02:27 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Нукусда кенг миқёсда ёшларнинг спорт ўйинлари ўтади (фото)

16.05.2008 08:33 msk

Фарғона.Ру

“Мамлакат шуҳратини бутун дунёга ҳеч нарса спорт каби ёя олмайди”. Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг бу сўзлари 17 май куни Нукусда очиладиган “Баркамол авлод-2008” ёшлар олимпиадасининг шиори бўлиб қолди.

“Баркамол авлод” ўйинлари расмий веб-сайтининг маълум қилишича, Нукусга бутун мамлакатдан спортчилар келадилар. Уч босқичли мураккаб мусобақаларда академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари иштирок этадилар. Ўзбекистондаги барча фойдали нарсалар каби спорт ўйинлари ҳам давлат ташаббуси билан ўтказилади.

Баскетбол во дворе СПТУ 30, г. Нукус, Узбекистан
Нукус. Оммавий саҳна кўринишининг театр коллежи ҳудудида репетицияси. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Шаҳар ва автоном республика бор кучи билан ёшлар спорт байрамига тайёрланмоқда. “Нукусда “Турон” стадиони реконструкция қилинди. Бу ерда 1,1 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Стадион сунъий майса билан қопланди, 12 минг томошабин учун янги ўриндиқлар ўрнатилди, кийим алмаштириш, дам олиш ва ювиниш хоналари қурилди”, - дея қувонч ила хабар қилади “ЎзА” ахборот агентлиги.

Аммо тантаналар ортида маҳаллий аҳолининг ҳуқуқларидан маҳрумлиги, беҳаё мулозимлар томонидан амалга ошираётган талончиликларларни кўриш мумкин.

“Фарғона.Ру” АА мухбирининг суҳбатдоши Баҳром исмли йигитнинг айтишича (исм ўзгартирилган), спорт мусобақаларига тайёргарчилик ишлари аврал услубда, талабалар, мардикорлар ва ҳатто маҳбусларни жалб этиш йўли билан амалга оширилмоқда. “Айтишларига қараганда, талабалар ва баъзи бюджет ташкилотларининг ходимлари март ойи маошларидан спорт байрами жамғармасига “ихтиёрий” равишда 20 минг сўмдан пул ўтказганлар, - дейди Баҳром. – Ҳамма дам олиш кунларисиз ишламоқда. Қорақалпоғистонга бу каби хўжакўрсинга ўтказиладиган тадбирлар керакми?..”

Барахолка в Нукусе
Нукус темир йўл вокзали ёнидаги эски буюмлар бозори. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Спорт мусобақасини ўтказиш учун бюджетдан қанча маблағ ажратилгани номаълум. Аммо кўринишидан, ажратилган давлат пуллари етмаганга ўхшайди. Баъзи мулозим-мирзалар маблағнинг бир қисмини ўмарган бўлсалар, бошқалари расмийлар сиёсатига қарши чиққанлари учун жабрландилар.

“Фарғона.Ру” ахборот манбасига кўра, спорт ўйинлари ўтказилишидан олдинроқ Нукусга республика бош вазири Ш.Мирзиёев келиб кетди: “Ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб ташлади... Шаҳар ҳокимини, Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазирини ишдан олди. Айтишларига қараганда, вазир тиббий ходимлар маошидан “Баркамол авлод”га пул ўтказиб бериш тўғрисидаги фармойишга имзо чекишдан бош тортгани учун ҳам ишдан кетган”, - дейди Баҳром.

Базар в Нукусе. Цены на продукты питания не радуют местных жителей
Нукусдаги бозор. Озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи маҳаллий аҳолини қувонтирадиган аҳволда эмас. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Қорақалпоғистон пойтахти Орол денгизи экологик фалокат ҳудудида жойлашган. Бу ердаги турмуш даражаси мамлакатдаги энг қуйи даражада саналади. Масалан, бюджет касалхонасида ишлайдиган шифокорнинг ойлик иш ҳақи 120 минг сўмга (86 долларга яқин) тенг. Шу билан бирга, энг зарур озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи маош индексациясини анча ортда қолдириб кўтарилмоқда. Бу ҳолат маҳаллий аҳолининг қашшоқликка тобора ботиб қолишига сабаб бўлмоқда. Ҳашаматли спорт тадбири фалокатли тарзда қашшоқлашаётган шаҳарда ўтказилмоқда. Давлат бу шаҳар аҳолисининг ҳақиқий муаммоларини мутлақо унутиб қўйгандек.

“Расмийлар спорт байрами ўтказиш ўрнига Қорақалпоғистон аҳолисининг аянчли аҳволига эътибор берсалар бўлмайдими? Ишсизлик, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи мисли кўрилмаган даражада бир неча баробарига кўтарилди! Бир кило гуручнинг нархи 2000 сўмга чиқиб кетди (ўтган йили 700 сўм эди); помидор – 2200 сўм, картошка – 600 сўм”, - дея куюнади “Фарғона.Ру”нинг нукуслик суҳбатдоши. “Водопровод қувурларидаги сув сифатсиз, микрайонлардаги кўчалар ифлос, дўконларда 250 сўмлик нон йўқолганига анча бўлди. Ўша нонни қўшни бозорчада икки баробарига сотишмоқда!”

Базар в Нукусе
Нукусдаги бозор. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистонда нон тақчиллиги ва нархининг кескин тарзда кўтарилиши ҳақида ўтган йили ноябрь ойида ёзгандик. Ўшанда, сайтда танқидий мақолалар чоп этилганидан кейин бир неча кун ўтиб манбаларимиз қувонч ила Нукус дўконларида яна нон пайдо бўлгани ҳақида маълум қилгандилар. Аммо вақт ўтиб нон муаммоси яна долзарб бўлиб қолди.

Кўринишидан, маҳаллий аҳоли асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг тақчиллигига ўрганиб қолдилар, шекилли. Энг асосийси – мусобақаларга келган ўспирин ёшларимиз оч қолмасалар бўлди, - дейдилар улар очиқ кўнгил билан.

Макароны на развес – самый дешевый продукт
Энг арзони – макарон. Нукус, “Фарғона.Ру” АА фотосурати