11:47 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Мамлакат олий ўқув юртларида ўқиш учун тўлов пули бир ярим баробарга кўтарилмоқда

30.06.2008 18:48 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги манбасининг маълум қилишича,2008/2009 ўқув йилида ўқишга кирган барча абитуриентларига биринчи курсда ўқиш мутлақо бепул бўлади. Яъни, республикадаги барча талабалар таълим шаклидан қатъий назар – бюджетми (грант) ёки пуллик- шартнома асосидами, ҳаммалари биринчи йил ўқишлари учун пул тўламайдилар.

Бу янгилик расман ёзги таътиллар тамом бўлганидан кейин эълон қилиниши керак. Ўзбекистонда жорий йил “Ёшлар йили” деб эълон қилингани учун ҳам ҳукумат гўёки талабаларга шундай совға тайёрлаган. Ўсиб келаётган ёш авлодга давлат ўзининг меҳрибончилиги ва эътиборини кўрсатаётганининг яққол далилига ўхшаб кетмаяптими? Хулоса чиқаришга шошилманг. Бу совға Ўзбекистон олий ўқув юртларида таълим учун тўлов пулининг кескин кўтарилишидан олдин салбий оқибатларни юмшатишга қаратилган пиар-акциянинг ўзгинаси, холос.

Аҳоли жон бошига 10 минг кишига тўғри келадиган талабалар сонини қиёсланадиган бўлса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 90 тадан сал ошади, холос. Ҳолбуки, қўшни Қирғизистонда бу кўрсаткич 410, Тайванда 572, Канадада 322 кишини ташкил этади. Ўзбекистоннинг қирқ фоиз аҳолисини 18 ёшгача ёш болалар ва ўспиринлар ташкил этади. Лекин, мактаб битирувчиларининг ўн фоизигина олий ўқув юртларида таълим олишни давом эттирадилар. Ўзбекистон университетлари ва институтларига кириб ўқишни истайдиганлар сони қабул қилинганларга нисбатан бир неча бор кўп.
Ўзбекистонда бюджет ва пуллик-шартнома асосида қабул қилинадиган биринчи курс талабалари миқдори ҳамда уларни қабул қилиш тартиби республика ҳукумати томонидан ўрнатилажак умумий квоталар билан белгилаб берилади. Жорий йилда бакалаврлар тайёрлаш кундузги бўлимларига 58000 та ўрин ажратилаган. Пуллик ва бюджет асосида ажратилган ўринларининг фоиз нисбати матбуотда эълон қилинмаган.

Ўзбекистоннинг олтмишта олий ўқув муассасаларида бугунги кунда 280 миндан зиёд талаба таҳсил олмоқда. Жами талабаларнинг тахминан етмиш фоизини ташкил этувчи пуллик-шартнома асосида ўқиётган талабалар учун келгуси ўқув йилидан бошлаб таълим учун тўлов пули ўртача бир ярим баробарига ошади.

Республикада 2007/2008 ўқув йилида бир йиллик ўқиш учун тўлов пули ўртача 800 минг сўмни (600 доллардан сал ошиқроқ) ташкил этган бўлса, келгуси йилдан бошлаб 1,2 миллион сўмгача (деярли 900 доллар) етади.

Шартнома асосида таълим олаётган талабаларни ёзги таътиллар бошланишидан олдин “таълим учун янги нарх бўйича тўлов тўлаш” ҳақида қандайдир тилхатларни имзолашга мажбур қилганлари маълум.

Шундай қилиб, давлат бўлажак биринчи курс талабаларига совға қилаётган бепул ўқув йилидан ҳеч қанақасига зиён кўрмайди.

Олий таълим вазирлиги расмий веб-саҳифасига кўра, 2008/2009 ўқув йилига 58 мингта кундузги бакалаврлар ўринлари ажратилган. Улардан деярли 40 мингги пуллик-шартнома асосида таҳсил оладилар. Давлат кўраётган зарар 48 миллиард сўмни (35 миллион доллар) ташкил этишини ҳисоблаш қийин эмас. Шу билан бирга, қолган талабалар учун тўлов нархлари ошишидан олинадиган фойда 192 миллиард сўмни (140 миллион доллар) ташкил этади.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ҳукумати “ёшлар тўғрисида тинмай қайғураётганини” эълон қилгани билан амалда қўшимча даромад сифатида халқнинг мўмайгина 150 миллион долларини ўзлаштирмоқда.

Адолат юзасидан қайд этиш жоизки, Ўзбекистон олий ўқув юртларида таълим олиш учун тўлов пули Россияга нисбатан анча кам. Масалан, М.Ломоносов номли Москва Давлат университетида энг кам тўлов пули йилига 6,0 минг долларни ташкил этади. Аммо Ўзбекистон ва Россия турмуш даражаси ўртасида жуда катта тафовут борлигини эътиборга олиш лозим. Шу билан бирга, Ўзбекистонда олий таълим учун тўлов пули мунтазам равишда ўсиб бормоқда.



 

Реклама