кетарди. Мана, худо хоҳласа, дарддан фориғ булдим. Соғлигим тикланаётганидан ота-онам, қадрдонларим ҳам хурсанд. Ўзимни ҳеч қачон бугунгидек соғлом ҳис қилган эмасман!

- Қизча дунёга келганидаёқ, юракнинг ички деворида битмай қолган қисми, яъни нуқсон бўлган, - дея касаллик тарихини шарҳлади кардиожарроҳ Абдуносир Турғунов. - Амалиёт давомида ўша нуқсон бартараф этилди. Юрак қайтадан ҳаракатга келди. Бемор дарддан тўла-тўкис халос бўлди. Бир сўз билан айтганда, ҳаётга қайтди.

Юрак - қон-томир жарроҳлиги бўлими бошлиғи Адҳамжон Қосимовнинг айтишига қараганда, бу операция Андижонда юрак хасталиги билан курашиш йулидаги энг катта қадамдир. Яқин кунларда яна иккита шундай жарроҳлик амалиёти ўтказилиши мўлжалланмоқда.