11:27 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

АҚШ Янги демократиялар институти Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида муддатсиз аккредитация олди

17.07.2008 19:33 msk

Фарғона.Ру

АҚШ Янги демократиялар институтининг (ЯДИ) Тошкентдаги ваколатхонасида 15 июль куни ЯДИ Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида муддатсиз аккредитация олиши муносабати билан қабул маросими бўлиб ўтди.

ЯДИ Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Мьюша Север меҳмонларга аккредитация асл нусхасини кўрсатиб, унда “ЯДИ фаолиятининг асосий йўналиши – Ўзбекистонда демократиялаш жараёнини илгари суришда республика расмийлари ва фуқаролик жамияти билан яқиндан ҳамкорлик”, деган ёзувига эътиборини қаратди.

Бу аккредитацияни олиш учун АҚШ ЯДИ вакиллари деярли бир йил давомида Тошкентда бир қатор конференция ва семинарларни ташкил этдилар ва тинмай “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида кўламли ислоҳотлар ўтказилмоқда, демократия ва сўз эркинлиги соҳасида сезиларли силжишлар қайд этилмоқда”, - дея қайтаришдан чарчамадилар.

Масалан, шу йил 10-11 июль кунлари Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистон Республикасида судларга ҳибсга олишга санкция бериш ҳуқуқининг берилиши (“Хабеус корпус” институтининг амалга оширилиши)” бўйича халқаро анжуманида ЯДИ Тошкентдаги ваколатхонаси директори Мьюша Север ўлим жазосининг бекор қилиниши ҳамда ҳибсга олиш санкциялари ҳуқуқининг судларга берилиши республиканинг демократик ривожланишида янги босқичга қадам қўйганига далил бўлади дея билдирганди.

“Бугунги кунда мамлакатда адвокатура ва прокуратуранинг рақобатини, уларнинг суд ишларини кўришда тенг ҳуқуқлигини таъминлаш учун барча зарур шароитлар тузилган”, - дея таъкидлаганди М.Север. Унга кўра, Ўзбекистонда адвокатуранинг мақомини кўтаришни кўзда тутувчи Ислом Каримов имзолаган фармон фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда олға қўйилган “улкан” қадам экан.

Институтнинг ижрочи директори Маргарита Ассенова ҳам семинарда ҳудди шундай кайфиятда “Ўзбекистондаги судларнинг мустақиллигини” қайд этиб ўтди. “Ўбекистон ушбу соҳада муваффақиятга эришганини қайд этиш муҳим. Мисол учун, АҚШда маслаҳат ҳайъати аъзоларини танлашда ношаффофлик кузатилади. Ўзбекистонда эса судьяларни тайинлаш шаффоф характерга эга”, - деди Ассенова.

ЯДИ вакиллари шу йилнинг июнь ойида Тошкентдаги “Интерконтинеталь” меҳмонхонасида бўлиб ўтган матбуот ва сўз эркинлигига бағишланган халқаро семинарда ҳам шунга ўхшаш баёнотлар билан чиқдилар. Ўшанда улар Ўзбекистондаги журналистларга тўла эркинлик берилган дегандилар.

ЯДИ вакиллари Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида рўйхатдан ўтиш учун шундайин “улкан” ишларни амалга оширдилар. Деярли бир йил давомида Ўзбекистон диктарусанинг тегирмонига сув қуйган ЯДИ вакиллари ўзбек расмийларининг кўнглини олишга эришдилар.

АҚШ институтининг ваколатхонасига акрредитация берган расмий Тошкент яна бир бор республикада фақат Оқсарой сиёсий йўналишини қўллайдиган ҳамду уни ташвиқот қилишга кўмак берадиган хорижий ташкилотларгина республикада ишлашга рухсат олишлари мумкинлигини намойиш этдилар.

Хорижий ташкилотлар Ўзбекистон ТИВ аккредитациясини нафақат ижозат берувчи ҳужжат, балки турли офатлардан ҳимоя қилувчи балогардон сифатида кўрадиган бўлиб қолди. Ушбу балогардонга улар интилиб келганлар ва ҳозир ҳам интилиб келмоқдалар. Бунинг учун улар режимга хизмат қилишга ҳам тайёрлар.

Ўзбекистонда яқин ўтмишда фаолият кўрсатган американинг “Интерньюс” ташкилоти тажрибасини эслаш кифоя. Бу ташкилот аккредитациядан айрилиб қолмаслик учун ҳукуматга тарафдор телестанцияларга ёрдам беришни афзал кўрган. Хусусан, “Интерньюс” Саамарқанддаги Фирдавс Абдухолиқовнинг СТВ телестанциясига бепул телевизион техника бериб оёққа туришга ёрдам берганди. Вақт ўтиб ушбу телеканал ўзига ҳос медиа-магнатга айланди. Ўзбекистон расмийлари деярли барча америкалик ташкилотларни, шу жумладан, Интреньюсни ҳам мамлакатдан ҳайдаб чиқарганларидан кейин Фирдавс Абдухолиқов америка техникасини америкаликларнинг ўзига қарши ишлатмоқда: яқинда у ўзига қарашли нодавлат телестанциялар тармоғи орқали Ўзбекистон махсус хизматларининг буюртмаси бўйича тайёрланган “Озодлик” радиосига қарши фильмни намойиш этди.

Ушбу муаммони кўриб чиқилар экан, Ўзбекистон расмийларига тан бермай иложи йўқ: улар балогардон аккредитацияни кўз-кўз қилиб американинг ва ғарбнинг баъзи ташкилотларини тиз чўктира олдилар.

АҚШ Янги демократиялар институти Ўзбекистон расмийларидан балогардон аккредитациясини олиш учун Ўзбекистон давлатини демократия қуриш ишидаги муваффақиятларини мадҳ этишга тайёрлигии кўрсатди. Кейингиси ким?

Темурхон Олимханов, журналист (Тошкент)



 

Реклама