17:34 msk, 23 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистон пахтаси: Синовлар даври

07.07.2008 08:37 msk

Юрий Елисеев, Чимкент

Сўнгги йигирма йил ичида Қозоғистоннинг жанубий вилоятларида илк бор ғўза экиш қисқарди. Йилдан-йилга кўпроқ майдонларни эгаллашга интилаётган монокультура сув етишмаслиги важидан чекинмоқда. Маҳаллий деҳқонлар ўзларига қарашли хўжаликларида бошқа экин етиштириш борасида ўйланиб қолдилар.

2008 йилнинг оғир келган ёз мавсуми

Ўтган йили Жанубий Қозоғистонда қиш эрта келди. Шунинг учун деҳқонлар ерни ҳайдашга улгурмадилар. Баҳорда эса ёмғир ёғиш ўрнига ўттиз даражали иссиқ бўлди ва шамол ердаги намнинг борини қуритиб юборди. Мақтаарал туманида (авваллари Пахтаорол деб аталарди) Ўзбекистондан оқиб келаётган Дўстлик каналида сув жилдираб оқиб келди. Деҳқонлар ҳеч бўлмаса насослар билан сувни кўтариб оламиз дея кечаю-кундуз ухламай сувнинг келишини пойладилар, аммо кўпчилик сувга етиша олмади.

Расмийларнинг “пахтадан бошқа нарса эка қолинглар”, деб ялинишига қарамай, деҳқонлар ёмғир ёғишига умид қилиб деярли 20 минг гектар қуруқ ерга чигит қададилар. Ҳаммаям таваккал қилишга ботинмади. Шунинг учун ҳам 200 минг гектар ўрнига 162 минг гектар ерга чигит қадалди, холос.

Так собирают хлопок в Южном Казахстане
Жанубий Қозоғистонда пахта терими. Муаллиф фотосурати

Май ойида чигит униб чиққанида узоқ кутилган ёғингарчилик бошланди. Аммо

Яратганнинг оби-раҳмати эмас, экинни вайрон қилувчи жала ва бедана тухумидек дўл ёғди. Кутилмаган табиий офат деярли 30 минг гектар ердаги ғўзани йўқ қилди.

- Бизга жуда оғир зарба бўлди, - дейди Жанубий Қозоғистондаги энг катта кооперативлардан бирининг раиси Саъди Бекенов. – Май байрамларидан кейин культивация қилмоқчи бўлиб тургандик, ҳамаси расво бўлди. Қайта чигит экадиган бўлсак ўн миллион танга зарар кўрар эканмиз. Экадиган вақт ҳам ўтиб кетаяпти. Солярка қидираяпмиз, уруғлик чигитнинг нархи ҳам осмонга чиқиб кетибди – бир килоси юз танга. Ҳаммасини қайта экамиз деган ҳаёл ҳеч кимнинг бошига келмагани учун ҳам уруғлик чигит оз қолганди.

Пахтакорлар қайта экилган майдонда ҳосилдорлик деярли икки баробарига пасайишини яхши билишади. Боз устига, ёзда ғўза суғоргани сувнинг қанчалик сероб бўлиши номаълум. Ҳозирдан бошлаб Дўстлик каналидан ваъда қилинган 60 куб метр ўрнига бор-йўғ 38 куб метр сув оқмоқда. Нимаям қила олардик, Ўзбекистон ҳам сувсизликдан қийналаяпти.

Қозоғистон пахтакорлари учун бу йил оғир келиши кундек равшан. Деҳқонлар бирор қарорга келишга мажбур бўладилар: ёки бошқа экинга ўтиш ёки йирик хўжаликларга бирлашиб келаётган зарарни камайтириш. Мутахассислар ҳам сув тақчиллиги бир-неча йилга чўзилишини башорат қилмоқдалар.

Ибтидони эсласак…

Мустақилликка эришилганидан сўнг Жанубий Қозоғистон қишлоқ хўжалиги учун экспортга яроқли ягона маҳсулот - пахта эканлиги маълум бўлиб қолди. Мева-сабзавот, ғалла ва ҳатто гўшт маҳсулотлари сифатининг пастлиги, кам миқдори ва сотув инфратузилмаларининг йўқлиги важидан халқаро бозорга йўл топа олмади.

Кондицияси паст бўлишига қарамай, пахтага талаб эҳтиёж барқарорлигича қолди. Шу важдан Мақтаарал туманида турли трейдер фирмаларининг вакиллари ўрнашиб олдилар. Улар баҳорги дала ишларини ўтказиш учун деҳқонларга аванс бера бошладилар. Пахта теримидан кейин эса қолган пахтани ҳам нақд пул тўлаб олиб кетардилар. Бундай шароитда пахта экин майдонларининг кенгайишига ҳайрон бўлмаса ҳам бўлаверади.

Статистика маълумотларига кўра 1995 йилда Жанубий Қозоғистон вилоятида ғўза учун 109,6 минг гектар ер ажратилган бўлса, 2004 йилга келиб бу кўрсаткич 224 минг гектарга етди.

Фойда кетидан қувган пахтакорлар алмашлаб экиш ва бошқа агротехник тадбирларсиз пахта монокультураси ернинг кучини олиб қўйишини унутиб қўйдилар.

“Сўнгги ўн йил давомида ҳосилдорлик 25-28 центнердан 19-20 центнергача тушиб кетди, - дея билдирди Қозоғистон пахтакорлари уюшмасининг раиси Саин Бақтибаев. – Пахта толасининг чиқиши ўртача миқдори ҳам уч фоизга пасайди. Ғўза етиштиришда агротехник тадбирларни бузиб ўтказиш, майда қишлоқ хўжалик субъектлари материал-техникавий базасининг заифлиги, тупроқ унумдорлигининг пасайиши пахтачиликни ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда”.

Маҳаллий статистика идораларининг маълумотларига кўра, Жанубий Қозоғистонда 2004 йилда 466 минг тонна пахта териб олинган. Пахта заводларида қайта ишлаш технологиясини ўтаганидан кейин 140 минг тонна пахта толаси ишлаб чиқарилган; 2005 йилда бу кўрсаткичлар – 462 ва 156,3 минг тонна; 2006 йилда – 435,3 ва 145 минг тонна; 2007 йилда – 441,5 ва 110,8 минг тоннани ташкил этган.

Баъзи мутахассислар расмий идоралар тақдим этган рақамларни ҳақиқатдан йироқ деб ҳисоблайдилар. Боз устига, Қозоғистон пахтасининг маълум бир қисми Ўзбекистонда етиштирилган: Қозоғистонда пахтанинг харид нархлари юқорилиги сабабли Ўзбекистон далаларида терилган пахтани чегара орқали ноқонуний тарзда олиб ўтиш ҳоллари ҳозиргача кенг тус олган. Аммо бу бошқа мавзу. [Ўзбекистон пахтасини Қозоғистон ва Қирғизистонга контрабандаси ҳақида келгуси мақолаларимизнинг бирида батафсил тўхталиб ўтамиз. – таҳр.изоҳи].

Бирлашайлик дўстлар!

Сўнгги йилларда маҳаллий расмийлар тарқоқ деҳқон хўжаликларини бирлаштиришга уринмоқдалар. Зероки, ҳеч нарса ўзгармаса, маҳаллий деҳқонлар фақат пахта экиб яқин келажакда ерни “ўлдириб” қўядилар. Турли имтиёзлар, банк кредитлари, ёқилғи маҳсулотлари ва минерал ўғитлари учун субсидиялар биринчи навбатда йирик бирлашма ва уюшмаларга берилмоқда. Бундан ташқари, давлат сувга субсидияларни ҳам дифференциялаштирди: эскича услубда, сувни жўяк орқали оқизиб суғорадиган деҳқонларга харажатларнинг 10 фоизи қопланади, холос. Сувни тежайдиган томчилаб суғориш каби замонавий технологиялардан фойдаланган деҳқонлар учун харажатларнинг 80 фоизи қопланмоқда. Аммо майда хўжаликлар бундай тизимни жорий қилишга имкониятлари етишмайди, банкдан кредит олишнинг эса деярли имконияти йўқ. Негаки, банкирлар гаров эвазига қишлоқ жойидаги уй ёки бир-икки гектар ерни қабул қилмай қўйган. Шунинг учун ҳам расмийлар деҳқонларнинг бирлашишига умид қилмоқдалар.

Лекин бу чоралар ҳам кутилган ўзгаришларга олиб келмаяпти. Пахтачилик билан шуғулланувчи деҳқонларнинг ер улушлари ўртача 3,2 гектарга тўғри келади. Майда хўжаликлар раҳбарлари расмийларнинг йирик қишлоқ хўжалиги бирлашмаларига бирлаштириш ғоясига ишончсизлик билан қарамоқдалар.

“Айтайлик, ўзимга ўхшаган ўнта деҳқон билан бирлашдик ҳам дейлик, юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтармиз, ягона давлат актини, имтиёзлар, банкдан кредит ҳам олармиз, - дейди хусусий тадбиркор Дилмухамет Носиров. – Кейинчи? Агар бирлашма солиқларни тўлай олмай, кредит қарзларини қайтариб бера олмаса, ўз участкамдан 40 центнер ҳосил йиғиштириб олишимга ва мўмай даромад олганимга қарамай еримни олиб қўйишадими? Шу беш гектар еримдан бошқа ҳеч нарсам йўқ бўлса...”

Пахтакорларнинг тарқоқлиги туфайли давлат далаларни зараркунандалардан тозалашни ҳам ўз зиммасига олган. Аммо давлат ёрдами етарли даражада самара бермаяпти. Ўн минглаб гектар далаларда ғўза турли касалликларга чалинган ва йил сайин зарарланган майдонлар кенгайиб бормоқда. Оқибатда пахта хом ашёсининг сифати пасаймоқда.

Хориждан ёрдам кутиш?

Ҳар ҳолда Жанубий Қозоғистонда пахтакорларнинг баъзи кооперациялари мавжудлигини қайд этиш жоиз. Масалан, сув фойдаланувчилари уюшмаси. Аммо бу тузилмалар юқоридан туриб тузилган ва ҳозирча деҳқонлар бундай тузилмаларга масъулият ҳиси ила ёндашмаяптилар ва уларнинг самарали фаолиятга интилмаяптилар. Оқибатда ҳатто тўла-тўкис давлат ҳисобига амалага оширилиши режалаштирилган кенг кўламли лойиҳаларни ҳам жорий этиб бўлмаяпти.

Масалан, Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Тараққиёт ва реконструкция халқаро банкининг молиявий кўмаги остида “Суғориш ва дренаж тизимларини такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида Мақтаарал туманида 1998 йилдан 2002 йилгача далаларни сув билан таъминотини яхшилаш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Ўшанда 190 километр суғориш каналлари реконструкция қилинди, 1086 та гидротехникавий иншоотлар қурилди, 57 та вертикал қудуқлар қазилди 92 километр электр тармоқлари тортилди. Бундан ташқари, сизоб сувларининг тузланганлик даражасини кузатиш ва прогноз қилиш учун 93 та мониторинг қудуқлари қурилди. Бу иншоотларнинг бари сув фойдаланувчиларининг “Барака” ва “Тоза сув” дея аталувчи икки қишлоқ хўжалиги истеъмолчи кооперативларининг балансига ўтказилди.

Аммо 2004 йилда кооператив аъзолари қудуқлардан фойдаланишдан воз кечдилар. Олдинги йилда зараркунандалар ёпирилиб келиши туфайли ҳосилдорлик ўта паст бўлди ва деярли фойда кўрилмади. Деҳқонлар қудуқларни эксплуатация қилишга пул топа олмадилар.

Ишламаган қудуқлар трансформаторларидаги мис ўрамлари рангли металл ишқибозларини эътиборига тушди. Трансформаторларни ўғирлаш бошланди.

“Кимдир ломга топширган бўлса, бошқаси трансформаторларнинг ўзини сота бошлади. Уларнинг ўша пайтдаги нархи эса ярим миллион тангадан ошиқроқ эди, - дейди “Барака” кооперативининг раиси Асилбек Адеханов. – Ҳозир 57 та қудуқдан ўн бештасида трансформатор қолди, холос. Аммо бу режалаштирилган самарани бермайди. Ўшанда полицияга мурожаат қилгандим, аммо трансформаторлардан бирортаси ҳам топилгани йўқ”.

2007 йил баҳорига келиб қудуқларнинг фақат учдан биригина эксплуатация қоидаларига мувофиқ ишлаш имкониятига эга эди. Қолганларига янги трансформатор олиш лозим, суғориш ва дренаж тизимларининг аҳволи кўнгилдагидек эмас, “Барака ва “Тоза сув” коопретивлари эса қарзга ботган. Битта “Барака”нинг асосий қарзлари – банкка мукофот ва жарималар бўйича - ,27 миллион долларни ташкил этади. Қишлоқ хўжалиги тузилмаларининг бундай аянчли тажрибаси деҳқонларни янги тузилмалар тузишдан тийиб турибди.

Шу билан бирга, бу йил келган қийинчиликлар деҳқонларнинг якка-ёлғиз омон қола олмасликларини кўрсатмоқда. Жўжа саналадиган куздагина бундан бери Қозоғистон пахтачилиги қай тарзда ривожланишини кўрсатиши мумкин.

Юрий Елисеев, Чимкент