16:17 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Олий ўқув юртлари битирувчиларнинг навбатдаги партияси мажбурий меҳнатга маҳкум

14.06.2008 10:07 msk

Ўз ахб.

Бюджет бўлимларида таҳсил олган талабаларнинг уларга сарфланган харажатларни қоплаши учун давлатга мажбурий равишда ишлаб бериб тўғрисидаги Ислом Каримовнинг фармони чиққанидан бери бу йил Ўзбекистон олий ўқув юртлари битирувчиларини тўртинчи бор тақсим қилишмоқда. Кечаги талабалар мажбурий меҳнатни фақат давлат муассасаларида, шу жумладан, вазирликлар, давлат қўмиталари, ўрта таълим ва шунга ўхшаш муасасаларда ўтаб беришлари лозим.

Мазкур фармон чиққунига қадар Ўзбекистон ёшлари олий ўқув юртларининг бюджет бўлимига киришга орзуманд бўлган бўлсалар, эндиликда имконияти бор талабалар институтни битирганидан кейин диплом олишда муаммоларга учрамаслик учун шартнома бўлимини афзал кўрадиган бўлиб қолдилар.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2005 йил 2 июнь кунги қароридан.

“6. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт, Меҳнат, Адлия вазирликлари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши билан биргаликда:

2005/2006 ўқув йилидан бошлаб давлат грантлари асосида барча йўналишларда таълим олган олий таълим муассасалари битирувчиларини таълим муассасаларига, корхона ва ташкилотларга уч йилдан кам бўлмаган муддат давомида мажбурий ишлаб бериш шарти билан ишга тақсимлаш амалиётини киритилиши жорий этилсин”. «ЎзА»

Шартнома асосида, яъни тўлов эвазига ўқиган талабалар диплом ишларини ҳимоя қилишлари биланоқ дипломларини олиб кетишлари мумкин. “Бюджетчилар” эса дипломнинг ксеронусхасини олиб қандайдир бюджет ташкилотига ишлаб беришга йўл оладилар, ҳолбуки, улар бунинг ўрнига магистратура ёки хорижий университетларда олий таълим олиш жараёнини давом этишлари мумкин бўларди. Чунки, тўрт йиллик бакалаврият Ўзбекистонда тугалланмаган олий таълим сифатида малакаланади.

Битирувчиларни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида олий ўқув юртлари ректоратларининг тавсиясига мувофиқ тақсимлайдилар. Талабалар иқтисодиётнинг давлат секторларида нафақат паст маош тўланадиган лавозимларга, балки бошқа шаҳар ва қишлоқларга ҳам ишга жўнатилишидан хавотирдалар. Бунга рози бўлмаганлар дипломдан қуруқ қолишлари ҳеч гап бўлмай қолди.

Юридик жиҳатдан мазкур фармон 2005 йилгача ўқишга кирган талабаларга тааллуқли бўлмаслиги керак эди, аммо фармон чиққанидан кейин уларни ҳам давлат олдидаги “қарз”ларини ишлаб беришга мажбур қилдилар. 2005-2006 ўқув йилидан бошлаб эса Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бюджет бўлимидаги биринчи курс талабалари билан “таълимга сарфланган давлат харажатларини” ишлаб бериш бўйича шартномаларни туза бошладилар.

Тақсимот тизими тарафдорларига кўра, институтни битирган талаба давлат ҳимоясига муҳтож ва уни иш билан таъминлаш лозим. “Боз устига кечаги талаба бўлажак касбида тажриба тўплаши мумкин”, - дейди номини ошкор этмаслик шарти билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг мутасаддиси.

Аммо амалда иш шароитлари ҳаммани ҳам қониқтираётгани йўқ.

- Июнь охирида Ташқи ишлар вазирлигида ишлаётганимга бир йил тўлади. Аммо аттиги бир неча ой илгари маош ола бошладим, бунгача синов муддати билан маошсиз ишлаб келдим. Ҳозир ҳам ярим ставкага ишлаяпман, тирикчиликка умуман етмайди, - дейди Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатаия университетининг битирувчиси. Унга кўра, агар дипломини вақтида олганида олий таълим олиш жараёнини охирига етказиб, ҳозиргидан ҳам яхшироқ мутахассис бўлиб етишган бўларди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. 37 модда. Ҳамма меҳнат қилиш, эркин иш танлаш, адолатли иш шароити ва қонунда белгиланган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Суд ҳукми ёки қонун билан белгиланган бошқа ҳолатлардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади.

93 модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти:

1) фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг риоя қилинишига кафолат бўлиб чиқади”.

Тақсимот амалиётига қарши чиқувчилар давлат муассасаларини ёш ва тажрибасиз битирувчилар билан мажбуран тўлдириш кадрлар таъминотидаги аҳволни оғирлаштиради, негаки, мажбуран меҳнатга сафарбар қилинганларнинг аксарияти ташкилот раҳбарлари билан келишиб оладилар-да, рўйхатда бор бўлиб амалда бошқа жойда ишини топиб юрадилар.

- Ҳужжатга кўра мен маҳаллий мактаблардан бирида ўқитувчи бўлиб ишлаяпман. Яқинда мажбурий меҳнат муддатим икки йилга етади, яна бир йил қолди. Мактаб директори билан келишиб олдим, мен мактабга келиб юрмайман, у менинг ойлигимни олиб юраверади. Менга ҳам фойда унга ҳам. Ҳозирги иш жойимда касбим бўйича тажриба орттираман ҳамда бир неча баробар кўпроқ пул топаман, - дейди Тошкент Молия институтини битирган талаба қиз.

Шундай қилиб ўз билимига ва ҳаракатига таяниб олий ўқув юртларини тамомлаган истеъдодли ёшлар Ёшлар йили деб эълон қилинган 2008 йилда ҳам ўз режаларини четга суриб қўйишга мажбурлар, негаки улар дипломларини фақат уч йилдан кейин оладилар.

Институтни тамомлаш биланоқ иш билан таъминланиш яхши. Аммо танлаш ҳуқуқига эга бўлиш яхшироқ.