21:09 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Кир ювишдан юбилейгача: Ўзбекистон пойтахтини зудлик билан режадан ташқари байрамга тайёрламоқдалар

26.05.2008 21:56 msk

Умар Шарифов

Тошкентни 2200 йиллик юбилейни нишонлагани тайёрлашаяпти. Марказий кўчаларни тозалаяптилар, янги асфальт босаяптилар, йўл четига гул ўтқазишаяпти, кўримсиз иншоотларни темир девор билан тўсишаяпти, бира-тўла алоҳида биноларни, ёдгорликларни бузишаяпти ва кўчаларнинг номини ўзгартиришаяпти.

Тошкентликлар бирданига ёши улғайган шаҳар борасида баҳс-мунозаралардан ўзларини тиймоқдалар. Олимлар ҳам мум тишлаб қолганлар. Албатта, давлат раҳбари Тошкент 2200 ёшга кирган деганидан кейин шу гап рост-да! Кўпчилик 1983 йилда унинг 2000 йиллигини тантанали равишда нишонланганини ҳали унутмаган бўлсалар ҳам.

Ўзбекистонда ҳар доимгидек юбилейга тайёргарчилик одамнинг ақли бовар қилмайдиган расмийларнинг буйруқлари қабатида ўтмоқда. Хусусан, тошкентликларга балконларда кир қуритишни тақиқлаб қўйдилар. Бу миллий анъаналарга зид эмиш. Чойшаб ва ёстиқ жилдларини қаерда қуритиш кераклигини расмийлар тушунтирмаяптилар (балки диван билан телевизор орасидадир?..), аммо қоидабузарларга нисбатан жиддий жазо қўллаймиз дея қўрқитмоқдалар. Бордию, балконларда кир қуритадиган бўлсангиз, аввалига расмий огоҳлантириш оласиз, кейин жаримага тортиласиз, учинчи бор эса – диққат! “суд орқали хонадондан кўчириб юбориш каби жуда жидий чоралар кўрилади”.

Бошқача қилиб айтганда, шаҳар раҳбарлари 2200 ёшга кирган шаҳар аҳолисини ювилган кирни ўзларининг хусусий балконларида қуритганлари учун ўзларининг хусусий хонадонларидан ҳайдаб чиқарар эканлар. Балконларнинг хусусий мулклиги раҳбарларнинг калласига ҳаёл сифатида ҳам кирмаётганга ўхшайди.

Кўринишидан, бу каллаларда фикрлар умуман туғилмайдиганга ўхшайди, унда керакли аъзоларнинг йўқлигидан (бу ҳақда кейинроқ). Балконларда кир қуритишни тақиқлаган шаҳар маъмуриятининг вакиллари негадир уни қаерда қуритиш лозимлиги ҳақида гапиришдан қайсарлик билан бош тортиб келмоқдалар. Ҳар ҳолда, Тошкентдаги квартиралар қуритувчи мосламалар билан жиҳозланмаган, кирни автоматик тарзда қуритувчи кир ювиш машиналари саноқли одамларда бор, холос. Бордию, яқин орада танишларингизникига бориб қолсангиз, бошингиз узра тортилган арқонларда пайпоқ, чойшаб, майка ва бошқа оилавий ҳаёт унсурлари илиниб турганига ҳайрон бўлманг. Кўринишидан, расмийларнинг мантиқи бўйича, бу ҳол миллий анъаналарга кўпроқ мос келади.

Топшириқни бажаришга пойтахтлик мутасаддилар тўла масъулият ила ёндошдилар. Шаҳар кварталлари, кўчалари ва маҳаллалар бўйлаб юрган милиционерлар аҳолини тўплаб, бундан бери балконларда кир ёйиб қуритиш тақиқланади дея маърузаларини тугата, Тўхтаевнинг доно қарорини тушунтира бошладилар. Кўринишидан, шу пайтда жиноятчилар ҳақиқий ватанпарварлик ҳиссиётига тўла қалб билан милиционерлар бу топшириқларини бажаргунларича танаффус олиб сабр ила ўзларини тийиб, уларнинг бўшашини кутиб ўтирганга ўхшайдилар. Гапнинг индаллоси, эндиликда Тошкентда ёйиб қуритилаётган кир Ғарб, Сорос, террорчилар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини четга суриб қўйиб, халқнинг энг катта душманига айланди.

Доноларча мазкур қарорнинг чинакам муаллифи ким – А.Тўхтаевнинг шахсан ўзими ёки юқорироқда ўтирган кимсами, буни айтиш қийин. Ташаббускорни аниқлаш мумкин эмас ва бунинг сабаби оддий – Ўзбекистонда барча қарорлар давлат раҳбари билан келишиб олинади. Кейин бўлса президент бу қарорларни шахсан ўзи тасдиқлайди. Эндиликда ким нимани ўйлаб топганини аниқлаш қийин. Боз устига, давлат раҳбарининг боши бош бўлмай қолганига ҳам анча бўлиб қолган. У қабул қилган қарорларнинг аксарияти тилларда достон бўлиб кетди. Масалан, бир неча йил аввал Ислом Абдуғаниевич у йўқ бу йўқ, бильярдни тақиқлаб қўйди ва Ўзбекистон бильярд федерациясини тарқатиб юборди. Бутун мамлакат бўйлаб бильярдхоналарни беркитиб қўйдилар, муассасаларда турган бильярд столларини эса ташлаб юборишга ёки омборхоналрга яшириб қўйишга тўғри келди. Бу борада латифа ҳам тўқидилар: “Тошкентда бильярд бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Ғолибларни прокуратура изламоқда”.

Бундан кейин навбат Тошкент йўллари бўйлаб чўзилган жонли яшил деворларга келди. Ушбу ёвузликка қарши барча кучлар ташланди ва тез орада шаҳар расмийлари қувонч ила жонли девор муваффақиятли равишда чопиб ташланди дея ҳисобот бердилар. Шундан кейин шаҳар кўчалари бўйлаб, шу жумладан, президент ҳам баъзида ўтадиган кўчаларда бемалол айланиб юрган мотоциклчиларга келди. Тез орада уларга бу нарса қатъий тарзда маън этилди. Президент бўлса ўз қароргоҳидан унча нарида бўлмаган иккита йўлни кўмиб ташлаб, уларнинг ўрнига яшил зона яратишга буйруқ берди. Пировардида, параллель кўчаларда кўп километрларга чўзилган автомобиль тиқинлари пайдо бўлди ва конституция кафолатчиси устига ҳайдовчиларнинг беҳисоб лаънатлари ёғила бошланди.

Давлат раҳбарининг яна бир ташаббуси – Тошкент марказида, “президент трассаси” дея аталувчи йўналиш бўйлаб жойлашган умумий овқатланиш масканлари билан кураш бўлиб қолди. Айтилдими – қилинди: барча қаҳвахоналар ва ошхоналар бузиб ташланди. Энди уларнинг ўрнида бўш жойлар қолди, холос. Шундан кейин бундай муассасалардан бутун Тошкент марказини тозаладилар. Одатдагидек, буларнинг ҳаммаси ҳеч кимга ҳеч нарса тушунтирилмаган ҳолда содир бўлди. Хулласи, барча бунга ўхшаш эпизодлар Каримов вақти-вақти билан устидан ўтиб турадиган Буюк Ипак Йўли (Горький) метроси ёнидаги ер ости ўтиш жойдаги барча дўконларнинг йўқ қилинишини ҳисобга олинса, битта умумлаштирилган манзарага осонгина жой бўлади.

Бугун 2200 ёшга кирган шаҳар марказида тинчлик ва осудалик ҳукм сурмоқда. Қаҳвахона ва ошхоналарнинг аксарияти йўқ қилинган, шунинг учун ҳам Тошкент маркази оқшомлари жим бўлиб қолгандек. Ислом Абдуғаниевичнинг назаридан четда қолган – пойтахт четидаги муассасаларнинг омади келгандек, уларга фақат тунги ўн бирдан кейин ишлаш тақиқланган. Соат 22.00 дан бошлаб милиционерлар қаҳвахона ва ресторанларни айланиб, бошлиқларнинг буйруғи шу дея муассасаларни ёпиб юрибдилар.

Куни-кеча Тошкентнинг асосий кўнгилочар кўчаси, одамларга тўла “Бродвей” мана бир ярим йилдан бери чўлу-биёбонга айлангандек. Бунгача бу кўчада байрам ва дам олиш кунлари одам кўплигидан юриб бўлмасди, аммо ўтказилган тозаловдан сўнг халқ сайилларига чек қўйилди. Қаҳвахона, барлар, аттракционлар ва кўча мусиқачилари гумдон бўлди, бўш кўчалар бўйлаб сайр қилишга ҳеч кимни мажбур эта олмайсан. Балки шунақа қилишни мақсад қилиб олишгандир – шаҳар марказида одамлар камроқ бўлишни? Лекин энди ҳар қандай террорчини узоқдан кўриш мумкин...

Давлат раҳбарининг ғалати қилиқлари сўнгги йилларда борган сари кучайган ҳолда намоён бўлмоқда. Шўролар мамлакатини ўн саккиз йил давомида бошқарган “қадрдон Леонид Ильич” орден ва медалларни жуда яхши кўргани халқ орасида ҳали унутилгани йўқ. Республикани ўн саккиз йилдан бери бошқараётган Ислом Абдуғаниевич ҳам турли юбилейларни нишонлашга суяги йўққа ўхшаяпти. Ўтаётган тантаналар давомида у қувонч ила жилмайиб, хурсандчилик билан чапак чалаяпти. Ўтган йили Ўзбекистон иккита юбилей – Самарқанднинг 2750 йиллиги (1970 йилдан бери бу шаҳарнинг ёши 250 йилга узайди) ва Марғилоннинг 2000 йиллигини нишонлади. Унгача Алпомиш эпосининг 1000 йиллиги (1999), Авестонинг 2700 йиллиги (2001 йил), Термизнинг 2500 йиллиги (2001), Шаҳрисабзнинг 2700 йиллиги (2002), Қаршининг 2700 йиллиги (2006) нишонланганди. Энди бўлса, шундай суратларда кетаверса тез кунларда ёши Вавилон ва Қуддус билан тенглашиб қоладиган Тошкентга навбат келди.

Ҳайрон қоладигани, мазкур юбилейларнинг барчаси тасодифан Ислом Абдуғаниевичнинг сўнгги тўққиз йиллик ҳукмдорлиги даврига тўғри келгани. Айтгандек, шу йилнинг январида негадир кенг нишонланмаган ва деярли сезилмай ўтган бошқа бир юбилей нишонланган – Ислом Абдуғаниевичнинг 70 ёшлиги.

Бир гап билан айтганда, ҳаёт тобора қувноқ ва яхшироқ ўтмоқда...