23:11 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Сўнгги могикан. Мустақил сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев Ўзбекистонни тарк этди

14.07.2008 11:11 msk

Фарғона.Ру

“Фарғона.Ру” АА таҳририятига маълум бўлишича, шу кунларда яна бир диссидент – мустақил сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди. Интернетда мунтазам равишда чоп этиб келган мақолаларида ҳамда хорижий радиостанцияларига интервьюлар давомида Йўлдошев ҳукмрон режимни қаттиқ танқид этиб келган.

Политолог Ташпулат Юлдашев
Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев

Мамлакатни тарк этиш сабабларини сиёсатшунос қуйидагича изоҳлаб берди.

- Шўролар даврида мен ўн беш йил давомида Яқин Шарқ мамлакатларида араб тили бўйича таржимон, кейинчалик эса дипломат бўлиб ишлаб келганман. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида юқори мансабларни эгаллаганман, Ўзбекистон Министрлар Советида “реформаторлар” гуруҳига кирганман. Ўзгача фикрлаганим ҳамда мухолифатдаги “Эрк” партиясининг биринчи дастурини тайёрлаганим учун мени эгаллаб турган ловозимимдан четлатдилар. Ислом Каримов режими мени ва фарзандларимни нафақат давлат муассасаларида, балки хусусий корхоналарда ҳам ишлаш ҳуқуқидан, яъни тирикчилик воситаларидан маҳрум этди. ўн йил давомида мен индамай келдим ва ҳеч қандай сиёсий фаолият олиб бормадим. Шунга қарамай, ҳукуматга нобақбул кимсаларнинг “қора рўйхатига” тушиб қолдим.

Ўз имкониятларимни қандайдир юзага чиқариш мақсадида 2003 йил февраль ойидан бошлаб публицистика билан шуғуллана бошладим. Турли баёнотлар, ҳужжатлар ҳамда “Эрк” партиясининг иккинчи дастурини тайёрладим, Интернетда турли тахаллуслар остида бир қатор мақолалар чоп этдим. Кузда “Эрк” сафидан чиқдим ва Интернетда ўз номим остида мақолалар чоп эта бошладим.

Махсус хизмат ходимлари менинг орқамдан қўйилган кузатувни кучайтирдилар, пикетлардан бирида иштирок этганим учун мени беш кунга қамаб қўйдилар. Махсус хизмат ходимлари бир неча бор менинг хонадонимга кириб, компьютеримдан маълумотларни, қўлёзма ва пулларимни ўғирлашган. Бунга ўрганиб ҳам қолгандим.

Май ойининг охиридан бошлаб мени кузатиш кучайди. Мен кўп маротаба чет эл радиоларига интервью берганман, шунинг учун ҳам “Озодлик” радиосига қарши кенг кўламда олиб борилаётган ёвуз кампания менга ҳам зиён етказиши мумкин эди. Ҳудди уларга ўхшаш мени ҳам “душман радиостанцияларига” кўмак беришда ва Интернетда чоп этилаган танқидий мақолаларим билан конституциявий тузумга путур етказишда айблашлари мумкин эди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлдим.

Қайд этамиз, Тошпўлат Йўлдошевнинг мамлакатни мажбуран тарк этиши билан 27 миллионли Ўзбекистонда бирорта ҳам мустақил сиёсатшунос қолмади.

Ўз ахб.



 

Реклама