07:53 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ҳуқуқ ҳимоячиси С.Зайнобиддинов миннатдорчилик билдирмоқда

25.05.2008 07:39 msk

Фарғона.Ру

“Андижон воқеалари”дан сўнг бутун жаҳонга танилган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов ўзининг адолатсиз равишда қамоқда ўтирган пайтда уни қўллаган барча ташкилотлар ва одамларга очиқ мактуб юборди.

“Фарғона.Ру” таҳририятига келган ушбу мактубни тўлалигича чоп этамиз.

* * *

Бутун дунёдаги менинг азиз дўстларим! Роппа-роса уч йил аввал, 2005 йилнинг 21 май куни мени баъзи одамларнинг шаънини тўкувчи ёлғон маълумотлар тарқатишда, ҳокимиятни эгалламокчи бўлган террорчилар ташкилотини қўллаб-қувватлашда ва аҳоли ўртасида ваҳима тарқатишда айблаб ҳибсга олдилар. Суд 2006 йилнинг 5 январида мени 7 йилга озодликдан маҳрум этди.

Хайриятки, Халқаро Амнистия, Хьюман Райтс Вотч, Фридом Хаус каби ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар мени виждон ва эътиқод тутқуни дея эълон қилдилар ҳамда Ўзбекистон ҳукуматидан қатъият ила мени озод қилишни талаб қилиб келдилар. Натижада, шу йилнинг 2 февраль куни, мамлакатимизда хар йили эълон килинадиган амнистия важидан мени озодликка чиқардилар.

Озодликка чиқанимдан бери салкам тўрт ой ўтди. Ҳозиргача озод этилишимга доир бирон-бир жиддий баёнот беришдан ўзимни тийиб келдим. Бу ҳол менда озодликка кўникма (адаптация) ҳосил бўлишига вақт кераклиги ҳамда ҳалигача қамокда қолаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг тақдирини ўйлаганим каби сабаблар билан боғлиқ эди. Аниқроғи, менинг озодликка чиққанимдан кейин яна фаол ҳаракат юритишим расмийларнинг бошқа ҳуқуқ ҳимоячиларини озод этиш тўғрисида ноўрин тасаввур уйғотса, улар ўз режаларини (агар шунақаси бўлса) ўзгартиришларидан хавотирландим. Бироқ, ҳуқуқ ҳимоячиларининг катта гуруҳи ҳозиргача қамоқхоналарда қолаётгани анчайин қайғули ҳол.

Мен 2 йил-у 8 ой маҳбусликда ўтирдим. Бу муддатнинг ярмидан кўпи тергов ва транзит ҳибсхоналарида, ташқи дунёдан бутунлай узилган ҳолатда ўтди. Шу давр мобайнида, барча босқичдаги ижрочилар мен билан етарли даражада қонун доирасида муомала қилдилар.

Қамоқда ўтирганимда, Халқаро Амнистия ва бошқа халқаро ташкилотларнинг ташаббуси билан уйимга дунёнинг барча бурчакларидан мени қўллаб-қувватловчи юзлаб мактублар келди. Қамоқдалигимда бу мактубларга жавоб кайтариш у ёқда турсин, уларни ҳатто ўқиш имкониятига ҳам эга бўлмаганман. Айни пайтда мана шу мурожаат мактубини эълон қилишдан бошқа чора топа олмадим. Сабаби, мактублар шунчалик кўпки, ҳозирча уларнинг ҳар бирига алоҳида жавоб бера олмайман.

Йигирмата мамлакатдан 9620 та мактуб, откритка, фотосуратлар, расмлар ва битиклар олдим. Шу жумладан, Буюк Британиядан 4471 та, Канададан – 3156 та, АҚШдан – 264 та мактуб келган. Шунингдек, Австралиядан – 39 та, Франциядан – 17 та, Италиядан – 15 та, Германиядан – 14 та, Испаниядан – 6 та, Польша ва Швейцариядан - 6 тадан, Араб Амирликларидан – 4 та, Австрия, Жанубий Корея ва ЖАРдан – 2 тадан, Бельгия, Исроил, Хитой, Малайзия ва Словениядан – биттадан мактуб келган.

Ушбу мактублар билан 129 нафр одамнинг фотосуратларини ҳам олдим, Квебекдаги Монт Нотр-Дам коллежининг талабаси, ёш шоира Sabrina Trudeau Hamidi машҳур шоирлар ва ўзининг шеърларини қўлёзмада битилган альбомини жўнатибди. Мен билан бирдамликларини билдирувчи 59 та икки ёқлама откриткалар ва 1503 киши имзо чеккан А4 ва А3 форматдаги варақлар ва битта плакат ҳам келган.

Келгусида мен, иложи борича, албатта (Интернет орқали ёки бошқа йўл билан), ўз манзили кўрсатилган барча мактубларга жавоб қайтараман.

Ҳозир эса барча мактуб ва жўнатмаларнинг муаллифларига мен ўзимнинг чуқур минатдорчилигимни билдираман. Ҳаммангизга тинчлик ва бахт тилайман! Мен ҳам Сизларни ўйлайман! Ва Сизлар доимо менинг ўйларимдасиз!

Чин кўнгилдан, Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Чувама кўчаси-19, Андижон 170127, Ўзбекистон.

P.S. Мени ҳимоя қилган барча халқаро, ҳукумат, журналистлар ва жамият ташкилотларига ҳам ўз миннатдорчилик билдираман! Юқорида санаб ўтилган барча мактубларни менга етказиб берган Ўзбекистон ва бошқа барча давлатларнинг почта хизматларига катта раҳмат! Мени муддатидан олдин озод этишгани учун Ўзбекистон ҳукуматига ва Президентимизга чин юракдан ташакур изҳор этаман! Мамлакатимизда ва бутун дунёда озодлик ва демократиянинг фақат ижобий ўзгаришлари бўлсин!