17:38 msk, 22 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкент марказининг юбилейга бағишланган реконструкциясими ёки вахшийларча фуқароларнинг ҳуқуқини поймол этишми?

24.05.2008 13:42 msk

Алексей Волосевич

Ўзбекистон президенти томонидан ўйлаб чиқарилган навбатдаги юбилей – Тошкентнинг 2200 йиллиги арафасида Ўзбекистон пойтахти марказида жойлашган турли иншоот ва бинолар мажмуасини шошилинч равишда бузишга киришдилар. Ҳукуматга қарашли “ЎзА” ахборот агентлиги ва марказий АТС биноси, автобус шох бекати ва унга туташган квартира ва газета-журналлар бозори, шунингдек “Ўзбекистон” меҳмонхонаси ёнидаги аркли турар-жой биноси бузиладиган бўлди. Мазкур иншоотларни зудлик билан бузилишининг зарурати ҳақида уларнинг эгалари ва ижарачиларини бир неча кун аввал, 15 май куни хабардор қилдилар.

Иш бошланди. Қаердандир олиб келинган ишчилар бригадаси милиция ва ҳокимият ходимлари кузатуви остида ҳали одамлар яшаётган уйларнинг томини зудлик бузишга киришдилар. Бўшаган ерда нима бўлишини ҳамда бунчалик шошилишнинг сабаби нимадалигини шаҳар маъмурияти вакилларидан ҳеч ким шарҳламаяпти. Боз устига: шаҳар ҳокимлиги ва ободонлаштириш бўйича шаҳар бошқармаси бу борада қандайдир маълумот беришдан қатъий тарзда бош тортмоқда. Шу муносабат билан турли-туман миш-мишлар тарқаган: ёки бу ерда яна бир яшил ҳудуд пайдо бўлади ёки яна бирорта меҳмонхона қурилади (бу ердаги меҳмонхоналарнинг сони кўп эмас оз эмас - тўртта). Мамлакат бош ахборот агентлигининг бошқа бинога кўчиши тўғрисидаги қарорни шахсан Каримовнинг ўзи тасдиқлагани маълум, холос.

Маъмурий бинолардан ташқари расмийлар ўзига ҳос тўрт қаватли “сталин” даврида қурилган уйни ҳам бузишга қарор қилдилар. 1939 йилда қурилган бу уй шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган ягона кўп квартирали уй бўлиб қолганди.

Бу уйдаги икки ва уч хонали квартираларнинг нархи 100-150 минг долларга тенг бўлган ва сўнгги пайтгача пойтахтнинг энг қимматбаҳо уйларидан саналганди.

Дом в центре Ташкента
Тошкент марказидаги уй. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Шундай мустаҳкам уй ҳам бузиладиган бўлди, квартиралар эгаларини эса кўчирадилар. Уларнинг розилигини ҳеч ким сўрагани йўқ. Муносиб товон пули – компенсация ҳақида умуман гап бўлгани йўқ. Уларга шаҳарнинг четида жойлашган ётоқ даҳалардаги панелли уйларда эгасиз уйлар таклиф қилинмоқда. Ёки бўлмаса, Сирғали даҳасида олти сотих ер участкаси таклиф этилмоқда. Билмаганлар билиб қўйсин, бу Тошкентнинг энг чекка даҳаси саналади. Шаҳар маъмурияти вакилларининг таъкидлашларича, бу участкаларнинг нархи 26 минг долларга тенг.

Бошқача қилиб айтганда 100-150 минг доллар турадиган квартиралар эгаларига берилган нарсани олиб миннатдор бўлишлик ва зудлик билан туёқни шиқиллатиб қолишлик таклиф этилмоқда. Аммо улар негадир иккилланиб турибдилар.

- Бу ерда, квартирамда фирмамнинг офиси жойлашган, дейди ёши бир жойга бориб қолган корейс миллатига мансуб кимса эшигини катта очиб.

Унга кўра, яқинда у хонадонни капитал таъмирдан чиқариб сотмоқчи бўлган ва 250 минг долларга олишга тайёр ҳаридор топган. Лекин уй бузилади деган шумхабар етиб келди. Энди бўлса бу квартира эвазига Сирғалидан олти сотих ер участкаси беришар экан...

Бундай мусибатни кўтариш осон эмас. Суҳбатдошимнинг аҳволи оғир, зўрға гапиради.

- Балки кўнмай муносиб жой талаб қилиш керакдир? – дея қизиқдим.

- Нима бўларди, бульдозерни олиб келишади. Ана, ишчилар томни бузишга бошладилар...

“Сталинча” уй ҳовлисининг бурчагига кўчадан кўринмайдиган бир қаватли уй ёндошган. Бу Тошкент марказида қолган ягона хусусий уй бўлиб олти хонадан иборат. Уй эгалари билан суҳбат давомида рўпарадаги квартира ҳам уларга тегишли эканлиги маълум бўлди. Энди буларнинг ҳаммаси бузиладиган бўлди.

- Умрим бўйи шу ерда яшаб келдим, - дейди уй эгаси Ирина Чернишёва. – Мактабга ҳам, ишга ҳам доим пиёда бориб келардим. Ахир бу ер шаҳар маркази-ку. Ўтган ҳафта бўлса, 15 май куни ҳокимият ва милиция вакиллари келиб шу кунларда ҳаммаси бузилишини айтишди. Эртаси куни иссиқ сувни тўхтатиб қўйдилар. Квартира эгалари ларзага тушганлар.

Иринага кўра, уй эгаларининг саволларига расмийлар вакилларидан бирортаси ҳам тўлиқ жавоб бера олгани йўқ.

- Ҳеч қандай ҳужжат кўрсатишгани йўқ, ҳеч нарсани тушунтиришмаяпти. Фақат олти сотих ер участкаси берилишини, Сирғалидаги олти сотих ернинг қиймати 26 минг доллар эканлигини айтишмоқда.

- Пайшанба куни келиб уйни бузамиз, сизга квартира берамиз дейишмоқда, - дейди унинг эри Валерий. Дунёнинг четидан икки хонали уй таклиф этишмоқда. Кадишева, Юнусобод, Чилонзорда (Тошкент чети. – таҳр. изоҳи). Бу ердаги квартираларимиз таъмирланган, у ердагилари эса таъмирланмаган, панелли уйларда. Уларнинг нархи тахминан 25-30 минг доллар, бу ердагилар 100-120 мингдан юқори. Бу хонадонларнинг бари хусусийлаштирилган. Қонунга кўра, агар одам бир жойда 15 йил истиқомат қилган бўлса унга бузилаётган уйнинг ён-атрофида, шу даҳанинг ўзидан жой беришлари керак.

Лекин, ҳокимият вакиллари қонуннинг мазкур меъёри борасида эшитишни ҳам истамаяптилар ва бунақа гап ҳеч қаерда ёзилмаган дея таъкидламоқдалар.

Одамларнинг кўчирилиши учун қанча маблағ ажратилгани ҳам қатъий сир бўлиб қолмоқда. сўнгги муддат ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Бундан ташқари, расмийлар негадир жуда ҳам шошилмоқдалар. Очиқдан-очиқ товламачилик, босим ва таҳдидлар муҳитида, “биласизку, Ўзбекистонда бўйсунмайдиганларнинг аҳволи нима бўлишини” қабилида иш тутиб, одамларни зудлик билан турли квартираларга, шунингдек, тез кунларда яна бузиладиган даҳаларга тиқиштириб жойламоқчилар.

Хонадон эгалари бу таклифларга кўнишга мажбурлар, акс ҳолда, уйлари бузилиб ўзлари қуруқ қолишдан қўрқадилар. Кейин суд орқали ҳам ҳеч нарсани исботлаб бўлмайди. Кўпчилик 2005 йилда бош вазир Мирзиёевнинг қарори билан Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги минглаб дала ҳовлиларини бузиб ташланганини эсидан чиқаргани йўқ. Ўшанда уй эгалари умуман ҳеч қандай товон пули олганлари йўқ.

Умуман олганда, кўп сонли мутасаддиларнинг иложи борича кўпроқ “даромад” олишларига қулай имконият туғилди. Ахир ҳеч ким ажратилган компенсация миқдори ҳақида маълумот бермаяпти, ҳаммаси мутлақо маҳфийлаштириб қўйилган. Баъзи хонадон эгаларининг ўз номларини ошкор этмай маълум қилишларича, мутасаддилар уларга таъма қилишни бошлаб, имо қилмоқдалар.

Шошилишлик ва тушунарсиз бўлган маҳфийлик пардаси кўчирилаётган хонадон эгаларида бир қанча саволлар уйғотмоқда.

- Нега энди айнан Сирғалидан ер беришаяпти? Ёки у ерни қурувчи сотиб олганми? – дея ҳайрон бўлади Ирина.

Содир бўлаётган нарсаларнинг ғалатилиги нафақат бу ишларнинг шошилинч равида амалга оширилаётганида ёки расмийларни бузилаётган уй ўрнида нима қурилишини тушунтиришни истамаганликларида, балки Тошкент шаҳар ҳокимлигига алоқаси бор қандайдир “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг ширкатининг кўчирилаётган уй эгаларига топширган хабарномасида ҳамдир.

Иқтибос:

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг ширкати Сизга маълум қиладики, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2008 йил 16 май кунги № 310 қарорига мувофиқ Сизнинг уйингиз “Тошкент шаҳар марказини тартибга келтириш”га биноан, шунингдек, “OZLITI” ЁАЖ турар-жой биноларининг техник ҳолати тўғрисидаги хулосасига асосан бузиладиган бўлди”. Имзо – “ЯБХ” ИШ директори Ҳасанхўжаев.

Ўзбекистонда бугунги кундаги тартибларни тасаввур эта туриб бўлаётган ҳодисаларни икки нарса билан изоҳлаш мумкин. Биринчиси: Бу ерда Каримовлар оиласига алоқадор (бошқа кимнинг ҳам ҳадди сиғарди?..) қандайдир даромад келтирувчи объект қурилади. Иккинчиси: Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик буюк юбилейига бағишлаб бу ерда қандайдир ўта дабдабали иншоот қурилади ва халқ хотирасида ободончи-бунёдкор, мустақиллик учун курашчи, ёки бошқачасига, оддий қилиб айтганда буюк одам сифатида қолишни истаган давлат раҳбарининг сўнмаётган амбицияларини қондирилади. Ислом Абдуғаниевич Каримов бу каби амбицияларини одатдагидек ўзгалар ҳисобига, яъни давлат ҳисобига ёки турар-жой эгаларини тўнаш ҳисобига қондириши бошқа соҳадаги, яъни аҳлоққа доир бўлган масала. Умуман олганда, шу, ё биринчиси ё иккинчиси.

Нима ҳам дейиш мумкин? Меъморий жиҳатдан олиб қараганда Тошкент янги шаҳар. Эски бинолар деярли қолмади. Шунинг учун ҳам шаҳар юбилейига деярли 70 ёшга кирган ва яна камида 100 йил хизмат қила оладиган бинолардан бирини асраб қолиш керак деб ҳисоблайман. Лекин, расмийларга бу нарса умуман фарқсиз бўлиб қолган. Уларга ўз хонадонларидан ҳайдаб чиқарилаётган одамлар тақдирининг қандай бўлиши ҳам фарқи йўқ.

Алексей Волосевич (Тошкент)