12:22 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Фарғона.Ру» ахборот агентлиги «Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари» муқобил танловини эълон қилади

16.06.2008 22:31 msk

Фарғона.Ру

«ЎзА» ахборот агентлигининг 16 июнь куни хабар беришича, Ўзбекистонда “Инсон ҳуқуқлари журналист нигоҳида” мавзуидаги миллий ижодий танлови эълон қилинди. “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги таҳририяти Ўзбекистон расмийларининг ташаббусини тўла қўллаб, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини риоя қилиш мавзусига бағишланган ўзининг хусусий, параллель равишда ўтказиладиган танловини эълон қилади. Танлов барча хоҳловчилар учун очиқ. Бордию сиз ҳатто журналист бўлмасангиз ҳам, аммо ўз фикрингизни равон баён этиб инкор этиб бўлмас далилларни тақдим эта олсангиз, танловимиз – сиз учун! Мақолаларингизни ҳозироқ жўнатинг! Танлов ғолибларини тузуккина пул мукофотлари кутмоқда!

Ўзбекистонда ўтказиладиган танлов ҳақида батафсил маълумот мамлакатнинг асосий ахборот агентлиги «ЎзА» веб-сайтида жойлаштирилган. Эълонда айтилишича, “танловга жорий йилнинг 1 июнидан республика босма ОАВ ва интернет нашрларида эълон қилинган, Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларациясининг мазмун-моҳияти ва мамлакатда бу ҳужжатнинг амал қилиши, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш, шахсни ҳар томонлама камол топтириш, ёшларнинг демократик фуқаролик жамияти барпо этишда фаол иштирок этиши учун зарур ижтимоий-иқтисодий,сиёсий-ҳуқуқий шароит яратишга қаратилган мавзудаги ахборот таҳлилий, публицистик ва фото материаллар қабул қилинади”.

“Фарғона.Ру” АА ўз навбатида Ўзбекистон Конституцияси томонидан кафолатланган инсон ҳуқуларини амалга оширишдаги муаммоларга бағишланган мақола ва фоторепортажларни танлов учун қабул қилади.

Расмий танлов 2008 йилнинг 10 декабрида якунига етади. Унинг ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), ҳуқуқшунос олимлар, малакали мутахассис экспертлар ва ҳуқуқий мавзуларга ихтисослашган журналистлардан таркиб топган жюри ҳайъати томонидан аниқланади.

“Фарғона.Ру” муқобил танловининг ғолибларини сайтимиз муштарийлари таҳририятимиз ходимлари билан бирга аниқлайдилар.

Бугун Ўзбекистонда эълон қилинган расмий танлов ғолиблари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланадилар (қиймати эълон қилинмаган).

“Фарғона.Ру” АА таҳририяти эълон қилган танлов ғолиблари биринчи ўрин учун 500$, иккинчи ўрин учун 300$ ва учинчи ўрин учун 150$ пул мукофоти билан тақдирланадилар. Кўриб чиқиш, муҳокама ва овоз бериш учун қабул қилинган барча материаллар сайтимизда чоп этилади.

Расмий танлов учун материалларини Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондига 2008 йил 1 декабргача қуйидаги манзилга жўнатилади: Toшкент шаҳри – 100129, Навоий кўчаси 30-уй, 3-қават, 5-xoнa. тел./факс: 244-12-51, 244-15-96, www.mmf.uz, e-mail: mmf@uzpak.uz, mmf.uz@mail.ru.

“Фарғона.Ру” муқобил танловига мақолалар ferghana@fergananews.com манзилига ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ТАНЛОВИ деган ишорат билан юборинг.

* * *

“Фарғона.Ру” АА танловимизни қўллай оладиган ва молиявий жиҳатдан ёрдам бера оладиган ҳомийларни ҳамкорликка таклиф этади.