22:22 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда ҳарбий ватанпарварлик тарбиянинг алоҳида хусусиятлари ҳақида

02.08.2008 10:32 msk

Фарғона.Ру

Қўшниларига қараганда мудофаага кўпроқ маблағ сарфлаётган Ўзбекистон ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларини ривожлантириш учун фаолроқ ҳаракат қилиши керак бўлганга ўхшагани билан, мамлакатда сўнгги йилларда бу керакли ишни пароканда бўлиши учун ҳамма нарса қилинди ва бунинг бир неча сабаблари бор.

Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги вазият 1999 йилдан кейин (Тошкентда февраль ойидаги портлашлар, “Баткен воқеалари”, Ўзбекистон Исломий ҳаракати (ЎИҲ) жангариларининг фаоллашуви) кескин равишда ўзгарди. Ўшанда жангарилар орасидаги аксарият ёшларнинг қурол-аслаҳа билан муомала қилишни жуда яхши эгаллаганлари, ҳаттоки Мудофаа вазирлигининг мунтазам қисмлари ҳарбий хизматчиларига қараганда яхшироқ жисмоний тайёргарчиликдан ўтгани равшан бўлди.

Ана ўшанда республика Миллий хавфсизлик хизмати қаърида авторитар режимни бундай жангарилардан муҳофаза қилиш ғояси пайдо бўлди. Шу жумладан, ёшларни армия сафида ҳарбий хизматни ўташдан маҳрум қилиш йўли билан. Улар [махсус хизмат ходимлари] армиядан қайтган оддий аскарнинг қўлига автомат тушиб қолса ўзини қандай тутиши, қуролни кимга қаратиши қизиқа бошладилар. Негаки, мамлакат аҳолисининг аксарияти (камида 55 фоиз аҳоли 30 ёшга етмаган) ёшлардан иборат, бу эса, майли ҳозирча уюшмаган бўлса ҳам, жуда катта куч.

Мамлакатда миллий хавфсизлик манфаатлари йўлида ҳарбий хизматга чақириш қонунчилиги ислоҳ қилинди: биринчидан, хизмат қилиш муддати қисқарди; иккинчидан, ёшларни фаол тарзда муқобил хизматга жўната бошладилар (у ерда қурол била муомала қилишни ўргантмайдилар). Учинчидан, мобилизация чақирув резерви тузилди, яъни ёшлар ҳарбий билет олишлари учун 200 доллар тўлайдилар ва бир ой давомида казармаларда яшаб ҳарбий тайёргарчилик курсларини ўтадилар. Ўттиз кунда нимани ўрганса бўлади дейсизми? Армиядахизмат қилган одам бу мудат ичида кўп нарсани ўрганиб бўлмаслигини тушунади. Аммо шу билан бирга, Мудофаа вазирлиги деярли йўқ жойдан мўмай даромад ола бошлади.

Ўзбекистонда армияга чақириладиган ёшлар сони юзлаб баробарига қисқарди. Масалан, баҳорги ва кузги чақирув мавсумида Андижон вилоятидан 220 кишини, Наманганда – 150 ва Фарғонадан аттиги 120 кишини армия сафига чақирадилар. Армияга ёшларни ҳудди космонавтлар сингари танловдан ўтказадилар (жисмоний яроқлилик, психологик ва интеллектуал тестлар, иқтидордаги ҳокимиятга муносабат, деярли туғилган пайтидан бошлаб характеристика тўплаш). Кўп ҳолларда ёшларнинг хизмат қилиш истаги пора билан қўлланиши лозим (400-800 доллар). Ахир республикада ҳам бошқа мамлакатлардаги амалиётлар сингари хизмат поғоналарида муваффақиятли кўтарилиш учун йигитлар армияда хизматни ўташлари лозим.

Андижондаги 2005 йил май воқеалари қурол-аслаҳа аҳоли қўлига ўтиб қолиши ҳеч гап эмаслигини кўрсатди. Фуқаролар эса бу қуролни ҳокимият қарши қаратиши мумкин.

Ана ўшанда президент девонхонасидаги таҳлилчилар махсус хизматлар билан ҳамкорликда республикада ҳарбий-ватанпарварлик тарбияни қисқартишга қаратилган чораларни кўра бошладилар:

2005-2006 йилдан бошлаб республика бўйича фаолият кўрсатаётган барча тирлар ёпила бошланди. Масъулият ИИВ зиммасига юкланди.

Йигитларни хизматга чақирувгача курслари мавжуд бўлган барча ўқув юртларидан ушбу курс материал базасидан шошилинч тартибда сапёр белкураклари, противогазлар, кимёвий ҳимоя костюмлари, пневматик милтиқлар, АК автоматларининг макетлари, граната ва гранатамётларнинг макетлари олиб қўйилди. Бунга республика мудофаа вазирлигини масъул қилиб қўйдилар.

Барча ҳарбий-ватанпарварлик клублари, шунингдек, якка кураш ва жангавор санъатга ўргатувчи спорт тўгараклари Миллий хавфсизлик хизмати томонидан “назорат остига” олинди. МХХ да бундай тўгаракларга қатновчиларнинг тўлиқ рўйхати ҳамда уларнинг ҳар бир аъзосига батафсил характеристикалар мавжуд. Клублар ва тўгараклар раҳбарлари қўл остидагиларнинг амалдаги ҳокимиятга садоқатли эканлиги борасида тилхат ёзадилар. Бу ишларни амалга оширишга МХХ масъул.

Уч кунлик дала йиғилишлари амалиёти ҳам тақиқланди. 2006 йилгача бундай йиғинларнинг ўтказилиши анъанага айланиб қолган бўлиб, унда ҳарбий хизматга чақирилувчи ёшлар ҳарбий қисмларга экскурсия қилардилар, автоматларни таркибий қисмларга бўлишга ва қайта йиғишга ўрганардилар, автоматдан уч мартадан полигонда ўқ отиб, аскарлар билан мулоқотда бўлишар ҳамда улар билан биргаликда тушлик қилишган. 2007 йилдан бошлаб Мудофаа вазирлигининг ИИВ Ички Қўшинлари, ,ФВВ ва МХХ ички буйруғи билан ҳарбий хизматчиларнинг экскурсиялари ҳамда барча фуқаролик таълим муассасаларида ҳаттоки 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунида ҳам ҳарбийларнинг кўрсатувли чиқишлари тақиқланди. Буйруқнинг бажарилишига Мудофаа вазирлиги масъул.

“Зарница”га ўхшаш ҳарбий ватанпарварлик ўйинларининг ҳамда ҳарбий ватанпарварлик мусобақаларининг тез-тез ўтказилишига чеклов киритилди. Масъул – “Ватанпарвар” жамияти.

Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик тарбияси бўйича машғулотларда тактик ва ўт очиш бўйича тайёргарчиликлар олиб ташланди. Партизанлик ҳаракатларининг услублари (тегишли идоралар ҳужжатларида “партизан” сўзини ишлатиш ҳам тақиқланган) очиб берилмайди, шунингдек, жангавор бўлинмаларнинг шаҳар ва тоғ шароитидаги тактикаси ҳам маҳфийлаштириб қўйилган. Ёшларга сафда юриш ва фуқаролик муҳофазаси услублари ўргатилади, холос. Масъулият ва назорат МХХга юкланган.

Таълим муассасаларида ҳамда Фарғона водийси кучишлатар тузилмаларининг ўқув қисмларида ҳарбий хизматчиларни намойишчиларга қарши курашиш бўйича тайёрловчи махсус курслар киритилган. Курсларда намойишчиларнинг қўл-оёқларига ва бошлари узра ўқ отиш, ҳарбий техника ёрдамида намойишчиларни ҳайдаб тарқатиш, таёқ ва қалқонлардан фойдаланишни ўргатадилар. Масъулият Мудофаа вазирлигига, ИИВ ва МХХга юкланган.

Хусусий ов милтиқларининг эгалари устидан назорат кучайтирилган: қўшимча солиқлар ва махсус рухсатномалар олиш зарурати киритилди. ИИВ ва МХХ ов милтиқлари эгаларининг тўлиқ рўйхатини тузган.

Мазкур тадбирларнинг бари аксарият ёшларнинг ҳарбий билимлар борасида тасаввурга эга бўлмасликлари, ёшлар автомат нималигини ва ундан қандай қилиб отиш мумкинлигини билмасликлари учун қилинмоқда.

Буларнинг бари ҳокимият устида ўтирган режим учун маълум бир кафолатларни яратади: бўйсунувчи халқ яхши, аммо халқнинг қаршилик кўрсатишга лаёқати бўлмаса ундан-да яхши.

Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” жамиятининг бугунги қилаётган иши ёшларни ҳайдовчиликка ўргатиб, уларга ҳайдовчилик гувоҳномаларини беришдан иборат бўлиб қолди, холос. Яна бир “Камолот” дея аталувчи ёшларнинг ташкилоти ҳам бор. Маҳаллий маъмурият амалда бу ташкилот аъзоларини ўзларига югурдак қилиб олган.

Водийда маҳалла посбонлари деган нарсани жорий қилганлар, аммо расмийлар уларга ҳам ишонмайдилар ва уларга ҳатто милиция таёқларини ҳам бермайдилар.

Ўзбек ёшларининг ҳарбий ватанпарварлик тарбиясида юзага келган вазият ҳарбий қисмлардаги шахсий таркибнинг руҳий ҳолатига бевосита таъсир этади. Бу қисмларда шахсий таркибнинг аксарияти шартнома асосида шаклланмоқда. Расмийлар ҳарбий хизматчиларни моддий тарафдан рағбатлантиришга катта эътибор қаратмоқдалар ва шу билан бирга армиянинг ғоявий негизини унутиб, аскарларни оддий ёлланмачиларга айлантириб қўйишмоқда.

Айтилган гаплар зобитлар ўртасидаги кадрларнинг оқувчанлиги билан ҳам тасдиқланмоқда. Зобитларнинг аксарияти (шу жумладан, ўзбеклар ҳам) Россия ва Қозоғистонга кетиб қолишаяпти.

Шундай қилиб, республиканинг бугунги армияси мамлакатда ички тартибсизликларни бостириш учун мослашган. Аммо, ташқаридан биринчи хуруж бўлиши биланоқ армия шахсий таркибниг бир қисми руҳий тушкунликка тушиши ҳеч гап эмас.

Давлат мудофаа қобилиятини сақлаб қолишнинг ягона йўли – ҳарбий-ватанпарварлик тарбия ишларини қайтадан жонлантириш керак.