07:41 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Жалолободлик фаолнинг ўлдирилиши ҳақидаги ишда жанжал пишиб етилмоқда

28.05.2008 08:44 msk

Фарғона.Ру

“Ақ жўл” партияси фаолининг қотиллиги ишида жанжал пишиб етилмоқда. Ақжўлчининг ўлимида унинг ҳамқишлоғи, тақиқланган “Ҳизбут-таҳрир” диний ташкилотининг аъзоси айбланмоқда. Ўз навбатида, ҳуқуқ ҳимоячилари “ҳизбутчи”га нисбатан қийноқ қўллангани ҳақида билдирмоқдалар. Келинг, ҳаммасини бир бошидан ҳикоя қилиб берамиз.

Жалолобод вилояти Арслонбоб қишлоғи бозорининг директори Абдусаттор Базаровнинг бошсиз жасади 2006 йил 6 май куни Бишкек-Ўш трассаси ёнидаги сув омбори ҳудудида топилди. Марҳумнинг боши ҳанузгача топилмаган. Терговнинг фараз қилишича, уни қотиллар жиноят содир этилган жойдан 250 метр нарида Норин дарёсига ташлаб юборганлар.

Базаров 2007 йилдаги сайловолди кампаниясида президент партиясининг мувофиқлаштирувчиси бўлган. Милициянинг расмий ҳисоботларида марҳумнинг қайси партияга мансублиги борасида сўз юритилмаяпти, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идорали эса сайловдан кейин Базаров партия ишлари билан шуғулланмаганини билдирмоқдалар. Шунга қарамай, маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровга кўра, қотилларни қўлга олиш учун вилоят ички ишлар бошқармасининг деярли барча кучлари жалб этилганди.

Марҳумнинг ёнидан уяли қўл телефони топилди. Ундаги рақамлар бўйича милиция Базаров ҳаётининг сўнгги дамларида мулоқотда бўлган одамлар доирасини аниқлади. Бундайлар орасида тақиқланган “Ҳизбут-таҳрир” диний ташкилотининг аъзоси Абдумалик Алибаев бор экан. Ўша одам орқали тергов асосий гумонланувчи, илгарироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари билан сан-манга борган Нурмуҳаммад Муллажановга чиқди.

Милиция ҳисоботи бўйича Муллажанов 12 май куни Бишкек-Ўш трассасида бир ярим килограмм героин билан қўлга олинган. Қайд этиш жоизки, одатда банг моддаларини тескари йўналишда, Ўшдан Бишкекка, ундан кейин эса шимолга олиб борадилар. Муллажанов музқаймоқ тайёрлаш учун махсус кукун олиб келаётганини билдирди.

Қўлга олинганнинг отаси Таштанбек Муллажанов ҳуқуқ ҳимоячиларига унинг ўғлини қийнаётганларини билдирганида, улар вақтинча сақлаш изоляторига (ВСИ) кириб уни кўрмоқчи бўлдилар. Аммо, Озодлик овози сайтининг хабар беришича, Жалолобод милицияси нафақат ҳуқуқ ҳимоячиларини ва адвокатни, балки назорат бўйича прокурорни ҳам ВСИга қўймадилар.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Муллажановнинг қовурғалари синган деган тахминда Қирғизистон бош прокурорига ва омбудсменга мурожаат қилдилар. Тез орада айбланувчини Ўш вилояти тергов ҳибсхонасига олиб кетилгани маълум бўлди. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, у ерда уни бир соат давомида қидирдилар, аммо Мулажанов бу муассасада бўлмаган экан ҳам. Пировардида, Муллажановни Ўш вилояти Миллий хавфсизлик қўмитаси бошқармасининг вақтинча сақлаш изоляторида ўтиргани маълум бўлди. У омбудсмен Турсунбек Ақунга ёзилган аризасини ҳуқуқ ҳимоячиларига топширишга муваффақ бўлди.

“15 май куни тунда мени ВСИга олиб келдилар ва икки кун давомида бошимга противогаз кийдириб, қўлимга кишан тақиб калтакладилар ҳамда 2002 йилдаги милиция билан бўлиб ўтган келишмовчиликларимни эслатдилар. Улар мендан Арслонбоб қишлоғида содир этилган қотилликни ўз бўйнимга олишимни талаб қилдилар”, - дея ёзади аризачи. Унга кўра, у судга етиб бориб ўша ерда “ҳақиқатни сўзлаб бериш” учун терговчилар талаб қилган барча иқрорликларга имзо чеккан.

Айбланувчининг отаси ва хотини Базаров ўлдирилган куни (терговга кўра жиноят 1 май куни содир этилган) Нурмуҳаммад Бишкекда бўлган, дея таъкидламоқдалар. Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, 2002 йилдаги милиция билан жанжалнинг сабаби қуйидагича: ўшанда милиция Муллажановнинг компьютерини мусодара қилганди. Тезкор маълумотларга кўра, компьютерда экстремистик мазмундаги материаллар сақланган. Аммо компьютер хотирасида математикага оид формулалардан бошқа ҳеч нарса топилмаган, унинг эгаси фан номзодлиги диссертациясини ёқлашга тайёрланаётган экан.

Қўлга олинганни озодликка чиқара туриб милиционерлар ундан компьютерини туман прокурорига “совға” қилишини сўрадилар. Аммо Муллажанов кўнмади. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг таъқиби қишлоқ аҳлининг умумий йиғини билан тугади. Унда қишлоқ аҳолисидан 500 киши, туман ва вилоят кучишлатар тизимининг раҳбарлари ҳамда туман маъмуриятининг янги раҳбари иштирок этдилар. Муллажанов уларга бошидан кечирган нохушликларни, маҳаллий ВСИдаги бедодликларни, у ерда камерадошлари билан аёвсиз еган калтаклари ҳақида сўзлаб берди.

Қайд этиш жоизки, бу одамнинг халқ орасида обрўси катта. “Милиционерлар уриб ўлдирган ўғлимнинг жасадини пойтахтдан олиб келиб берди ва дафн этишга ёрдамлашди”, “олдинига одамлар қўшнилариникига ўғирликка тушардилар, у бунга тушунтиришлар ёрдамида чек қўйди”, “у қишлоқ аҳлига ичишни тарк этишга ёрдам берди”, - бу Нурмаҳаммад Муллажанов ҳақида ҳамқишлоқларининг фикрларидан бир шингили, холос. Арслонболиклар марҳум Абдусаттор Базаровни ҳам яхши гаплар билан эслашади.

Ўшандан бери Муллажановни ўз ҳолига қўйдилар. Аммо қасос вақти энди келганга ўхшайди. “Милиция ходимлари ундан қасос олиш мақсадида ўғлимни қотилликда айбламоқдалар, - дея ёзади Таштанбек Муллажанов. – Арслонбоб қишлоғининг аҳолиси, марҳум Базаровнинг қариндошлари унинг айбдорлигига ишонмайдилар”. Шунингдек, у ўғлининг Туркияга бориб келганидан кейин “Ҳизбут-таҳрир” партиясида чиққанини билдирди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари 28 май куни бу иш бўйича матбуот анжумани ўтказмоқчилар. Милиция ҳам вақтни беҳуда ўтказмай, Муллажановга айблов ҳукми чиқариш учун ҳукуматга қарашли оммавий ахборот воситаларида терговга оид материалларни чоп этиш воситасида замин тайёрламоқда. Ҳукуматга қарашли “Слово Қирғизистана” газетаси тергов материаллари асосида “Радикаллар фактларни ўзгартиришга интилмоқдалар” дея аталувчи мақоласини чоп этди. Унда Муллажанов “Қирғизистон нонини еган ва сувини ичган, биринчи қадамларини бизнинг турпоғимизга қўйган бўлишига қарамай, ўз халқига, гўёки унинг қўлидан ҳеч нарса келмайдиган заиф ва уни ҳар нарса қилиш мумкин бўлган душман каби қараётган” қотил сифатида эълон қилинмоқда.