12:32 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

HRW ташкилотининг Тошкентдаги вакили Ўзбекистон томонидан расман рад жавобини олганича йўқ

07.08.2008 18:33 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистон расмийлари 2008 йил июль ойида Human Rights Watch вакили Игорь Воронцовга аккредитация бермасликка қарор қилдилар ва унга мамлакатга киришини тақиқладилар. Шундай қилиб, HRW ижроя директори Кеннет Ротнинг Тошкентга июль бошида бўлиб ўтган сафари давомида ўзбек расмийларини Воронцовнинг Тошкентда ишлашига кўндиришга бўлган уринишлари зое кетди. Ўзбекистонлик расмийлар HRW ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини рус бўлмаган киши бошқарса яхши бўлар эди, дея таклиф этишди.

Ўзбекистонлик расмий лар нега Воронцовга аккредитация беришдан бош тортганлари ва мамлакатга қайтишни нега тақиқлаганлари ҳамда HRW офиси Ўзбекистонда ишлашни давом этадими ёки йўқми, бу ҳақда Игорь Воронцовнинг ўзи “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига сўзлаб берди.

Фарғона.Ру: - Human Rights Watch матбуот варақчасида Ўзбекистон расмийлари Сизнинг мамлакатга қайтишингизни тақиқлагани ёзилган. Сизга қачон аккредитация беришдан узил-кесил воз кечдилар?

- Ўзини таништиришдан бош тортган Ўзбекистон ТИВ вакили 19 июль куни телефон қилди ва менинг қаердалигимни ҳамда Ўзбекистонга қайтишни режалаштираётганим ҳақида сўради. Мен албатта режадаги хизмат сафарларим ва отпускадан кейин Ўзбекистонга қайтишни режалаштираётганимни айтдим. Шунда у менга 408-чи қарорга асосан менга Ўзбекистонга киришим тақиқлангани ҳақида билдирди.

Биз ёзма равишда Ўзбекистон ТИВдан изоҳ талаб қилдик ва ҳозирча жавоб олганимиз йўқ. Биз дам олиш куни (шанба куни) қандайдир номаълум шахс томонидан берилган телефонограммага расмий мақом бермоқчи эмасмиз.

Фарғона.Ру: - Ўзбекистонга киришингиз нега тақиқланмоқда?

- Телефонда ҳеч қандай сабаблар айтилмаган, фақат қандайдир 408-чи қарорга ишора қилинган, холос.

Фарғона.Ру: - Ким миллатингиз важидан сизга аккредитация берилмайди деб билдирган?

- HRW ташкилотининг Тошкентдаги вакили борасидаги салбий қарор қайта кўрилмаслиги ҳақида ахборотини HRW ташкилотининг Нью-Йоркдаги офисига етказиш Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасига топширилган. ТИВ бизга яна бир бор бошқа номзод кўрсатишни таклиф этдилар ва кутилмаганда “Сизнинг кейинги номзодингиз рус бўлмаслиги керак”, - дея талабларига аниқлик киритдилар. Инглиз тилида ёзилгани учун «Russian» сўзини Россия фуқароси ёки рус миллатига мансублигини тушуниш мумкин.

Фарғона.Ру: - Русларга нисбатан бундай муносабатнинг боиси нимада?

- Бу саволни Ўзбекистон ТИВ вакилларига берилса яхши бўларди. Менимча, ўзбекистонлик расмийлар учун муаммо менинг “ўзбек менталитетини билмаслигим ёки ҳукумат ислоҳотларини тушунмаслигимда” эмас, балки уларнинг Хьюман Райтс Вотч каби мустақил ташкилотнинг мамлакатда фаолият юритишини истамаслигида. Қолгани эса оддий бир баҳона.

Фарғона.Ру: - Бунгача Ўзбекистон Адлия вазирлиги сизга ишчи аккредитация беришдан бош тортган. Жавобни расман қандай қилиб изоҳлашган?

- Хьюман Райтс Вотч ходими етарли тажрибага эга эмаслиги, ўзбек халқининг менталитетини тушунмаслиги ва мамлакатда ҳукумат томонидан ўтказилаётган ислоҳотларнинг тушуниб етмаслигида.

Фарғона.Ру: - Ўзбекистонлик расмийлар билан шахсан, бевосита мулоқотда бўлдингизми? Бу мулоқотлардан қандай таассуротдасиз?

- Улар билан мулоқотда бўлиш учун олдин аккредитация олиш лозим.

Фарғона.Ру: - Кеннет Ротнинг ташрифи чоғида ўзбекистонлик мутасаддилар билан бирорта эсда қолувчи учрашув бўлгандир? Ўшанда улар сиз билан қандай муносабатда бўлдилар?

- Кеннет Ротнинг ташрифи давомида ўзбекистонлик расмийлар менинг шахсимни бойкот қилишда давом этдилар. Адлия вазирлиги расмий дастур бошланишидан бир неча соат олдин жаноб Воронцов расмий учрашувларда иштирок эта олмайди, дея бизни огоҳлантирди.

Фарғона.Ру: - Ташкилотингиз Ўзбекистонда аккредитацияга эга бўлган пайтда фаолиятингиздан қандай фойда бўлган?

- Бу ҳақда мен баҳо бера олмайман. Умуман олганда, ишимиз бедодликлардан жабрланган одамларга ўз ҳуқуқлари ҳақида изҳор эта олишларини таъминлашдан иборат. Ўзбекистонда муаммолар кўп, ташкилотимиз расмийларнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги халқаро шартномалар бўйича ўз мажбуриятларини бузаётганлари ҳолатларини қайд этади.

Фарғона.Ру: - Умуман олганда, ўзбекистонлик расмийлар инсон ҳуқуқлари борасидаги муаммоларга қандай ёндашадилар?

- Менимча, ўзбекистонлик расмийлар инсон ҳуқуқлари борасидаги концепциянинг нима эканлигин тўлиқ тушунмайдилар. Бу ҳақда бир нарса дейишим осон эмас, негаки, мен ўзбекистонлик мутасаддилар билан ҳеч қачон мулоқотда бўлмаганман. Ташкилотимиз бошқа турли мамлакатларда расмийлар билан диалог ўрната олганлар, аммо Ўзбекистонда чет эллик дипломатлар ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларидан ташқари мен билан ҳеч ким учрашгани йўқ.

Фарғона.Ру: - Баъзи бир европалик ва америкалик кузатувчилар таъкидлаётганидек, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазият яхши бўлган деб ўйласизми?

- Ташкилотимиз доим мамлакатда сезиларли яхшиланишни кўрмаётганини айтиб келган. Улар баъзи ҳуқуқ ҳимоячиларини озодликка чиқарганлари рост. Аммо қандай шартлар эвазига?

Фарғона.Ру: - Хьюман Райтс Вотч ташкилоти энди қандай иш тутади? Ўзбек халқининг менталитетини биладиган ва каримов ислоҳотларига муносиб баҳо берадиган янги ходим қидирадими? Ёки минтақавий офис Қозоғистонга кўчириладими?

- HRW ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган ва уни ҳозирча ҳеч ким ёпгани йўқ. Айни пайтда офисимизнинг келгуси тақдири борасида сизга ҳеч нарса дея олмайман. Қачонки биз Ўзбекистон мутасаддиларидан расмий тарзда жавоб олганимиздан кейин ушбу ҳужжатларни ўрганиб чиққан ҳолда тегишли қарор қабул қиламиз.

Фарғона.Ру: - Энди қаерда ишлайсиз?

- Ҳозир бу саволга жавоб бера олмайман. Ҳозир меҳнат таътилига чиққанман.

Ўз ахб.