14:36 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ҳодиса шоҳиди билан интервью: Бухоро касалхоналари Когондаги ракета-артиллерия омборларидаги портлаш пайтида ярадор бўлганларга тўлиб кетган

11.07.2008 11:37 msk

Феруза Жоний

2008 йилнинг 10 июль куни Бухоро янги тарихининг энг драматик саҳифаси сифатида ёдда қоладиган бўлди. Бутун дунё Когондаги артиллерия омборида ёнғин оқибатида портлашлар содир бўлгани ҳақидаги хабарлардан ҳаяжонланди. Портлашлар оқибатида снарядлар омбордан учиб, шаҳарнинг турли бурчакларига тушди ва ўлим келтирувчи осколкаларини сочди. Портлаш оқибатлари вилоят маркази Бухорода ҳам яққол сезилди. Бу шаҳар четидаги уйларнинг дераза ойналари портлаш тўлқинидан чил-чил синди. “Фарғона.Ру” Бухородаги манба билан боғланиб ушбу вилоятда нималар содир бўлаётганини билишга муваффақ бўлди.

«Фарғона.Ру» АА фотосурати

“Когондан қочаётганимизда қаттиқ портлаш содир бўлди. Ҳаммамиз ҳудди кинодагидек бошимизни тўсиб ерга ётиб олдик. Кейин туриб яна югуриб кетдик”. (Воқеа шоҳидининг ҳикоясидан).

2008 йилнинг 10 июль куни Бухоро янги тарихининг энг драматик саҳифаси сифатида ёдда қоладиган бўлди. Бутун дунё Когондаги артиллерия омборида ёнғин оқибатида портлашлар содир бўлгани ҳақидаги хабарлардан ҳаяжонланди. Портлашлар оқибатида снарядлар омбордан учиб, шаҳарнинг турли бурчакларига тушди ва ўлим келтирувчи осколкаларини сочди. Портлаш оқибатлари вилоят маркази Бухорода ҳам яққол сезилди. Бу шаҳар четидаги уйларнинг дераза ойналари портлаш тўлқинидан чил-чил синди. “Фарғона.Ру” Бухородаги манба билан боғланиб ушбу вилоятда нималар содир бўлаётганини билишга муваффақ бўлди

- Когондаги портлаш пайтида ҳалок бўлганлар сони қанча? Расмий маълумотларга кўра уч киши ҳалок бўлган 21 киши яраланган деб айтилган.

- Норасмий маълумотлар расмийлардан анча фарқ қилади. Айни пайтда аниқ рақамларни келтира олмайман. Аммо шу чоққача вилоят клиник касалхонаси ва тез тиббий ёрдам маркази Когондан келган беморларга тўлиб кетган. Онкология ва кардиология шифохоналарида жойлар бўшатилмоқда. Ўзларининг касалларини чиқариб юбориб ўрнига Когонда портлашлардан жабрланганларни жойлаштираяптилар. Шифокорлар менга айтишларича, жабрланганлар орасидан юқори қон босими ва юрак хуружидан шикоят қилаётганларга биринчи навбатда тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ҳалок бўлганлар борасида расмий маълумотлардан бошқа маълумотлар ҳозирча йўқ, аммо воқеа шоҳидларига кўра, уларнинг сони уч кишидан анча кўп. Баъзи когонликлар қочаётганларида ўзларининг орасида ўлганлар сони беш кишидан кўплигини айтиб беришди. Шунинг учун ҳам улар расмий маълумотларга ишонмайдилар.

- Ярадорлар орасида кимлар кўп – ҳарбийларми ёки тинч аҳоли вакилларими?

- Аёллар, ўн олти ёшдан йигирма беш ёшгача бўлган ёшлар жуда кўп. Ҳаммалари асосан осколкадан – қўллари, панжалари, тиззаларидан яраланганлар...

- Ҳарбий қисм Когон четида жойлашганми? Ёнида турар-жой бинолари бормиди?

- Марказда ҳам эмас, четда ҳам эмас. Ҳарбий қисм ёнида одамлар истиқомат қилардилар. Когонликларга кўра, у ерда беш қаватли турар-жой биноси ва шаҳар касалхонаси бўлган. Бу икки бино ҳам ўпирилиб кетган. Эҳтимол, ҳарбий қисм ёнида яшаётган одамлар ўлиб кетган бўлсалар керак. Чунки, ҳодиса гувоҳларига кўра, уларнинг уйлари бутунлай вайрон бўлган, Бухорога келган жабрланганлар орасида эса шаҳар марказида, ундан тўрт-беш километр нарида истиқомат қилган одамлар кўпроқ. Уларнинг айтишича, ҳодиса содир бўлган жойдан келишган. Улар қочиб келаётганларида портлаш оқибатида снарядлар омборлардан отилиб чиққан ва одамларни осколкалар билан яралаган экан. Снаряд тушган уйлардан ҳам жабрланган одамларни олиб чиққанлар.

- Расмий маълумотга кўра, портлаш бир марта содир бўлган экан.

- Йўғ-эй, нималар деяпсиз! Эҳтимол энг қаттиқ портлаш бир марта бўлгандир, аммо жуда кўп маротаба портлашлар содир бўлган. Бу портлашлардан ҳатто Бухородаги кўп қаватли уйларнинг дераза ойналари синиб кетган. Масалан, бизнинг уйда. Соат 1:48 даги биринчи портлаш мен яшаётган шаҳар марказида ҳам сезилган.

Шундан кейин эрталаб соат 10 гача ўттиз мартадан зиёд портлашлар эшитилди.

- Ҳодиса содир бўлган жой уйингиздан йироқми?

- Тахминан йигирма километр нарида. Портлашлар натижасида уч қаватли уйимиз рақсга тушгандек бўлиб кетди, жуда ҳам даҳшат! Буни сўз билан ифода этиб бўлмайди. Шовқиндан қулоқларимиз қоматга келди. Дераза ойналари чил-чил синди. Кейин сукунат, шундан кейин яна портлаш...

- Расмий маълумотларга кўра, вокзалга ҳеч нарса бўлмаган эмиш.

- Қочиб келган одамларнинг айтишича, вокзалдан ҳеч нарса қолмаган. Жуда кўркам бино эди.

- Когон аҳолиси фақат Бухорога кўчирилганми?

- Ҳа. Уларни Бухородаги бўшаб ётган коллежлар, лицей, мактаб ва болалар боғчалари биноларига жойлаштира бошладилар. Когонда деярли ҳеч ким қолгани йўқ.

- Маҳаллий ҳокимият вакиллари ўзларини қандай тутаяптилар?

- Жабрланганларни Когондан олиб келишганида уларни вилоят ва шаҳар ҳокимликлари вакиллари жойлаштирдилар. Улар одамларга меҳрибончилик кўрсатдилар, ёрдам беришга ваъда қилдилар ва ҳақиқатдан ҳам ёрдам бердилар. Одамлар учун махсус нонушта ташкил этилди, уларни сув билан ва бошқа барча керакли нарсалар билан таъминладилар.

- Когонликларга қачон уйларига қайтишга ижозат берадилар?

- Баъзиларга улар Бухорода эҳтимол кечки соат бешгача бўлишларини, бошқаларига эса бу ерда икки-уч кун бўлишларини ва Когон тинчиб, қурол-аслаҳалардан тозаланганидан кейин кетишларини ваъда қилишган.

- Бухорда ҳозирги вазият қандай? Ҳарбийлар, милиция ходимлари шаҳарда кўпайиб қолган бўлса керак?

- Йўқ, аксинча,Бухорода ҳозир ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари камайиб қолганга ўхшайди. Милиционерларнинг аксариятини тунги соат учда ҳодиса содир бўлган ерга жўнатишган.

Шаҳар кўчаларида ҳам одамлар кам. Эрталаб Когондан келганлар ҳисобига одам кўп эди. Аммо ҳозир уларнинг ҳаммаси жойлаштирилди. Бундан ташқари, кўпчилик бухороликлар шаҳарни тарк этдилар. Маҳаллий аҳоли ўртасида гўёки омборда иккита йирик снаряд қолган деган миш-мишлар юрибди. Гўёки улар портласа ҳатто Бухоро ҳам талафот кўриши мумкин эмиш. Шунинг учун ҳам кўпчилик қариндошлариникига, қишлоқларга кетиб қолишган. Ҳозир шаҳар бўшаб қолган. Дўконлар, ресторан ва барларнинг аксарияти ёпилган.

- Бухородан бемалол чиқиб кетса бўладими?

- Ҳа, бемалол.

- Аҳоли ўртасида ёнғин сабаблари ва унинг кетидан содир бўлган портлашлар ҳақида қандай фаразлар юрибди?

- Олдинига одамлар Қоровулбозордаги нефтебаза портлаган деб ўйлашди. Кейин самолёт ёки ҳатто учар тарелка қулаб тушди деган фаразлар ҳам пайдо бўлди. Яна бир фараз – темир йўл вокзалидаги цистерна портлади деб ўйладилар.

Ҳарбий омбордаги портлашлар ҳақида одамлар бунинг террорчилик акти бўлишлигига ишонмайдилар. Чунки бу объект қаттиқ қўриқланади. У ерда жуда кўп ҳарбий хизматчилар бўлган. Шунинг учун ҳам кўпчилик фақат уч киши ҳалок бўлган деган гапларга ишонмаяпти. Ахир объектни қўриқлаётган аскарлар постни ташлаб кета олмас эди-ку.