12:40 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкент қалъаси дарвозасини ҳам юбилей олдидан таъмирлашга киришдилар

13.06.2008 14:11 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистон пойтахти расмийлари машҳур Тошкент қалъасидан қолган тарихий дарвозани “реконструкция” қилгани киришдилар. Реконструкция сўзини қўштирноқ орасига олишга тўғри келди, негаки, бу сўзни бу ерда бошқача ишлатиб бўлмайди. Аввало бу қалъа ва дарвоза ҳақида сўзлаб бериш лозим.

Бундан 14-15 йил олдин Ленин номидаги болалар истироҳат боғи ва “Пионер” болалар кинотеатри ўрнашган жойда бугунги кунга келиб Ўзбекистон президенти маъмуриятининг мажмуаси ва “Оқсарой” қароргоҳи жойлашди. Ўшанда боғнинг чиқавериши ёнида қўҳна ғиштдан урилган дарвоза турганди. Бу Тошкент қалъасининг сўнгги парчаси эди.

Тошкент қалъасини Анҳор бўйида 1865 йилнинг октябрида, Россия императори Александр II қўшинлари Тошкентни забт этганидан уч ой ўтиб бунёд этганлар. Қалъанинг учта дарвозаси бўлган ва шарқий дарвоза шу кунгача сақланиб қолган.


Тошкент қалъаси. Тахминан 1870-чи йил. Википедия сайти фотосурати.

Меъморий жиҳатдан бу иншоот Ўрта Осиёда ягона бўлган. Қалъа нафақат ҳарбий қурувчиликнинг ноёб намунаси, балки ўзининг бой тарихи билан ҳам диққатга сазавор. Қалъа ўзининг тарихида икки бор Тошкентнинг, балки ҳатто бутун Туркистоннинг ҳам тақдирига таъсир кўрсатган.


Тошкент қалъасининг дарвозаси (сақланиб қолмаган). Википедия сайти фотосурати.

Тошкент қалъаси дарвозаси деворининг ўрнида ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг замонавий янги биноси қурилган. 1991 йилдан кейин бу бино Ўзбекистон президентининг қароргоҳи бўлиб қолган.

1970-чи йилларгача қалъа ҳудудида ҳарбий шаҳарчага қарашли уйлар жойлашган ва уларда ҳарбий хизматчилар оилалари билан яшаб келганлар. Етмишинчи йиллар бошида бу ерда Ленин номидаги болалар истироҳат боғини яратдилар. Бу боғни сақланиб қолган қалъа дарвозаси орқали тарк этса бўларди. Эндиликда боғ болаларнинг ўйингоҳига айланди.


Тошкент қалъасининг сақланиб қолган дарвозаси (1865-2008). “Буюк Ипак йўли бўйлаб” китобидан олинган фотосурат

Боғ ҳудуди президент маъмурияти ва қароргоҳи мажмуаси таркибига киритилганидан кейин сўнгги ўн беш йил ичида қалъа деворини кўриш амри маҳол бўлиб қолди. Тарихий дарвоза рўпарасига милиция будкасини ўрнатиб қўйдилар, шундан кейин қўриқчилар дарвоза олдига на катталарни ва на болаларни яқин йўлатмай қўйдилар.

Агар 2009 йилда нишонланиши режалаштирилаётган Тошкентнинг навбатдаги 2220 йиллик юбилейини ўйлаб чиқармаганларида, эҳтимол бу дарвоза ҳам кўплаб тарихий обидалар каби узоқ турган бўлармиди. Шаҳар маркази мазкур санага бағишлаб жадал суратлар билан ҳукмдорнинг дидига мослаб қайта таъмирланмоқда. Навбат Тошкент қалъаси дарвозасига ҳам етиб келди.

Бугунги кунда бу ерда ишчиларнинг бутун бир бригадаси ишламоқда. “Реконструкция”нинг маъно-мазмуни қуйидагача: дарвозанинг айрим қисмини болғалар билан уриб туширилмоқда, ўзини эса “миллий услуб”га мослаб плитка ёки ғиштга ўхшаш нарса билан безамоқдалар. Унинг икки четида иккита янги ғиштли минора қурилмоқда, панжарали дарвозаларни “Темурланг эшиклари” дея аталувчи ўтиб бўлмас улкан ёпқичлар ўрнатилди. Қалъа дарвозаларига яқин келиб бўлмайди, будкада ўтирган қўриқчи дарвозани кўрмоқчи бўлганларнинг шахси билан астойидил қизиқишни бошлайди.


Тошкент қалъасининг сақланиб қолган дарвозаси (1865-2008). “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Хулласи калом, Тошкент қалъасининг табиий кўриниши нимасидир билан жаноб Каримовга ёқмай қолди (ахир президент қароргоҳида ундан бошқа ким бундай кўрсатма ҳам бера оларди), шунинг учун ҳам дарвозани таниб бўлмайдиган даражада ўзгартиришмоқда. Кўринишидан, жаноби Каримов чин кўнгилдан қўҳна масжид биноси ёнига иккита ғиштин минора қуриб қўйилса автоматик равишда эски мажмуага айланиб қолади деб ўйлайди, шекилли.

Бу ишларнинг ҳаммаси Ўзбекистонда оз қолган қўҳна обидаларга, меъморий ёдгорликларга бўлган мутлақо ҳурматсизликни англатади ва кишини ҳайрон қолдиради. Артефактларнинг янги қурилмалар билан алмашуви давлат принципи даражасига кўтарилди: нима кераги бор эски нарсаларни, мана қаранг, биз буни ҳозир ўзгартирамиз, олдингидан ҳам яхшироқ бўлади, ахир ҳаммаси янги материаллардан қилинмоқда, қабилида. Яъни, воқеликнинг англаш шу даражага тушиб қолган. Олдинги даврлардан қолган ҳар бир тошни сақлаб қолишга уринаётган Европа ва бошқа ривожланган мамлакатлардан Ўзбекистон мана шундай нарсалар билан фарқ қилади.