14:35 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Эҳтиёт бўлинг, Тошкент ҳовлиларига ёвуз “Габус” тажовуз қилмоқда

24.06.2008 06:27 msk

Темурхон Олимханов

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги таҳририяти бир ҳафта илгари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш борасидаги муаммолар бўйича муқобил танлов эълон қилганди. Бугун танловимизга юборилган биринчи мақолани чоп этамиз. Мақола муаллифи Тошкентдаги қурилиш ширкатларининг Ўзбекистон пойтахтида истиқомат қилувчи уй эгаларининг ҳуқуқларини қандай бузаётганлари ҳақида сўз юритади. Ўзбекистон ҳукумати мутасаддилари орасидан ҳомий топиб олган “Габус” қурилиш фирмаси фойда кетидан қувиб нафақат Тошкент марказидаги уйларни бузмоқда, балки маҳаллий аҳолининг энг оддий ҳуқуқларини ҳам пой-мол этмоқда.

Дом №84 по улице Кичик Бешёгоч, половина которого уже снесена. Монтер отрезает телефонную линию
Кичик Бешёғоч кўчасидаги №84 уйнинг ярми бузилиб бўлган. Монтёр телефон тармоғидан узаяпти.

Ўзбекистонда кўп қаватли элита уйлар қуришга ихтисослашган энг йирик ширкатлардан саналган “Габус” қурилиш инвестиция жамғармаси (ҚИЖ) Тошкент шаҳар аҳолиси ўртасида ўзининг уй-жой эгаларига нисбатан ҳуқуққа зид ҳаракатлари билан ном қозонган. Ўзига керакли ҳудуд – пойтахт марказидаги режали уйларга тўла маҳаллага эга бўлиши, яъни Вазирлар Маҳкамаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигидан ўша ҳудудда қурилишга рухсат олиши билан ширкат уй эгаларига на муносиб қийматдаги турар-жой ва на бузилаётган уй эвазига бозор нархида товон пули тўламай туриб огоҳлантиришсиз уйларни бузишга кириша бошламоқда.

Яккасарой тумани Кичик Бешёғоч кўчасида истиқомат қилувчи тошкентликлар қурилиш инвестиция жамғармаси бизнесидан жабрланганларнинг сўнггиси бўлди. Жорий йилнинг 19 май куни маҳаллада қўққисдан “Габус” ширкатининг дош директори Александр Усеинов пайдо бўлди. У бу ерда эски уйлар бузилиб, ўрнига кўп қаватли элита уйлар қурилади дея билдирди. “Ҳароб кулбаларингиз Тошкентнинг хуснига доғ бўлиб турибди. Бу кўчадан президент ўтиб туради. Бу уйларнинг ўрнига кўп қаватли чиройли уй қурилади ва ўзининг кўриниши билан пойтахт аҳолиси ва меҳмонларнинг назарини қувонтиради”, - деди А.Усеинов.

Шундан кейин маҳаллий аҳоли ва “Габус” ширкати ўртасида бузиладиган уйлар эвазига муносиб турар-жой ёки товон пули тўғрисида музокаралар бошланди. Аввалига ҚИЖ бош директори аҳолига Тошкентнинг истаган ерида ўзларига уй ёки хонадон топишлари мумкинлигини билдирди. “Неча пул турса ҳам сизга ҳовли ёки квартира олиб берамиз”, - дея ваъда қилди А.Усеинов.

Аммо, одамлар оғзаки шартга кўниб уй бузилишига рози бўлган ҳолда ўзларига янги ҳовли ёки квартира топа бошлаганларида “Габус” раҳбари уларни сотиб олишдан ўзини олиб қоча бошлади. “Бу жуда қиммат! Арзонроқ уй топинглар!”, дея билдирарди ҚИЖ раҳбари. Охир-оқибат, А.Усеинов ҳар бир бузиладиган ҳовли эвазига Тошкент четидан фақат икки хонали квартира олиб бера олишини ёки уй эгаларига 15 миллион сўмдан (10 минг доллардан сал ошиқроқ) беришини гапира бошлади.

Турган гап, бузилаётган уй эгалари бу шартларга кўнмадилар. Негаки, биринчидан, улар шаҳар марказида истиқомат қиладилар, иккинчидан, уларга тегишли уйлар икки хонали квартира эмас, режадаги ҳовли ва учинчидан, ҳозирги кунда 15 милион сўмга Тошкентнинг энг четида ҳам ҳатто бир хонали квартира сотиб олиб бўлмайди.

Пойтахт маркази аҳолисининг қайсарлиги “Габус” бош директорини бадтар жаҳлини чиқариб юборди: у турар-жой эгаларига очиқдан-очиқ таҳдид қила бошлади ва “ҳаммалари лаш-лушларини йиғиштириб, бу ердан туёқларни шиққиллатиб қолсин”, дея бошлади. Шундан сўнг бизнесмен зудлик билан уйларни бузишга киришишга буйруқ берди.

“Уйлар қўққисдан, огоҳлантиришларсиз бузила бошланди. “Габус”чилар уйимни электр тармоғи таъминотидан узиб қўйдилар, томимни ва уй деворини бир қисмини буздилар ҳамдо уй атрофини темир девор билан ўраб қўйдилар”, - дейди Кичик Бешёғоч кўча уй №84 да истиқомат қилувчи собиқ ҳарбий врач, пенсионер Олег Тютялин. Унга кўра, қурилиш ширкатининг бош директори ва унинг ёрдамчилари мунтазам равишда уй эгаларини “ҳеч ким сизларнинг розилигингизни сўрамайди, ҳеч қандай товон пулисиз кўчага ҳайдаб чиқариласиз”, дея қўрқитишмоқда.

“Мен Яккасарой туман прокуратурасига, ҳокимлигига ва ҳатто Ўзбекистон телевидениесининг “Ахборот” янгиликлар дастурига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Сайёра Рашидовага мурожаат қилдим”, - дея бошидан ўтганларини сўзлаб беради О.Тютялин. унга кўра, мазкур тузилмалар юзага келган вазиятни яхши “тушуниб етсаларда”, “Габус” ва унинг раҳбариятига қарши ҳеч қандай чора кўра олмаяптилар. Ҳолбуки, президент фармонлари, ҳукумат қарорлари ва мамлакат қонунлари уй эгаларининг манфаатини ҳимоя қилади.

“Габус” бош директори Александр Усеинов барча қонунларни, президент фармонларини ва ҳукумат қарорларини мутлақо инобатга олмаяпти ҳамда қаерга мурожаат қилсам ўша идорага ва менга босим ўтказишдан тоймаяпти. “Истаган жойга шикоят қилинглар, ҳатто БМТга ҳам”, - дея кулади бизнинг устимиздан “Габус” раҳбари. Пенсионерга кўра, қурилиш ширкати вакиллари шу кунларда уй деворини бузишга ва коммунал хизматлардан узишга киришдилар.

“Габус” ҚИЖ Тошкентда ер сотиб олиб режадаги уйларни бузиш билан шуғулланадиган ягона ширкат эмас: ундан ташқари кўп қаватли элита уйлари қурилиши билан шуғулланувчи “Jisong Korea Industrial” (Жанубий Корея), “Global Project Management” (Доминикан Республикаси), “Regent Plus” (Ўзбекистон) каби ширкатлар бор.

Жанубий Кореянинг “Jisong Korea Industrial” ширкати ўтган йилнинг охирида Ўқчи маҳалласида ер майдони сотиб олди. Маҳаллада шу чоққача бузилиши режалаштирилаётган уй эгаларидан бирортасига ҳам муқобил турар-жой ёки бозор нархида товон пули таклиф этилгани йўқ. Лекин шунга қарамай, корейслар “габусчи”лар каби бутун маҳаллани темир девор билан ўраб ташладилар.

Корейс ширкати тошкентликларни турар-жой билан қандай қилиб таъминламоқчилари ҳозирча номаълум. Шунингдек, бу маҳалладан ерни қай тарзда сотиб олганлари ҳам ҳамон маҳфий сир бўлиб қолмоқда.

Маҳаллий кузатувчилара кўра, Ўзбекистон пойтахтидаги бундай қурилиш инвестиция жамғармалари республика ҳукумати ва пойтахт ҳокимиятидаги олий мартабали мулозимларга маълум бир “совға”лар бериб ўзларига керакли ер оладилар.

Норасмий маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар марказида бир гектар ер сотиб олиш учун “қўшимча норасмий тўлов қиймати” камида икки миллион долларни ташкил этади.

Албатта, пойтахт ерларини шунчалик қиммат нархда сотаётган мутасаддилар ҳеч қачон пенсионер Олег Тютялин ва унга ўхшаган оддий фуқароларни қурилиш инвестиция ширкатларидан ҳимоя қилмайдилар. Ахир, “еган оғиз уялар” деган гапни бкорга айтилмаган.

Темурхон Олимханов, журналист, Тошкент, Ўзбекистон