17:02 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси: “Ўзбекистонда чет эл бизнеси учун барча қулай шароитлар яратилган”

27.05.2008 19:17 msk

Бахтиёр Шоҳназаров (Измир)

Туркия давлат телевидениесининг иккинчи TRT-2 каналида 26 май куни тўғри эфирда «Эко-Евросиё» кўрсатуви намойиш этилди. Унда Ўзбекистоннинг Туркиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Улфат Қодиров, Ўзбекистон элчихонаси савдо атташеси Нодир Хошимов ва Евросиё Иқтисодий алоқалар вакили Ҳикмат Эрен иштирок этдилар.

Кадр с экрана телевизора
Телевизор экранидан олинган фотосурат

Кўрсатувни олиб борувчи Ўкан Мударрис ўғли Ўзбекистонда бизнес юритаётган турклар дучор бўлаётган муаммоларга тўхталиб ўтган. Улардан асосийси, аввалгидек мамлакатга кириш учун виза берилиши, божхона муолажалари ва бу мамлакатда ишлаб топилган сармояни олиб чиқиб кетиш бўлиб қолмоқда. Ҳатто Ўзбекистонда ишлаётган туркларга ҳам виза уч ой муддатга берилади, холос.

Мамлакатда тўрт юздан зиёд Ўзбекистон-Туркия қўшма корхоналари рўйхатга олинган. Ҳикмат Эренга кўра, туркиялик тадбиркорлар ўн олти йил давомида Ўзбекистон иқтисодиётига икки миллиард доллардан зиёд маблағ ётқизганлар. Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Мехмет Кемал Асъё бу рақамларга аниқлик киритди – 1,7 миллиард доллар.

Улфат Қодиров Ўзбекистонда чет эл сармояларини тартибга солувчи етмишта қонун актлари амал қилаётганини маълум қилди. “Муаммолар ҳар қандай мамлакатларда бор. Бизда ҳам баъзи муаммолар бўлиши мумкин”, - деди элчи. Кўрсатувни олиб борувчи уни қўллашга шошди: “Ислом Каримов равшан фикрлайдиган доно сиёсатчи, мен уни биламан, у Туркия билан муносабатларга катта аҳамият беради”.

“Ҳалол тадбиркорлар учун Ўзбекистонда фалоият юритишда муаммо йўқ. Афсуски, нопок бизнесменлар ҳам йўқ эмас”, - дея давом этди У.Қодиров. У “Марказий Осиё мамлакатлари орасида чет эл сармоялари ётқизиш учун энг яхши шароитлар айнан Ўзбекистонда яратилган. Мен Ўзбекистонда бизнес олиб бораётган чет элликларда катта муаммолар мавжудлигига ишонмайман”, - дея билдирди.

Савдо атташеси Нодир Хошимов чет элликлар Ўзбекистонда ишлаб топган пулларини, агар солиқларни тўлаган бўлсалар чекланмаган миқдорда олиб чиқиб кетишлари мумкинлигини қайд этди. Ўзбекистон ҳамон “ўтувчи даврда” эканлигини эътиборга олинадиган бўлса, баъзи муаммолар мавжуд бўлиши мумкин, - дея қўшилди элчига атташе. Хорижий капитал икки йилдан етти йилгача солиқдан озод этилади, ишлаб чиқаришда қўлланадиган материалларнинг импорти ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган товарлар солиқлардан озод этилиши, мамлакатда электр энергияси Туркияга нисбатан уч баробар арзонлиги, ишчиларнинг ўртача иш ҳақи эса ойига 200 долларни ташкил этиши қайд этилди.

Телекўрсатув иштирокчиларига кўра, Ўзбекистонда хорижий бизнесменлар учун маҳаллий фуқароларга қараганда яхшироқ шароитлар яратилган.

Кўрсатувда Тошкентда тайёрланган бир неча интервью кўрсатилди. Улардан бирида Ўзбекистон савдо палатасининг раиси Набижон Қосимов мамлакат иқтисодиётига сармоя ётқизмоқчи бўлаётган чет эллик бизнесменлар кўплигини қайд этиб ўтди. Бизнес олиб бориш учун мамлакатда французлар, немислар, ва турклар учун бир ҳил шароит яратиб берилган. Фарғона вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси каби ҳудудларга сармоя ётқизаётган хорижий бизнесменлар қўшимча имтиёзларга эга бўлмоқдалар. У мамлакат иқтисодиётининг либерализацияси босқичма босқич амалга ошаётгани, чет эл капиталининг умумий миқдори 20 миллиард доллар ташкил этишини маълум қилди.

Кўрсатувни олиб борувчи Раъно Ўзтуркнинг туркиялик бизнесменлар тўқнашаётган муаммолар қандай ҳал қилинмоқда, деган саволга Н.Қосимов умумий иборалар билан жавоб бериб, гўёки, Ўзбекистонда олдинги йилларга қараганда бизнес юритиш анча эркин бўлиб қолгани ва муаммолар қолгани йўқлигини айтди.

Кўрсатув иштирокчилари икки биродар халқнинг тил ва дин бирлигини қайд этиб ўтдилар. Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда бизнес юритаётган турклар умумий ибораларини қўллаб, сўзларни танлаб интевью бердилар. Ўзбекистонлик дипломатларнинг чиқишлари эса Туркия билан виза тартиби соддалаштириладими йўқми, бунга аниқлик киритмади.

Шу билан бирга, ўзбекистонлик дипломатларнинг турк телекўрсатувларида иштироки мақтовга сазавор ва икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашади.



 

Реклама