12:22 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Human Rights Watch вакили қайтиб келиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган ҳолда мамлакатдан ҳайдаб чиқарилди

25.07.2008 14:20 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистон расмийлари Human Rights Watch халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг вакили Игорь Воронцовни қайтиб келиш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда мамлакатдан ҳайдаб чиқарди. Бу HRW вакилининг Ўзбекистондан ҳайдаб чиқарилиши биринчи ҳолатидир.

Эслатиб ўтамиз, Human Rights Watch Ўзбекистонда 2007 йил июнь ойидан бери ўз фаолиятини тўхтатиб қўйган. Ўшанда сохта баҳоналар билан ваколатхона директори Андреа Берг аккредитациядан маҳрум этилганди. Унинг ўрнига келган Игорь Воронцов Ўзбекистон расмийлари унга аккредитация бериш масаласини кўриб чиқишини бир неча ой кутди. Пировардида, расмийлар Игорь Воронцов “ўзбек халқи менталитети билан таниш эмаслиги ҳамда мамлакат раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни англай олмаслиги” важидан унга аккредитация беришдан бош тортдилар.

Шунга қарамай, Human Rights Watch ўз ходимининг аккредитация олиши борасидаги ҳаракатларини тўхтатмади. Uznews.net эслатишича, халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотига бу борада Европа Иттифоқи, АҚШ ва Германия ҳукуматлари ёрдам берган. Бу йирик давлат вакиллари ҳар сафар ўзбекистонлик мулозимлар билан учрашганларида HRW аккредитацияси муаммосини доим эслатиб турганлар.

HRW ижрочи директори Кеннет Рот июль ойининг бошида Тошкентга келиб баъзи ўзбекистонлик ҳукумат мулозимлари билан учрашди ва уларни Игорь Воронцовга аккредитация беришга ҳамда мамлакатда тўлақонли ишлаш учун имконият яратишга кўндиришга уриниб кўрди. Воронцовнинг мамлакатдан ҳайдаб чиқарилиши HRW ташкилотининг ўзбекистонлик расмийлар билан музокараларнинг қанчалик муваффақиятли ўтганини, Ўзбекистон расмийлари мамлакатда инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятни яхшилашга тайёр эмаслиги ҳамда таъсирли ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг мамлакатда бўлишига чидамаслигини кўрсатмоқда.


Human Rights Watch халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг ижрочи директори Кеннет Рот ҳамда Тошкентга HRW ваколатхонаси раҳбари вазифасига сафарбар қилинган Игорь Воронцов. “Фарғона.Ру” фотосурати

Шу муносабат билан Human Rights Watch баёнот билан чиқди ва Европа иттифоқидан Ўзбекистон расмийларини қоралашни талаб қилди. HRW вакили Вероника Голдстон Сентега кўра, Ўзбекистон расмийлари Европа иттифоқи устидан кулмоқдалар, 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонга қўлланилган санкцияларнинг юмшатилиши эса, Тошкент учун “кутилмаган мукофот” бўлиб қолди.

HRW бугун ёйинлаган матбуот варақчасида Ўзбекистон расмийлари Игорь Воронцовга аккредитация беришдан бош торта туриб Human Rights Watch ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директорлигига муқобил номзодларни кўриб чиқишга тайёрлигини билдиришгани қайд этилмоқда. Аммо, шу билан биргаликда, ўзбекистонлик расмийларнинг иддаоларига кўра, бу номзодлар “рус миллатига мансуб бўлмаслиги керак” экан. HRW бундай позицияни нафақат камситувчи, балки давлатнинг мустақил нодавлат ташкилотининг кадрлар масаласига мутлақо ноўрин бўлган аралашуви каби баҳолайди. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, гап Воронцовнинг шахсияти ёки унинг қайси миллатга мансублиги устида кетаётгани йўқ. Ўзбекистон расмийларининг асл мақсади – Ўзбекистонда Human Rights Watch фаолиятини тўхтатиб қўйиш, холос.

Human Rights Watch қаерда жойлашган бўлмасин, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини текширишни давом этажагини билдирмоқда.