18:59 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Бухородаги Фавқулодда ҳодиса: Расмийлар цензурани кучайтирмоқдалар, аҳолига эса миш-мишлар кифоя

15.07.2008 19:35 msk

Фарғона.Ру

Мудофаа вазирлигининг Бухоро вилояти Когон шаҳридаги ҳарбий қисм ҳудудида жойлашган ракета-артиллереия омборида 10 июль куни ўт чиқди ва унинг кетидан аланга олган ёнғин артиллерия ўқ-дориларининг бир қатор портлашига олиб келди. Ҳарбийлар, ўт ўчирувчилар ва тинч аҳоли орасидан қурбонлар сони шу чоққача ошкор қилинмади. Расмий Тошкент бўлиб ўтган “фавқулодда ҳодиса” борасида бир марта баёнот билан чиқиб, яна сукут сақламоқда.

Когондаги фавқулодда ҳодиса сабаблари ҳозирча номаълум, аммо унинг оқибатларини ҳозирдан аниқ англаса бўлади. Тинч аҳолини ўта хатарли портлаш тўлқинидан ҳимоя қила олмаган расмийлар ахборот “тўлқинига” қарши фаол ҳаракатга тушиб қолдилар. Журналистларнинг оғзига қапқоқ ёпиш, портлаш ҳақидаги ахборотнинг ёйилишига йўл қўйганларни жазолаш, ҳар қандай йўл билан халқдан ва қўшни мамлакатлардан бўлиб ўтган воқеа ҳақидаги ҳақиқатни яшириш – ўт ўчиришда ҳам цензурадан фойдаланувчи ўзбекистонлик мутасаддилар учун одатий ҳол бўлиб қолган.

Когондаги портлашлардан сўнг Ислом Каримов Ўзбекистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарини олдига чақириб, фавқулодда ҳодиса ҳақидаги хабар жаҳон ОАВ орқали ёйилиб кетгани сабабидан унга қаттиқ дашном берган. Каримов Рустам Иноятовни, унинг ходимларини ва бухоролик чекистларни ишлашни билмасликда айблади.

“Фарғона.Ру” АА олган маълумотларга кўра, “хўжайиндан” дакки еган Р.Иноятов қўл остидаги ходимларга ва ёндош идоралар зиммасига зудлик билан қуйидаги вазифаларни бажаришни юклаган:

- идоралар бўйича айбдор мансабдор шахсларни аниқлаб жазолаш, уларнинг айбдорлиги даражасини алоҳида кўрсатиб ўтиш;

- содир бўлган ҳодисанинг объектив сабабларини, атйлаб ўт қўйиш ёки қўпорувчилик эҳтимолининг қай даражада юқорилигини аниқлаш;

- ахборотнинг ёйинланишида айбдорларни, у жумладан, портлашни видеокамерага тасвирга олган ва бу тасвирларни оммавий ахборот воситаларига берган шахсларни топиб жазолаш:

- МХХ нинг барча вилоят бошқармаларига республика аҳолисининг бўлиб ўтган ҳодисага қандай муносабатда бўлаётганларининг белгиларини кўрсатган ҳолда: яъни, ваҳима, маъқуллаш, хурсанд бўлиш, ҳамдардлик, қўрқув, афсусланиш ва ҳоказолар ҳақида, турли ижтимоий табақа вакилларининг билдирган фикрларини мисол келтирган ҳолда ҳисобот тайёрлаш;

- президент қошидаги Стратегик тадқиқотлар институтига манбаларни кўрсатган ҳолда Когон туманидаги воқеаларни ўта бир томонлама ва бузғунчи ният бирла ёритаётган босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг мониторингини ўтказиш...

Ўзбекистон фуқаролари ва ўта қизиқувчан чет элликлар учун қисқа ва лўнда расмий матбуот варақчалари кифоя қилади ёки бўлмаса ҳодиса ортидан тўлиб-тошиб кетган миш-мишларга ишонишга тўғри келади. Ҳар ҳолда, Когон атрофида юзага келган турли миш-мишларга кишининг ақли бовар қилмайди. Шунга қарамай, бу миш-мишлар расмий объектив ахборот йўқлиги важидан муваффақиятли равишда ёйилмоқда.

Қуйида ўзбек жамиятида ва Интернет саҳифаларидан ўрин олган энг фантастик миш-мишлардан баъзиларини келтирдик.

- Портлаш содир бўлганида ҳарбий қисм ҳудудида уч юзга яқин ҳарбий хизматчилар бўлган, улрнинг аксарияти ҳалок бўлган.

- Когонда жойлашган ҳарбий қисмларнинг баъзилари ёнғин ва портлашлар бошланишидан икки кун аввал олиб чиқиб кетилган. Хулоса: демак, агар фавқулодда ҳодисани расмийларнинг ўзлари уюштирмаган бўлсалар ҳам, “юқоридагилар” бу ҳақда олдиндан билганлар.

- Портлаш бўлган жойга яқин ердаги касалхона қулаб тушган, унда ётган барча беморлар касалхона томининг тагида қолиб кетган.

- Ёнғин бошланишидан бироз олдинроқ кейинчалик портлаб кетган раекта-артиллерия омборидан “нималарнидир олиб чиқиб кетаётган” юк машиналарини кўришган. Хулоса: олдиномбордаги қандайдир қурол-аслаҳалар сотилган, шундан кейин бу ишнинг изини йўқотиш учун омборга ўт қўйилган.

- Эрондан синов қилинаётган ва тасодифан учиб келган ядровий бўлмаган баллистик ракета Когондаги портлашларни келтириб чиқарган. Эрон дўстимиз, негаки у АҚШнинг душмани, шунинг учун ҳам Тошкентдагилар Теҳроннинг ракета учирганини кечирдилар.

- Ракета омборининг ер ости қисмига ўт ўчирувчилар кира олмаяптилар, у ердаги чўғ ҳали ўчгани йўқ ва янги портлашларни келтириб чиқариши мумкин. Янги ёнғинни олдини олиш учун қутқарувчилар ер ости омборини қуруқ муз билан тўлдирмоқдалар.

- Ёнғин оқибатларини тугатиш билан шахсан Россия фавқулодда вазиятлар вазири Сергей Шойгу раҳбарлиги остида россиялик қутқарувчилар шуғулланмоқда.

Энг ачинарлиги - расмий объектив тезкор ахборот йўқлиги важидан одмлар истаган нарсага ишонмоқдалар. Расмийлар эса одатдагидек журналистларни “аввалдан била туриб ёлғон хабар тарқатишда” ҳамда “аҳоли ўртасида ваҳима ёйишда”айблайдилар.

Сизчи, бундай айбловларга ким муносиб деб ўйлайсиз?..

Ўз ахб.