21:06 msk, 20 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Бухоро вилоятидаги ҳодисалар Ўзбекистон ОАВ назарида

11.07.2008 18:01 msk

Ўз ахб.

Одамлар орасидан қурбонлар ва ўнлаб биноларни вайрон бўлишига олиб келган Бухоро вилояти Когон шаҳридаги кўламли фалокат ҳақидаги хабарлар бир зумда бутун дунё бўйлаб ахборот дастурларининг биринчи ўринларидан жой олди. Ўзбекистонда бунинг акси бўлди: бир кеча-кундуз давомида «ЎзА» Миллий ахборот агентлиги соат 12:57 да ёйинлаган қисқагина хабари ягона хабар бўлиб қолди.

«ЎзА» мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлигига таянган ҳолда хабар беришича,Мудофаа вазирлигининг Бухоро вилояти Когон туманида жойлашган ҳарбий қисмнинг ракета-артиллерия омборида ўт чиққан ва у омбордда ёнғин юз бериши ҳамда ўқ-дориларнинг портлашига сабаб бўлган. Ички ишлар бошқармаси кучлари ва Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари томонидан воқеа содир бўлган жой ўраб олинган. Яқин атрофда яшайдиган аҳоли хавфсиз жойга кўчирилган. Вазиятни бартараф этиш, зарур хавфсизлик чораларини таъминлаш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича Ҳукумат, Миллий хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа тузилмалар раҳбарларидан иборат ҳукумат комиссияси ташкил этилди.

Ҳалок бўлган ва жабрланганлар ҳақида «ЎзА» қуйидагиларни хабар қилди: “Дастлабки маълумотларга қараганда, портлаш натижасида 3 киши ҳалок бўлган, 21 киши жабрланган. Жабрланганларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда”.

Миллий ахборот агентлигининг хабари 27 миллионли Ўзбекистон аҳолиси учун ўзига ҳос сигнал бўлиб, бўлаётган ҳодисани қандай талқин қилиш кераклигига кўрсатма бўлиб қолди. Маҳаллий ОАВ бошқа хабар берганлари йўқ: воқеаларни ёритиш ЎзА монополиясига айланиб қолди. Масалан, Ўзбекистон телевидениесининг “Ахборот” дастури ЎзАнинг кун ярмида берган хабарини ўқиб эшиттирди, холос, бугун 11 июль куни эса Ўзбекистоннинг учта газетаси “Правда Востока”, “Народное слово” ва “Халқ сўзи” шу хабарни қайта чоп этди. Ўзбекистоннинг бошқа газеталари бу ҳақда ўқувчиларини хабардор этишга ёки ботина олмадилар ёки бунга рухсат олмадилар.

“Жаҳон” ахборот агентлигидан ташқари ЎзА хабарини Ўзбекистоннинг бошқа веб-саҳифалари қайта чоп эта олгани йўқ. Қолган барча расмий ва чаларасмий ахборот сайтлари Бухоро вилоятидаги ҳодиса ҳақида бир оғиз ҳам сўз очганлари йўқ.

Ўзбекистон расмийлари ҳақиқатни, айниқса ҳалок бўлганлар ва уларнинг ўлими сабаблари ҳақидаги ахборотни ёйинлашга хуши йўқлигига шубҳа йўқ. Букрини гўр тузатади. Эслатиб ўтамиз, 2004 йилда Тошкент четида террорчилик гуруҳини йўқ қилинганида расмийлар матбуот варақчасини ёйинлагандилар. Унда расман барча террорчилар – йигирма киши ўз жонига суиқасд қилганлари ҳақида маълум қилинганди. Кейинчалик танқидларга чидамаган расмийлар бу фаразни ўзгартирдилар ва бундан кейин бу ҳақда умуман эсламай қўйдилар.

Бошқа мисол: Ўзбекистон раҳбарлари 2005 йил Андижон фожеасида тўкилган қон кўламини жуда яхши билган ҳолда аввалига ҳалок бўлганлар сони ўн беш киши, дея билдиргандилар. Аммо, касални яширган билан иситмаси ошкор қилади деганларидек, ҳақиқатни яшириб бўлмас экан.

Ўзбекистон фуқаролари Бухоро вилоятида содир бўлган фалокат ҳақидаги ахборотни ишончлироқ манбалардан: Интернет, радио ва Россия телеканалларидан олишни афзал кўрадилар.