18:16 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мўътабар Тожибоева: “Мен ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланишни давом этаман”

25.06.2008 09:55 msk

Алексей Волосевич

Бу аёлни қамаш учун кўпчилик: милиционерлар, эсенбечилар, (миллий хавфсизлик хизмати ходимлари), президент маъмурияти вакиллари, прокурорлар, судьялар ҳаракат қилганлар. Уни суд қилаётганларида Дўстобод шаҳрини кучишлатар тузилмалари ходимлари ўраб олишган. Тожибоевани Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 18 та моддаси бўйича айбладилар ва саккиз йилга қамадилар. Уни озодликка чиқариш учун обрўли халқаро ташкилотлар, давлат намояндалари ва ғарб мамлакатлари ҳукуматлари курашдилар. У икки йил саккиз ой панжара ортида ўтирди. Турмадалигида оғир операцияни бошидан кечирди. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш бўйича “Ўтюраклар клуби” асосчиси Мўътабар Тожибоевани расмийлар ўзларига нисбатан таҳдид сифатида кўрдилар. Ҳозир у Марғилон шаҳридаги клиникалардан бирида даволанмоқда. Бўйи баланд эмас, ҳаракатчан, кулиб турган. Сўзлашганда турма ибораларни кўп ишлатади.

Мутабар Таджибаева
Мўътабар Тожибоева. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Менинг озод қилинишим нафақат мен учун, балки мен билан ўтирган аёллар, дўстларим ва қариндошларим учун ҳам кутилмаган воқеа бўлди, - дея ҳикоя қилади Мўътабар. – Иккинчи июнь куни камерада ётгандим (операциядан кейин мен доим ётганман). Соат 11 да мени чақиртириб зудлик билан нарсаларимни марказий каптёркага топширишни буюрдилар. Қайтиб келиб шерикларимга мени қаергадир кўчиришмоқчи, қаергалигини айтишмади, деб айтдим. Ўзимча мени Тоштурмага олиб кетадилар деб ўйлагандим.

Шу кайфият билан отрядга бордим. Бошлиқ аёл менга тезроқ нарсаларимни йиғиштиришимни буюрди. Беш минут вақт беришди. Аёллар мен билан хайрлашмоқчи бўлдилар, улар бўлса: “Вақт йўқ” деб рухсат бермадилар. Навбатчи назоратчи олдига кириб нарсаларни топширдим ва мени қаерга олиб кетаяптилар, деб сўрадим. “Кейин айтамиз”, дейди. Тезда нарсаларимни қабул қилиб олдилар, эски кийимларимни бердилар ва ҳужжатларни расмийлаштирдилар. Ўн дақиқадан сўнг зонадан ташқарига олиб чиқдилар. Мени озод қилишаётганини ва 72 моддага асосан қолган муддатни уч йил шартли жазога алмаштирганларини эълон қилдилар. Мен тегишли ҳужжатларга имзо чекдим.

Шундан кейин мени зонанинг “Тез ёрдам” машинасига ўтқаздилар ва бир неча соатдан кейин Марғилонга олиб келдилар. Марғилон шаҳар милицияси бўлимига келтириб, уларга топширдилар. Ҳужжатларни расмийлаштириш бошланди. Мен “қариндошларим қамоқдан чиққанимни билишмайди, уларга телефон қилсам майлими?”, деб сўрадим. “Майли, телефон қилинг”, дейишди. Телефон гўшагини қизим кўтарди. “Ким бу?”, деб сўрайди. “Мен, ойингман”, деб айтдим. “Ойижон!..” дея йиғлаб дод сола бошлади: “Қаердасиз?”. - Марғилондаги милиция бўлимидаман, сал туриб етиб бораман уйга, - деб айтдим.

Милиционерлар кўчада “Тико” машинасини тўхтатдилар ва мени уйга олиб бордилар. Уйга етиб келганимда қўни-қўшниларимнинг ҳаммаси билган, тўпланиб мени кутишаётган экан. Қучоқлашиб кўриша бошладик, опа-сингилларим, қариндошларим етиб келишди. Озодликка чиққанимга ишонмай ўтирибман.

Ўша куни кечаси билан одам тинмади, кимдир радиодан эшитган, бошқаси одамлардан. Беш кун ўтиб қўй сўйиб келганимни байрам қилдик, карнай-сурнай, мусиқачилар ансамбли келди ... Тўйга ўхшаб кетди – 300 га яқин одам тўпланди. Одамлар олдимга келишдан қўрқмадилар, хурсандчилик қилиб қўшиқ айтдилар. Ҳаммалари микрофонга ёпишадилар, қўлларига микрофонни олиб сиз билан фахрланамиз, қайтганингиздан хурсандмиз дейишди. Ҳатто видеотасвирга ҳам олишди, ҳозир монтаж қилишаяпти...

- Соғлиғингиз қандай? Оғир оперция қилишибди...

- Тўққизинчи июнь куни ташхис марказига бордик. Қирқ иккита касаллик топишди (камқонлик, қандли диабет, юрак ҳасталиги, панкреатит, радикулит, тромбофлебит ва шунга ўхшаш дардлар). Текширишни тугатмадилар; бачадонимни олиб ташлаганларини айтдим, бу соҳани ҳали текширганлари йўқ. Бу дардларнинг барчасини қамоқда орттирдим. Тергов қилаётганларида, 2005 йилдаёқ менга амнистия бўйича озод қилинишимни таклиф этдилар. “Менга амнистия керак эмас, амнистия жиноятчилар учун. Мен жиноят содир этганим йўқ. Судда айбим йўқлигини исботлайман”, - деб айтдим.

Аввалига мени 2 та модда билан айбладилар, кейин яна 16 та модда қўшиб қўйдилар, жами 18 та бўлди. “Буям озлик қилса, яна қўшинглар, барибир айбим йўқлигини исботлайман”, - дедим. Судда прокурор 9 йил сўради, 8 йил беришди.

Шундан кейин мени авфнома (қариндошларидан озиқ-овқат ва зарур нарсалар жўнатмаси. – Таҳр.) бердирмай қўйдилар. Қариндошларим билан “свидание” - учрашув бермадилар, шунинг учун ҳам бирорта иссиқ кийимим йўқ эди. Изоляторга қамаганларида атайнига дераза ойналарини очиб қўйишарди, мен эса иссиқ кийимсиз ўтирардим. Жуда ҳам совуқ эди... Касалман, совуқ қотдим десам, градусник олиб келиб, мана камерада ҳарорат 18 даража дейишарди. Бир марта бу градусникни текшириб кўрдим – ташқарида қор, эшик очиқ эди, ўша ерга қўйсам ҳам 18 даража кўрсатди...

Мутабар Таджибаева
Мўътабар Тожибоева. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Мени жуда кўп маротаба изоляторга қамадилар. Бир марта ҳушимдан кетиб қолдим. Тиббий бўлимга олиб бориб қандайдир укол қилдилар ва ўзимга келишим билан яна изоляторга олиб келиб қўйдилар. Улар мени “авфнома” ёзишга мажбур қилмоқчи бўлдилар. “Нима кераги бор сизга бу ерда ўтиришни, “авфнома” ёзиб бу ердан чиқиб кетмайсизми? Ахир бу сиз ўтирадиган жой эмас-ку”, дейишарди. Аммо мен бу ердан фақат оқланиб чиқаман дердим.

Ҳамма дардларим шундан бошланди. Қаттиқ касал бўлиб қолдим. Ҳатто ёта олмай қолдим. Ўтириб ухлашга тўғри келди. Шунда бошқа аёллардан олмос топишга ёрдам беришларини сўрай бошладим. Томирларимни кесмоқчи бўлдим. Шунда улар бу гапимни бошлиқларга бориб айтдилар. Аёллар менга “Агар сизни ҳурмат қилмаганимизда топиб берардик, аммо биз сизни ҳурмат қиламиз, шунинг учун ҳам сизга олмос бермаймиз”, дедилар.

Операцияга олиб кетаётганларида ҳаммаси тамом, энди мени жисмонан йўқ қилишга буйруқ беришган бўлса керак, деб ўйладим. Ёнимдаги аёллар ҳам йиғлаб, “Кетманг, опрецияга рози бўлманг”, дейишарди. Мени операцияга тайёрлаётганларида куним битибди деган ҳаёл келди. Ётиб ўйлайвердим, тўғри яшадимми, қаерда хато қилдим, деган фикрлар келаверди. Қилган ишларимдан уяладиган ерим йўқ деган хулосага келдим. Ҳеч нарсага афсусланмадим.

Операциядан олдин менга бу киста деб айтишганди. Опрециядан кейин эса Тошкент шаҳар онкология касалхонаси гинекология бўлими мудираси профессор Нигора Отахонова олдимга кириб опреция пайтида кесишганида киста эмас, бошқача ўсма борлиги аниқланганини айтди. Менга жуда кўп уколлар қила бошладилар. Шунда кўрсам, улар мени ўлиб қолишимдан жуда хавотирда эканлар. Ҳатто тезкор отряд бўлими бошлиғи Александра Дмитриевна Якубович (зонада бундайларни гестапо дейишади) 8 кун устимда ўтириб, мени парвариш қилди. Ўнинчи куни яраларимни боғлаётган врач Наргиза Зокировадан аёлларнинг ҳайз касалликлари ҳақида сўрадим. Шунда у менга операция пайтида бачадонимни олиб ташлаганларини айтди.

- Ҳозир ҳуқуқ ҳимоячиларини озод қилишдан аввал улар учун журналистар билан учрашмасликни, интервью бермасликни, журналистика ва ҳуқуқ ҳимоя қилиш фаолити билан шуғулланмасликни шарт қилиб қўядилар. Сизга шунга ўхшаш шарт қўйишдими?

- Йўқ, мен учун ҳеч қандай шарт қўйганлари йўқ, на ёзма равишда ва на оғзаки. Фақат Марғилон шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи Камолиддин Обидов аввал мени озодликка чиққаним билан табриклади, кейин эса огоҳлантирди: “Ўзингиз ўқигандирсиз, 72 модданинг мазмунини. Қандайдир қалтис ҳаракатлар бўлиб қолса яна зонага қайтишингиз мумкин. Буни унутманг”, - деб деди. 72 –чи моддада жиноят қилишни давом этса (интервью бериш ёки мақола ёзиш жиноят бўлса – мен буни давом эттираман), мени яна 5 йил 4 ойга зонага жўнатиб юборишади. Шунга қарамай, мен барибир интервью бераман ва ўз фикримни баён этаман.

Мутабар Таджибаева
Мўътабар Тожибоева. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

- Сизга босим ўтказишаяптими?

- Йўқ, фақат бир марта, поликлиникадан қайтаётганмда қандайдир йигит мени видео тасвирга олаётганини кўрдим. Қизим таксини тўхтатганди, йигит тезда югуриб “Нексия”га ўтириб кетди. Аввалига уйим атрофида уч-тўртта машинанинг навбатчилик қилаётганини кўрдим, олдимга ким келаётганини текширдилар, шекилли. Ташқи кузатув. Аммо менга босим ўтказганлари йўқ. Ҳаммаси жойида.

- Келгусига режаларингиз қандай? Ҳуқуқ ҳимояси фаолияти билан шуғулланишни давом этасизми?

- Ҳатто зонада ўтирганимда ҳам бу фаолиятимни тўхтатмаганман. Албатта бу фаолиятимни тўхтатмайман.

Шу жойда Мўътабар суҳбат мавзусини ўзгартирди ва диктофонга қуйидаги сўзларни албатта ёзиб олишимни сўради.

- Мени ҳибсга олганларида, маҳкума аёллар мени жуда яхши кутиб олдилар. Менинг журналист эканлигимдан ва зонага келганимдан хурсанд бўлдилар. Чунки у ер оролга ўхшаган жой, ҳеч ким ҳеч нарса қила олмайди, улар нафақат озодликдан, балки барча ҳуқуқларидан маҳрумлар. Ҳар куни зонани ва маҳбус аёлларни тушимда кўраман. Улар менинг бирор яхши иш қилишимни кутадилар. 24 март куни Қизил Хоч вакиллари келишганида аёллар уларга кўплаб муаммоларни сўзлаб бердилар. Шундан кейин режим бўлимининг бошлиғи Азамат Эгамбердиев барча хўжалик бўлими мудирларини чақиртириб: “Сизлар Қизил Хоч вакилларига бизнинг ёмон муносабатимиз ҳақида сўзлаб берибсизлар. Ўзингизга муаммо орттирдингиз, холос”, деб айтди. У кутубхонадан битта қўшиқ топди, шеърини 18 ёшли қиз ёзган экан. “Эй она юртим, жоним, ғуруримсан оримсан”, деган сўзлардан бошланади. Қўшиқ матнини завхозларга тарқатди ва аёллар ҳар куни шу қўшиқни айтишлари кераклигини айтди. Бу қўшиқ зонада ҳар куни 60 марта янграйди. Агар бирор аёлни тўхтатиб шу қўшиқни айт дейилса-ю, у айта олмаса, ички тартибни бузган бўлади. Мен шу қўшиқни айттиришни тўхтатишларини жуда ҳам истардим.

Алексей Волосевич ёзиб олди