16:21 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ғарб билан Ўзбекистон алоқаларининг истиқболлари ҳақида

09.06.2008 07:39 msk

Тошпўлат Йўлдошев

Сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг ғарб мамлакатлари билан алоқаларида маълум бир силжишлар кузатилмоқда. Бунга АҚШ ва Европа Иттифоқи олий мартабали эмиссарларининг Тошкентга тез-тез ташриф буюришлари, саноатнинг қайта ишлаш соҳаларига ғарб инвестицияларининг кириб келиши, савдо-иқтисодий муносабатларнинг ривожланиши далил бўлиб қолмоқда. Баъзи сиёсатчилар иқтидордаги режим ички сиёсатининг “эркинлашуви” муносабати билан икки томонлама муносабатларнинг ривожланиши истиқболлари борасида оптимистик баёнотлар билан чиқмоқдалар, бошқалар эса Президент И.Каримов репрессияларни тўхтатиши ва инсон ҳуқуқларининг риоя қилиниши борасидаги ваъдаларининг бажарилишини кутишни маслаҳат бермоқдалар.

Тошкент билан Ғарб ўртасидаги муносабатларини яхшироқ англаш учун ҳар икки тарафнинг позициялари ҳақидаги ўз тасаввурларимни баён қилишга уриниб кўраман.

Биринчи. Халқаро ҳуқуқ ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳимоясиз, ночор одамларга нисбатан қийноқ қўллаш билан ўзини қора қилган ҳар қандай мартабадаги мулозимни халқаро жиноий жавобгарликка тортишга уринадилар ва Тошкент бундан хабардор. БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессиясида кўриб чиқиш учун тайёрланган тегишли ҳужжатларнинг ҳатто икки йил кечикиш билан матбуотда ва Интернетда чоп этилиши нафақат ғарб мамлакатларининг, балки Ўзбекистон жамоатчилигини ҳам руҳий изтиробга солиб қўйиши мумкин.

Иккинчи. 2005 йил 13 май куни ҳукумат қўшинлари Андижондаги тинч намойишни ўққа тутганидан кейин Ғарб бўлиб ўтган воқеа хусусида қарама-қарши фикрларни ҳисобга олиб Тошкентга мустақил халқаро текширув ўтказишни таклиф этганди. Аммо И.Каримов бунга шу чоққача рухсат бергани йўқ (кўринишидан, у бундай текширув натижаларининг ошкор бўлишидан қўрқишига асос борга ўхшайди). Шу сабабдан ЕИ Ўзбекистонга нисбатан рамзий санкциялар киритди. Бунга жавобан Ислом Каримов ўзини Кремль оғушига ташлаб аксилғарбий сиёсат ўтказа бошлади, 2005 йил 15 ноябрь куни Россия билан Иттифоқдошлик Шартномасини имзолади ва ЕвроОсИҲ ва КХШТ ташкилотларида ўзининг аъзолигини тиклади.

Ўзбекистон расмийлари икки йил давомида МДҲ, ЕвроОсИҲ, КХШТ ва ШҲТ ташкилотлари доирасида коллектив равишда ишлаб чиқарилган шартномаларнинг тўқсон беш фоизини имзоладилар, аммо аввали бошдан улар бу шартномаларни бажариш ниятлари бўлмаган ҳам. Мазкур шартномаларнинг энг муҳимлари асосий мавзусини йўққа чиқарувчи истиснолар билан ратификация қилинди.

Каримовнинг ваъдаларига лаққа тушган ЕвроОсИҲ ва ШҲТ бўйича ҳамкорлар ўзбек бизнесига ўз мамлакатларида солиқ ва бож енгилликларини яратиб бердилар, аммо эвазига ҳеч нарса ола олмадилар. Ваъдага вафо қиладиган вақт етиб келди. Мазкур ташкилотлар доирасида ўтаётган ҳар бир учрашувларда ҳамкорлар ўзбеклар президентидан ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришни, яъни чегара ва Ўзбекистон ички бозорини очиб беришни, пул маблағларининг, одамларнинг ва товарларнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракат қилишини таъминлашни қатъий талаб қилмоқдалар. МДҲ мамлакатларидан келган бизнесменлар тез кунлар ичида вазиятнинг яхшиланишига умид қилиб, Ўзбекистонда таваккалчиликка асосланган ҳолда улкан солиқлар ва бож тўловлари тўлаб ишлаяптилар. Улар ўз ҳукуматларининг Тошкент билан муносабатлари ёмонлашган тақдирда активларининг бир қисми ёки ҳаммасидан айрилиб қолишлари мумкин. Ҳудди шундай ҳолат олдинроқ туркиялик, жанубий кореялик, арабистонлик, америкалик ва бошқа ғарб давлатларидан келган тадбиркорлар билан бўлган, айни пайтда эса қозоғистонлик ва тожикистонлик тадбиркорлар шу ҳолатга тушиб қолганлар.

Чегараларнинг очилиши, ЕвроОсИҲ ва ШҲТ бўйича ҳамкорлар учун солиқ ва бож тўловлари тарифларининг ўзаро пасайтирилиши Ўзбекистон бюджетини даромадларнинг анчасидан маҳрум қилиб қўйган бўларди. Мамлакатга арзон ва сифатли товарларнинг оқиб келиши нарх-наволарнинг икки-уч баробар пасайишига, аҳоли турмуш даражасининг яхшиланишига олиб келарди. Аммо бошқа тарафдан, валютанинг ташқарига чиқиб кетиши оқибатида сунъий тарзда қўллаб келинаётган сўмнинг тўла қадрсизланишига, инфляциянинг тезлашига, мамлакатдаги заиф молия ва банк тизими ҳамда ишлаб чиқариш базасининг вайрон бўлишига олиб келади. Ҳолбуки, янги, замонавий ва рақобатбардош ишлаб чиқариш базасини хорижий инвестициялар ёрдамида ҳам фақат бир неча йилдан кейин яратиш мумкин.

Россия ва Хитой учун Ўзбекистон асосий хом ашё ресурсларини етказиб берувчиси бўлиб келган ва бўлиб қолмоқда. Мамлакат экспорти ҳажмининг йигирма фоизини саноат моллари ташкил этади, холос. Ўзбекистон иқтисодиёти хом ашёга асосланган ва норақобатбардош бўлиб келган ва бўлиб қолмоқда. Мамлакат иқтисодий ривожланишида “улкан муваффақиятлар” ҳақида мунтазам равишда таъкидлаб келган Ислом Каримов ҳақиқий аҳволни жуда яхши билади. Агар у чегараларни ёки дарвозаларни эмас, аттиги биттагина тирқиш очса, маҳаллий ва хорижий бизнесменларнинг ва банкирларнинг ярми саноқли кунлар ичида ўзларига тегишли активларини мамлакатдан олиб чиқиб кетган бўлардилар. Ҳозир ҳам уларнинг аксарияти мамлакатдан активларини олиб чиқишга ёрдам берган кишига ўттиз-қирқ фоиз миқдорида ширинкома беришга тайёрлар.

Бунақада И.Каримовнинг ҳаётлигидаёқ диктатор режимининг иқтисодиётдаги мағлубиятлари ва сиёсатдаги омадсизликлари кенг жамоатчиликка маълум бўларди. Тахт устида ўтирар экан у ҳеч қанақасига бундай бўлишига йўл қўймайди ва Россия, Хитой, Ғарб ёки қўшни давлатлар учун республика чегараларини очишга ижозат бермайди.

Каримов ўзини сиёсий манёврлар майдонидан маҳрум этди. У ёлғон, бажариб бўлмайдиган ваъдалар эвазига ҳар қандай ҳамкорлардан енгиллик ва фойдалар олишни ўз олдига асосий мақсад қилиб олган. Аммо Тошкент билан олди-берди муолажаларидан чув тушган Россия ва МДҲнинг бошқа мамлакатлари у билан муносабатларни бузишга бормайдилар. Ҳар бир тарафнинг ўз манфаатлари бор ва улар кескин тарзда савдо-иқтисодий муносабатларни йиғиштириб қўйишга бормасалар керак.

Учинчи. Капиталистик давлатларнинг Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги салмоғи 2006 йилгача етмиш фоизгача етган, қолгани эса Хитой, Россия ва МДҲнинг бошқа мамлакатларига тўғри келган. Туристик ва меҳмонхона индустрияси даромадининг саксон фоизи ғарб туристлари ва бизнесменлари ҳисобидан ташкил топганди. Мамлакатнинг Ғарб билан алоқалари ёмонлашувидан келиб чиққан йўқотишларни Россия ва Хитой қоплай олмади. Ташқи сиёсатини аксилғарбий йўналишга ўзгартириш эвазига мамлакатга йирик инвестициялар кириб келишига бўлган катта умидлар оқланмади. Унчалик катта бўлмаган инвестициялар асосан бой ер қазилмаларини, хом ашё ва табиий ресурсларни ўзлаштиришга йўналтирилди. Хитой ва Россия аста секин кам даромадли лойиҳалар, концессия ва замонавий ишлаб чиқариш қувватлари яратишдан воз кечдилар. Ғарб билан муносабатларнинг ёмонлашуви иқтисодий ва ижтимоий инқирозни чуқурлаштириб юборди. Инвестициялар учун курашда Ўзбекистон қўшни давлатларга ютқазиб қўйди.

Тошкент “ҳечдан кўра кеч яхшироқ” қабилида иш тутмоқчи

Позицияларини Ғарб билан мажбуран ҳамкорликка ўзгартирилишини Каримовнинг диктаторлик режими ҳукуматнинг уддабуролиги ва халқаро аренада кўп векторли сиёсат олиб бораётгани билан изоҳламоқчи.

Ғарб мамлакатлари санкциялар киритилганидан кейин Тошкентга, илгариги таъсир воситаларини ва ўз навбатида мамлакат иқтисодиётидаги позицияларини йўқотганди. Аммо улар Ўзбекистондаги қимматбаҳо хом ашё, стратегик тоғ-кон ресурслари учун кучайган курашда яна иштирок этмоқчилар.

Ғарб давлатлари Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мамлакатда демократик ислоҳотларнинг ўтказилиши мақсадида Тошкентга таъсир доираларини қайта тиклашдан манфаатдорлар. Бу ҳақда ҳукумат мулозимлари кўпроқ жамоатчиликни адаштириш учун гапирадилар. Аслида эса бу масалалар иккинчи даражада. Фаол фуқаролик позицияларида турган, ҳақиқий демократик ислоҳотлар ўтказилиши учун чиқаётган одамларни Ғарб мамлакатларининг дипломатик ваколатхоналари эшиклари яқинига йўлатмайдилар ва ҳеч қандай тадбирларга таклиф этмайдилар. Қандайдир одамларга демократияни ривожлантииш учун грантлар ажратилаётгани ҳақида миш-мишлар юрибди. Кўринишидан, грантлар бор кучи билан икки жабҳага ишлаётган, диктаторлик режими билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган ва маҳаллий ҳокимият билан ғарб ваколатхоналари ўртасида “кўприк” воситасини бажараётган шахсларга ажратилмоқда. Ғарб вакиллари шундай йўл билан ўзларининг Ўзбекистонда бўлиш вазифаларини осонлаштирмоқдалар. Бу ҳақда ғарбдаги солиқ тўловчилар аниқ тасаввурга эмаслар.

Бундан ташқари, ғарб мамлакатлари Ўзбекистон билан ҳамкорлик муносабатларининг ривожланишида Афғонистондаги вазиятни нормаллаштириш учун қўшимча имкониятлар кўрмоқда.

Мақсадларига эришиш учун Ғарб Ўзбекистонга иқтисодий ёрдам беришга, Афғонистон иқтисодиётини тиклаш учун тузуккина ижара пули эвазига унинг ҳудудидан, инфратузилмаларидан ва ишлаб чиқариш базаларидан фойдаланишни ваъда қилдилар. Бу йўлда Ғарб Тошкент билан сиёсий алоқаларни ҳар қандай шартлар эвазига ривожлантиришга, 2005 йил 13 май Андижон фожеаларини унутишга ва Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни бекор қилишга тайёр.

Ғарб давлатларининг таклиф ва истакларини эътиборга олган Ислом Каримов бир қатор ваъдаларни бериб, улардан фақат биттасини, униям бўлса шартли равишда бажарди. Муштарийларга фикримни битта мисол билан тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Ислом Каримов 2 июнь куни халқаро ва маҳаллий жамоатчиликнинг, АҚШ, ГФР, Буюк Британия, Франция, Швейцария ва Ғарбнинг бошқа демократик давлатлар ҳукуматларининг босимлари остида махсус хизматларга ва уларга қарам бўлган суд идораларига таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, “Ўтюраклар клуби”нинг етакчиси Мўътабар Тожибоевани озодликка чиқариб юборишга кўрсатма берди. Бунга Мартин Энналс жамғармасининг ватанпарвар-исёнкорни обрўли халқаро мукофот билан тақдирлаш тўғрисидаги қарори туртки бўлди.

Аммо Мўътабар Тожибоевани уч йил синов муддати билан шартли равишда озод қилдилар. Амалда уни уй қамоғида сақламоқдалар. Уни махсус хизмат ходимлари қатъий назорат остига олганлар. Тожибоева ҳафтасига туман ички ишлар бўлимига келиб рўйхатдан ўтиши ва милиция бошлиқларининг “маънавий-тарбиявий” насиҳатларни тинглаши, расмийларнинг барча талабларини бажариши тўғрисида тушунтириш хатлари ёзиши лозим. Маҳалла оқсоқоли уни истаган пайтда “суҳбат”га чақириши мумкин. Заррача бўйсунмаслик, қўполликка қўпол жавоб қайтариш билан уни қайтадан қамоққа тиқиб қўйишлари мумкин. Бунинг йўли осон, панжара ортида ўтирган вақт давомида асаби бузилган, жисмонан заиф одамни жиғига тегиб ўзидан чиқариш ҳеч гап эмас. “Озодлик” радиосининг собиқ мухбири Носир Зокир билан ҳудди шундай қилдилар. Ғарб билан муносабатлар ёмонлашиб қолса Тожибоевани яна қамаб қўйишлари мумкин.

Расмийлардан умр бўйи қонунга риоя қилишни талаб қилиб келган ҳуқуқ ҳимоячисига қатъий назорат қилиниши лозим бўлган ашадий рецедевист-жиноятчига муомала қилгандек муносабатда бўлмоқдалар. Бундай амалиётни фақат Ўзбекистонда учратиш мумкин.

Ўзгача фикрловчиларга нисбатан куч ишлатишга ҳамда МДҲ мамлакатларига ва айниқса қўшни мамлакатларга босим ўтказиб келишга ўрганиб қолган Каримов фақат куч билан ҳисоблашади, холос. Дипломатия, илтимослар ва сиёсий компромисслар тилини у мутлақо тушунмайди ва мажбуриятларни бажармайди.

Масалан, ўзбекистонлик расмийлар Human Rights Watch ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси директори Андреа Бергнинг аккредитациясини чўзиб бермадилар, бу ваколатхонанинг янги тайинланган яна уч нафар директорига, Ассошиэйтед Пресс агентлиги, “Немис тўлқини” радиосининг икки мухбирига ва хорижий ОАВ журналистларига аккредитация бермадилар. Ўзбекистонга шахсий ишлари билан келган чет эллик журналистларни таваккалига ўз касб фаолияти билан шуғулланишидан маҳрум қилиш учун янги “Чет эл фуқароларининг Ўзбекистонда бўлишини тартибга солиш тўғрисида” қонуни қабул қилинди. Бу қонун билан чет эл фуқароларининг республикада бўлишлари устидан назорат кучайтирилди. Тошкент обрўли халқаро ташкилотларнинг мамлакатда қайта фаолият юритишни бошлашига рухсат бермаяпти. Уч ой олдин расмийлар Тошкентда июнь ойининг бошида “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида” халқаро семинарини ўтказишга розилик билдирганди. Аммо яна бир бор санкцияларни музлатиб қўйиш тўғрисидаги қарорга эришганларидан кейин жимгина семинар ўтказиш ҳақидаги қарорни бекор қилдилар.

Мамлакатда инсон ҳуқуқлари атрофидаги вазият ёмонлашмоқда. Диктаторлик режими ўзгача фикрловчиларни таъқиб этишни, милиция ва ёлланма безорилар ёрдамида пикетчиларни ҳайдаб тарқатишни давом этмоқда. 2005 йил 13 май куни Андижондаги Бобур майдонида видеокамера объективига тушиб қолган ҳар бир кимсани экстремист ва террорист дея эълон қилдилар, рўйхатини Интерполга бердилар ва ҳозир ҳам уларни бутун дунё бўйлаб қидирмоқдалар. Афсуски, баъзи мамлакатлар ҳукуматлари диктаторлик режимининг даволарига ишониб, бегуноҳ фуқароларни Ўзбекистонга экстрадиция қилмоқдалар. Бу ерда уларни қийноқлар, таҳқирлар ва узоқ муддатли қамоқ жазолари кутмоқда.

Кўп йиллар давомида Ислом Каримовнинг зулмга асосланган ҳукмдорлигига қарши тенгсиз кураш олиб бораётган таниқли исёнкор шоир Юсуф Жуманининг 2007 йил декабрида ҳибсга олиниши бутун дунё илғор жамоатчилигини ларзага солди. Ҳибсга олингунига қадар у оиласи аъзолари билан биргаликда Қоракўл тумани ва Бухоро вилояти ҳокимликлари милиция ва прокуратура бинолари олдида пикет уюштириб келган, “Йўқолсин президент Каримов! Конституция бўйича у учинчи муддатга сайланишга ҳақи йўқ” каби плакатларни илиб олган машинасида айланиб юрган. Истеъдодли шоирни гўёки унинг якка ўзи бир гуруҳ бақувват ёш милиционерларни “калтаклаб майиб” қилганликда айблаб қамадилар! Энди бўлса расмийлар бир оёғи жароҳатланган Юсуф Жума гўёки турмадан қочиб кетган дея ишонтирмоқчилар. У тирикми? Агар тирик бўлса, нега ғарблик дипломатлар тезда у билан учрашишни ёки унинг озод қилинишини талаб қилмаяптилар?

Ўзбекистонда диндорларни таъқиб этиш давом этмоқда. 2007 йил декабридан бери нафақат мусулмон уламоларини, балки насронийларни ҳам қамашни бошладилар. Дунё жамоатчилиги қаерга қараяпти?

Шартли бўлса ҳам фақат Мўътабар Тожибоевани озодликка чиқардилар. Аммо турмаларда ўнлаб оғир касал сиёсий маҳбуслар қолмоқдалар. Уларнинг орасида “Серқуёш Ўзбекистон” коалициясининг раҳбари Санжар Умаров, истеъдодли ёзувчи Мамадали Маҳмудов, парламентнинг собиқ депутати Мурод Жўраев, 82 ёшли Аҳмаджон Одилов (мақола тайёрланаётганда Аҳмаджон Одиловни озодликка чиқарганлар) , 75 ёшли Исҳоқ ота Абдуллаев, “Серқуёш Ўзбекистон” коалициясининг идеологи Хотам Абдураимов, ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзамжон Фармонов ва кўплаб бошқа одамлар бор.

Оддий қилиб айтганда, Тошкент ҳеч қандай енгилликлар бермаяпти. Ўзбекистон ташқи дунёдан тўла узилиб кетмаслиги, қайсар ва ишончсиз ҳукмдорни ўзининг таъсир доирасида ушлаб туриш учун Ғарб у билан муносабатларни ривожлантириб, унга бирин кетин енгилликлар бермоқда ва ўз мамлакатларидаги жамоатчиликни алдамоқда.

Мен халқаро ҳуқуқ ҳимоя ва гуманитар ташкилотларни ўз ҳукуматларининг Ўзбекистонга нисбатан сиёсатига танқидий муносабатда бўлишларига, енгилликлар беришни тўхтатишни эришишга, сиёсий маҳбусларнинг ҳаммасини сўзсиз бўшатишга, расмийларнинг ўзбек халқи устидан зўравонлигини тўхтатишга чақираман.

Тошпўлат Йўлдошев, мустақил сиёсатшунос, Тошкент.