19:22 msk, 16 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ислом Каримов Когондаги портлашларнинг айбдорларини топди. Улар совет ҳокимияти билан Мудофаа вазирлиги экан

23.07.2008 08:46 msk

Умар Шарифов

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари 17 июль куни чўзилиб кетган сукунатни бузиб яна бир бор ракета-артиллерия омбори портлаган Когон шаҳрини эслаб қолдилар. Бунга бундан ҳам муҳимроқ давлат ишларидан ниҳоят бўшаган республика раҳбарининг Когон шаҳрига ташриф буюриши сабаб бўлди.

“Ахборот” янгиликлар дастурининг хабар беришига кўра, Когон туманида бўлган Ислом Каримов фавқулодда ҳодиса оқибатларини тугатиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди ҳамда махсус ҳукумат комиссиясининг мажлисини ўтказди.

Каримов комиссия текшируви ниҳоясига етишини ҳам кутиб ўтирмай бўлиб ўтган ҳодисанинг сабаби сифатида шўролар даврида ушбу ўқ-дори омборининг белгиланган меъёрларга хилоф равишда қурилганини кўрсатди.

Ислом Каримовга кўра, Мудофаа вазирлиги ҳам ўқ-дори омборидаги аҳволга зарур эътибор ва масъулиятсиз муносабатда бўлган, ҳарбий қисм раҳбарларини тайинлашда ҳамда омборни қўриқлашда бепарволикка йўл қўйилган.

Шундан кейин Каримов ҳарбий хизматчиларга етарли шароитлар яратиб бериш зарурати ҳақида сўз юритиб, уларга имкон қадар яхши шароит яратиб бериш зарур дея билдирган. “Ахборот” хабарига кўра, у Мудофаа вазирлигининг вертолёт қисмини бориб кўрган ва унинг фаолияти, жиҳозланиши ва хизмат ўташ шароитлари билан батафсил танишган ҳамда бир қатор тавсиялар берган. Ўша куниёқ Каримов Бухоро вилоятидан Тошкентга қайтган.

Қайд этиш жоизки, “Ахборот” янгиликлар дастурида намойиш этилган сюжет Ўзбекистон телевидениесининг Бухорода ҳаммаёқ тинч мазмунидаги киши кайфиятини кўтарувчи репортажларни ҳисобга олмаганда Когондаги портлашлар ҳақидаги учинчи расмий хабар бўлди.

Шундай қилиб, давлат раҳбарининг киши англаши қийин бўлган гапларидан нима аниқ бўлганини тушунишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

1) Ҳаммасига бу омборнининг лойиҳасини чизганлар ва қурганлар айбдор. Яъни, бир неча ўн йиллар аввал омборни қурган (қачон қурилгани номаълум) совет муҳандислари ва қурувчилари. Кенгроқ қилиб олинадиган бўлса – шўролар ўтмиши.

2) Мудофаа вазирлиги айбдор. Вазирлик “бу каби объектларда” ўқ-дориларни тегишли тарзда сақланишига етарли эътибор қаратмай бу ишга масъулиятсизлик билан ёндошган. Бундай муҳим объектга ҳарбий қисм ва қўриқчи хизматига раҳбарлар тайинланишида ўзибўларчиликка йўл қўйилган.

Шундай қилиб, жаноб Каримов айбдорларни қидириш учун иккита йўналишни белгилаб берди.

Эндиликда бу йўналишларни шарҳлаб кўришга уринамиз.

Меъёрлар бузилишдан бошласак, қайси меъёр қай тарзда бузилгани ҳақида Каримов индамади. Намойиш этилган сюжетдан меъёрлар ҳақидаги фикр унинг бошига эндигина қўнганга ўхшаб кўринди. Бордию, бу меъёрлар бузилган дея фараз қиладиган бўлсак, унда Каримов нега Бош қўмондон сифатида Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин ўн етти йил давомида фалокатга олиб келган бу камчиликларни бартараф этмади?

Каримовнинг сўзларидан келиб чиқиб, нега ўнлаб йиллар давомида бузилган меъёрларга қарамай тинч ётган снарядлар СССР тарқаб кетганидан 17 йил ўтганидан кейингина бирданига портлади деган савол туғилади. Эътиборсизлик билан тайинланган қўриқчиларнинг бунга қандай алоқаси бор? Ахир биринчи расмий хабарда “ёнғин чиққан ва унинг оқибатида омбордаги ўқ-дори портлаган” деб айтилгандику.

Айтгандек, бошқа собиқ совет республикаларида ҳам эски ўқ-дори омборлари бор, аммо улар негадир портламаяпти. Демак, уларни бошқача лойиҳа ва меъёрларга асосан қуришган эканда. Балки бошқа собиқ совет республикаларида эскирган ўқ-дориларни шаҳар четига олиб чиқиб, вақти-вақти билан зарарсизлантиришаётгандир. Ҳар ҳолда ягона давлат тарқаб кетганига 17 йил тўлди, бу анчайин катта муддат.

Эътибор бериладиган бўлса, ўқ-дорини сақлаш меъёрлари ҳақида гапира туриб Каримов икки марта “У ерда шунча кўп снарядлар сақланганки, агар уларнинг ҳаммаси баробарига портлаганида биз бу офатнинг кўламини қанчалик кенг тус олишини айтишга қийналардик” ҳамда “Агар биз буни ҳисобга олмасак, бу биринчи навбатда шахсий таркиб ва атрофдаги аҳоли учун оғир оқибатларга олиб келади” деб айтди.

Каримовнинг биринчи иборасидан снарядларнинг ҳар ҳолда портлаганини билиб олдик. Демак – “бу офатнинг кўламини қанчалик кенг тус олишини айтишга қийналардик”. Айнан шуни кузатиб турибмиз. Иккинчи ибора ҳақида: унинг сўзларидан келиб чиқиб ўқ-дори сақлаш меъёрлари ҳисобга олинмаганлигини англаймиз. Демак, ҳар ҳолда “шахсий таркиб ва атрофдаги аҳоли учун оғир оқибатлар...” амалда бўлган эканда.

Бундан ҳалок бўлганлар оз эмас, вайронагарчиликлар қаттиқ бўлган деган хулоса келиб чиқадими? Аслида давлат телевидениеси ҳалок бўлганлар сони ва вайронгарчиликлар ҳақида хабар бериши керак эди. Аммо “Ахборот” нималарни кўрсатди? Бу телевизион дастур асосий масала борасида, яъни, қанча одам ҳалок бўлган, қанчаси ярадор бўлган, қанчаси хавфсиз жойга эвакуация қилинган, вайронгарчиликларнинг кўлами қанчалик бўлгани ҳақида бир калима ҳам сўз айтмади. Бўлиб ўтган ҳодисанинг ҳеч қандай тафсилотлари йўқ. Шаҳарнинг бирор кўриниши кўрсатилмади, жабрланган ёки ҳодиса шоҳидининг бирорта ҳам сўзи берилмади.

Кетма-кет портлашлар давомида юзлаб одамлар ҳалок бўлиши мумкин. Портлаш пайтида ҳарбий қисмда қанча одам бўлган? Когон маркази яқинида жойлашган 262-чи жазони ўташ колониясида қанча маҳбус бўлган. Ахир улар ҳаммага маълум сабаларга кўра портлашлардан қочиб қутила олмас эдиларку. Расмийлар ҳалок бўлганини тан олган ўша уч киши ким эди?

Бу ҳақда “Ахборот” ҳеч нарса дегани йўқ. Фақат жавраётган Каримову унинг атрофида хушомадгўй одамчалар. Яна улар. Яна у. Яна улар. Фақт шу манзара, холос.

Одатда табиий офатлар, йирик террорчилик актлари ёки ҳалокатлардан сўнг одамлар яқинлари ва қариндошларининг тақдири ҳақида маълумот олишлари учун “шошилинч алоқа” дея аталувчи линиялар тузилади. Мазкур ҳолатда бу ишлар қилингани йўқ. Бошқача қилиб айтганда, одамлар иложи борича яширилаётган маълумотни олишга эриша олмадилар. Нега шундай қилинди, бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?

Бу ерда жавоб битта: фожеа кўламини иложи борича камайтириш, иложи борича одамларнинг хотирасидан ўчириш учун. Ҳеч ким бўлиб ўтган ҳодисада айбдор кимлигини билмаслиги учун.

Қайд этиб ўтамиз, Uzmetronom.com веб-саҳифаси “Ўзбекистон армияси доираларига яқин” манбага таянган ҳолда 10 июль куни хабар қилишича, “мудофаа вазири Р.Мирзаевнинг мазкур снарядларнинг мавжудлиги ҳамда уларни зарарсизлантириш учун махсус жиҳоз сотиб олиш зарурати ҳақидаги рапорт республика раҳбарига бир йил аввал тақдим этилганди. Аммо ўшанда ўлим келтирувчи ўқ-дорини замонавий услублар ила йўқ қила оладиган қимматбаҳо жиҳози сотиб олишни мақсадга мувофиқ эмас деб топилганди”.

“Ахборт” дастурининг ўша кунги сонидан кейин Когондаги ҳодиса мавзуси яна сукунат пардаси ортига ўтди. Кейинги кундан бошлаб “Ахборот” яна далалардан хабарлар, пахтакорлар ҳаётидан лавҳалар ва Мексикадаги тошқин ҳақида батафсил маълумотларни кўрсата бошлади. Аммо жонажон ватанда бўлиб ўтган ҳалокат оқибатлари ҳақида бир калима ҳам сўз айтилгани йўқ.