07:52 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячиси Солижон Абдураҳмонов ҳибсга олинди

17.06.2008 13:42 msk

Алексей Волосевич

Қорақалпоғистон пойтахти Нукусда 7 июнь куни таниқли 58 ёшли ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси, журналист Солижон Абдураҳмонов ҳибсга олинди. Тергов идораларининг билдиришича, ҳуқуқ ҳимоячисининг машинасида банг моддалари топилган. Солижон Абдураҳмоновнинг ўзи бу айбловларни мутлақо инкор этиб келмоқда ва банг моддалари машинага олдиндан ташлаб қўйилган ёки тинтув уюштирган милиционерларнинг ўзлари олиб келган дея таъкидламоқда.

Солижон Абдураҳмонов – катта профессионал стажга эга бўлган журналист. У “Америка Овози” ва “Озодлик” радиостанциялари, Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш бўйича институти (IWPR) мухбири бўлиб ишлаган ва айни пайтда “Uznews.net” веб-нашрининг ходими бўлиб ишлаяпти. Ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида Шахс ҳуқуқлари ҳимоя қўмитасининг Қорақалпоғистондаги вакили; Халқаро инсон ҳуқуқлари жамиятининг аъзоси.

Солижон Абдурахманов – фото 2005 года
Солижон Абдураҳмонов –2005 йил фотосурати

“Фарғона.Ру” АА мухбирига Солижон Абдураҳмоновнинг қўлга олиниши тафсилотлари ҳақида Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг вице-президенти Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Марат Зоҳидов сўзлаб берди.

- Солижон Абдураҳмонов Ўзбекистонда таниқли шахс. Журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси бўлиб ишлаган пайтида доим объектив ахборот бериб келган. Журналистикадан ташқари у фермерлик билан ҳам шуғулланади, ўзининг фермер хўжалиги бор. Сўнгги беш-oлти йил давомида Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси таркибида ишлаган. Фермерлар ва тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ишида фаоллик кўрсатган. Кейинчалик рўйхатга олинмаган Ўзбекистон аграрийлари ва тадбиркорлари партиясининг раҳбариятига кирган. Тез-тез болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича семинарлар ўтказган, болалар меҳнати, таълим тизими ва ижтимоий масалалар мавзусини кўтариб чиққан. Мазкур семинарларни ўтказишга давлат тузилмаларини ҳам жалб эта олган. Солижон доим кенг доирадаги муаммолар мажмуасини қамраб олишга ҳаракат қилган.

“Чегара билмас репортёрлар” халқаро ташкилоти (“Reporters Without Borders”, RWB) Солижон Абдураҳмонов иши бўйича махсус баёнот берди. Унда журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Ўзбекистон ҳукумати томонидан матбуот эркинлигига бағишланган халқаро семинарнинг бошланишидан икки кун олдин ҳибсга олингани қайд этилади. “Абдураҳмоновнинг ҳибсга олиниши Ўзбекистон расмийларининг ўта уятсизлигидан нишона бўлиб, улар ҳанузгача журналистларни ва ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб этишни давом этмоқдалар”, - дея билдирди “Чегара билмас репортёрлар”.

Еттинчи июнь куни кутилмаганда уни банг моддалари билан қўлга олганлари ҳақидаги маълумот келди. Биз маълумот йиғишни бошладик ва қизиқарли манзара аниқлаша бошлади. Абдураҳмонов Тошкентда яшайдиган акасига тегишли “Жигули”машинасини миниб юрган. У бу машинани икки кунга “Иссиқлик маркази” дея аталувчи битта ташкилотда қолдирган. Машинани боксга қўйганлар. Уни таъмирлаш тўғрисида келишиб олиш учун шу ерда қолдирганди. Маълум вақт ўтганидан кейин мазкур ташкилотнинг бош муҳандиси телефон қилиб, милиция ходимлари унинг машинаси билан қизиқаётганларини айтган. Бунгача ҳам Солижон Абдураҳмоновга нисбатан куч ишлатар тузилмалари босим ўтказиб келганларини, унга қарши турли иғвогарликлар уюштириб келинаётганини айтиш жоиз. Масалан, у мактабда таълим жараёни борасида бирорта масалани кўтариши билан қандайдир меҳнаткаш номидан гўёки у одамларни қўзғолонга чақираётгани ҳақида аризалар уюштириларди. Маҳаллий идоралар ҳам доим шу масалани кўтариб чиққанлар. Аммо ҳар сафар у вазиятдан муносиб тарзда чиқиб келган, негаки, у доим расмийларга баҳона бермаслик учун ҳаддини билиб келган.

У муҳандиснинг гапларига хотиржам жавоб бериб, майли, текширишаверсин деб айтган. Машинасига ўтириб ташкилот дарвозасидан чиқиши билан энг яқин ДАН масканида уни тўхтатдилар. Шу ернинг ўзида искович ит етаклаган одам ҳам тайёр турган ва машинадан банг моддаларини қидиришни бошлаган. Ит ҳеч нарса топа олмаган, чунки бизда ит хўжакўрсинга, холос. Шунда ит томошасининг давоми ўйналади. Иккинчи итни таклиф қиладилар. Буниси ҳам ҳеч нарса топа олмаяпти. Қаранг, бу ишларнинг бари ДАН масканида содир бўлмоқда. Бирдан кимдир: “Ана, ит бир нарсани сезгандек бўлди. Қидиргани нарядни чақиринг”, деб айтди. Аслида итлар ҳеч нарсани билганлари йўқ, аммо йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари ит бир нарсани сезди, дея билдириб нарядни чақиртира бошладилар. Наряд келди ва тезда банг моддаларини топди. Бензобакдами ёки бензобак остидами топилди. Жами 5,89 грамм афюн ва 14,18 грамм наша. Бу “йирик миқдорда” саналади. Солижоннинг айтишича, банг моддаларига унинг умуман алоқаси йўқ.

Қисқаси, уни ҳибсга олиб қамоқда сақлашаяпти. Шу вақт ичида унинг уйида ҳам тинтув ўтказдилар ва Муҳаммад Солиҳнинг инглиз тилида чоп этилган китобини топдилар. Расман бу китоб мамлакатда тақиқланмаган, аммо расмийлар буни тақиқланган дея эълон қилишлари ва давлат тузумини ағдаришга қаратилган дейишлари мумкин. Муҳаммад Солиҳ бу китобда ўз ҳаётини инглиз тилида тасвирлаган.

Шу ерда айтиб ўтишим лозим, бунда менинг айбим бор. Аслида бу китобни мен унинг уйида қолдириб кетганман. Сўнгги бор Нукусга борганимда ўзим билан бу китобни ўқигани олгандим. Унинг уйида эсимдан чиқариб қолдириб кетган эканман. У инглиз тилини билмагани учун бу китобга умуман эътибор бермаган.

Бу китобга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтганида тергов идораларининг ходимлари унга: “Нега бўлмаса китобни ТИИБга топширмадингиз?” дейишди. “Мен сизларга кўп масалалар бўйича мурожаат қилганман, аммо сизлар мендан ҳатто ариза ҳам олмагансизлар”, дея жавоб берди С.Абдураҳмонов. Боз устига, ТИИБга бунақа китоб билан борсангиз, у ердагилар сизни бу китобни ИИБда тарқатмоқчисиз деб айблайдилар. Бу ҳаммага маълум.

Умуман олганда, ундан бу китобни топдилар, энди бўлса эрта-индинг унинг компьютеридаги нарсаларни текширмоқчилар. Компьютерда Интернетда чоп этилган бирорта мақола топсалар унинг бошига бошқа журналистларнинг бошига тушган нарсалар тушади. Республикадаги бугунги аҳвол шундайки, бу ҳақда албатта гапириш керак. Аммо бирорта танқидий фикр билдирсанг, сени бир зумда “халқ душмани” қаторига киритиб қўядилар...

Ҳозирча Солижонга қарши Ўзбекистон ЖК 276-чи моддаси “а” банди билан жиноий иш қўзғадилар. Аммо бу наркотикларга Солижоннинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигига мутлақо ишончим комил. Солижон жуда юксак аҳлоқ принципларига эга, жуда одобли, зиёли, камтар одам. Уни нафақат Қорақалпоғистонда, балки бу ерда,Тошкентда ҳам жуда ҳурмат қиладилар. У чекмайди ҳам ичмайди ҳам, сигаретни умуман оғзига олаган. Шунинг учун ҳам мен наркотиклар ҳақидаги афсонага умуман ишонмайман. Шунга қарамай, унга нисбатан жиноят ишини чуқурлаштирмоқдалар.

Алексей Волосевич ёзиб олди