18:22 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Майкл Андерсен: “Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан юргизаётган сиёсати геосиёсий манфаатларни кўзлайди, холос”

14.05.2008 05:10 msk

Даниил Кислов суҳбатлашди

Куни-кеча маълум бўлишича, Ўзбекистон расмийлари Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда тайёрланган конференцияни бекор қилиб номаълум муддатга қолдирди. Ушбу ўзига ҳос медиа-форум май ойининг охирида Тошкентда бўлиб ўтиши керак эди. Форум ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида инсон ҳуқуқлари бўйича очиқ диалогнинг бир қисми бўлиб қолиши ва Тошкент ҳақиқатдан ҳам бу соҳада олиб бораётган сиёсатини ўзгартираётганини намойиш этиши керак эди, дея ёзади Uznews.net. Нашрга кўра, расмий Тошкент европалик сиёсатчилардан санкциялар бўйича ўзига керакли бўлган қарорни олганидан кейин конференцияни бекор қилди.

“Фарғона.Ру” АА форумга келиши кутилган меҳмонларнинг бири, бир неча йил давомида Марказий Осиёда истиқомат қилган даниялик сиёсатшунос ва журналист Майкл Андерсендан вазиятни шарҳлаб беришни сўради. Сўнгги уч йил давомида у ҳаммага маълум Андижон фожеасигача ва ундан кейин шу кунларгача Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан юргизаётган сиёсатини ўзгаришига бағишланган ўзига ҳос уникал ҳужжатли фильм яратиш билан машғул бўлган.

Журналист и политолог Майкл Андерсен (Дания)
Сиёсатшунос ва журналист Майкл Андерсен (Дания)

- Айтингчи Майкл, форум Европа ва Ўзбекистон учун қандай аҳамиятга эга бўлган бўларди?

- Аслида бу аввали бошидан беҳаё бир ўйин эди, холос. Ўзбекистон расмийлари 15 нафар ғарб журналистларини форумга келтирмасликлари олдиндан аниқ эди. Бунинг исботи сифатида ғарб медиа-вакилларига журналистик аккредитация бериш кўзда тутилмагани далил бўла олади. Яъни, улар Ўзбекистон ҳудудида журналист сифатида ишлаш ҳуқуқига эга бўла олмасдилар. Бу дунёдаги энг шавқатсиз бўлган ўзбек режимининг пиар-акцияси бўлган, холос. Афсуски, ўтган ҳафта давомида мазкур форумни қўллаб чиққан ЕИ ташқи ишлар вазирлари ҳақиқатдан ҳам форум ўтказилишига ишонгандилар. Ҳаммаси “хўжакўрсинга” бўлгандек туюлади.

Менимча, барча манфатдор тарафлар бўлажак медиа-форумдан Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни бекор қилиш учун бир баҳона сифатида фойдаланганлар.

- Ғарб журналистларидан кимлар конференцияда иштирок этишлари, анжуманнинг шакли ва кун тартиби қандай бўлиши кутилган?

- Ростини айтсам, бундан хабарим йўқ. Барча нарсалар маҳфийлаштириб қўйилганди. Мен учрашувнинг шакли ва бошқа нюансларини кимдир жиддий муҳокама қилганига ҳам ишонмайман. Негаки, раҳбарларниннг форум ўтказилмаслигига ишончлари комил бўлган.

- Нега ўзбекистонлик расмийлар сизни ва германиялик таниқли журналист Маркус Бенсманни медиа-форум иштирокчилари рўйхатидан ўчирдилар? Сиз Ўзбекистон учун номақбул шахсмисиз?

- Менга ва Маркусга ўхшаган, умуман олганда эса Каримов режими ҳақида ҳақиқатни ёзувчи ҳар қандай журналист Ўзбекистон учун номақбул шахс, яъни “персона нон грата” саналади. Мен журналистлар рўйхатининг сўнгги вариантини кўрганим йўқ, аммо билишимча, бу мамлакатда олдин ишлаган ва у ердаги вазиятни билувчи журналистлар таклифнома олмаганлар. Мен Ўзбекистон расмийлари танқидий кайфиятдаги журналистларнинг келишидан қўрқмоқдалар деб айтардим. Ўзбек диктатори учун энг даҳшатли нарса – халқ ўзи яшаётган мамлакатдаги вазият ҳақидаги ҳақиқатни билиб қолишидир.

- Конференцияни нега қолдирдилар?

- Олдин айтганимдек, бу ўзбек режими ва Германия ҳукумати, ЕИ сиёсий етакчиларининг қўшма пиар-акцияси бўлган, холос. Уларнинг бирортаси ҳам форумнинг ҳақиқатдан ўтишига ишонмаганлар деб ўйлайман.

- Сизнингча, Ўзбекистонда баъзи европалик кузатувчилар қайд этаётганидек, ҳақиқатдан ҳам инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида прогресс борми?

- Бундай мақтовлар фақат Германия ҳукумати ва Еврокомиссия раҳбарлари томонидан айтилаётганига эътиборингизни қаратмоқчиман. Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳволни биладиган барча эксперт ташкилотлар ва мутахассислар (Хьюман Райтс Уотч, Халқаро Амнистия, Хельсинки Федерацияси, Халқаро КризисГуруҳи) бунинг тескарисини таъкидламоқдалар. Улар вазият илгаригидек ҳамон ёмон аҳволда дея билдирмоқдалар. Менинг Ўзбекистондаги ахборот манбаларим деярли ҳар куни ўлим билан тугаётган қийноқлар, милиция томонидан қийнатиб ўлдирилган фарзандларининг жароҳатга тўла жасадларини олган ота-оналарнинг даҳшатли ҳикояларини етказмоқдалар.

Ҳар қандай ҳолатда, Ўзбекистондаги вазият илгаригига нисбатан кўп жиҳатларда ёмонроқ. Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасидаги вазият билан умуман иши йўқлигини ошкора намойиш этмоқдаки, ўз-ўзидан бу мамлакат аҳолиси уларни ҳамма унутган ва ҳеч кимнинг иши йўқ деган фикрга келмоқда. Бу аҳволдан ЕИ вакиллари уятсалар бўларди.

- Нега энди аввалига Андижондаги қатли омни қоралаган Европа бугунги кунда ўз халқига нисбатан бундай қабиҳ жиноятни содир этган Тошкентни гўёки “кечирди”?

- Биринчидан, ЕИ Андижондаги қатли омдан кейин зудлик билан расмий Тошкентнинг ҳаракатларини танқид қилганини унутманг. Лекин Тошкентга нисбатан унчалик арзимаган ва заиф санкциялар пакетини қўллаш учун 5 ой керак бўлди. Мен ЕИ Ўзбекистоннинг Андижондаги минглаб намойиш иштирокчиларининг ўлдирилишига алоқадор олий мансабли мулозимларининг рўйхатини тузилгани ҳақида гапираяпман. Мазкур 12 нафар расмий шахслар учун ЕИ мамлакатларига киришга тақиқ жорий этилди. Аммо диктатор Каримовнинг номини бу қора рўйхатга киритмадилар. Наҳотки ушбу қатли омни унинг розилигисиз амалга оширилган деб тасаввур қилиб бўлса? Ахир ўша куни Каримов Андижонда бўлгани маълумку.

Мен ЕИ раҳбарларидан Андижон фожеаси ҳақидаги ҳужжатли фильм учун бу ҳақда сўраганман. Уларнинг жавобларининг беҳаёлиги ақлга сиғмайди. Менга айтишдики, Ўзбекистон стратегик жиҳатдан муҳим ҳудудда жойлашган, шунинг учун ҳам агар Каримовни қора рўйхатга киритилса, у ҳафа бўлиб қолиши мумкин. Бу эса бизнинг Ўзбекистон билан муносабатларимизни зарба остига олиб келиши мумкин! Ана ўшанда мен Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан юргизаётган сиёсатида ҳеч қандай принципларга амал қилинмаслиги ва фақат геосиёсий манфаатларни кўзлашдан иборатлигига амин бўлдим.

Мен шу мавзудаги саволни Германия ҳукумати вакилига берганимда ундан қуйидаги жавобни олдим: ўзбекистонлик вазирнинг даволанишига шунинг учун рухсат этилганки (диққат, иқтибос), “Алматовнинг аҳволи жуда оғир ва даволанишга муҳтож эди. Унга рад жавоби бериб бўлмасди”. Бу ўзбек халқининг назарида Европа Иттифоқининг обрўси тушириши Германия ҳукумати учун мутлақо фарқи йўқ эди! Мен унга Андижондаги юзлаб ярадорлар Алматовга кўра ёрдамга кўпроқ муҳтож эди-ку, деб сўраганимда, менга “кўзимни очишимни ва содда бўлмасликни” маслаҳат қилдилар.

- Фильм асосий эътиборини нимага қаратган? Унинг қаҳрамонлари нима ҳақида сўзламоқдалар? Картинани тугата туриб ўзингиз учун қандай хулосага келдингиз?

- Фильм уч йил давомида суратга олинди. Биз фожеадан икки кун ўтибоқ фильмни яратишни бошлаганмиз. Ўшанда мен Қирғизистондаги қочоқлар лагерига боргандим. Фильм “Башорат қилинган қатли ом” дея аталади ва чет эллик ҳамда маҳаллий мутахассислар ва ҳуқуқ ҳимоячилари анча олдинроқ Андижон воқеасига ўхшаш нарса содир бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганларига асосланади. Мен Халқаро Кризис Гуруҳи, Хьюман Райтс Вотч, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррейни назарда тутаяпман. Мен ўзбекистонлик олим Баҳодир Мусаев билан 2004-2005 йиллардаги қишда, Қўқондаги тўс-тўполонлардан кейинги суҳбатимизни эслайман. Мусаев бир неча ойдан кейин бўлажак ҳодисаларни башорат қилганди.

Майкл Андерсен на съемках фильма
Майкл Андерсен фильмни суратга олиш пайтида

Мен суратга олган фильмда Андижон фожеасидаги ғарб ҳамжжамиятининг ўйнаган роли ва масъулияти ҳақида гапирилади. Крейг Мюррей менга “Андижондаги қатли ом учун жавобгарликнинг бир қисми ғарб мамлакатларининг зиммасида, негаки, айнан Ғарб Каримов нимани истаса шуни қилиши мумкин деган фикрга ўргатиб қўйди”, - деб айтганди. Мен унинг бу сўзларини фильмга киритдим.

Фильмда қатли омдан олдин содир бўлган воқеалар ҳақида ҳикоя қилинади. Уни суратга олиш давомида биз фожеанинг бевосита гувоҳлари билан суҳбатлашганмиз ва андижонлик намойишчилар террорист бўлмаганлари ҳақида етарли янги материаллар тўпладик.

Фильм Ўзбекистонга нисбатан сўнгги кунларгача юргизилаётган ғарб сиёсатини таҳлил этади. Сиёсий нуқтаи назардан олиб қараганда биз Андижон фожеасигача бўлган ўриндан юқори кўтарилганимиз йўқ. Ҳаммамиз, яъни, АҚШ ва ЕИ яна Россия ва Хитой билан “катта сиёсат” ўйинини ўйнамоқдамиз ва бу ўйинда Ўзбекистон асосий совринлардан бири сифатида кўрилмоқда. Ғарб армияларининг аскарлари Афғонистонга етиб бориш учун яна Ўзбекистон ҳудудидан фойдаланмоқдалар. Ғарб Ўзбекистоннинг табиий ресурсларига йўл топишга яна умидвор. Бунинг эвазига сиёсатчиларимиз “ўзбек режими ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашга қараб силжимоқда” дея қасам ичишга тайёрлар.

Фильм устида ишлаш жараёнида ўзбекистонлик журналистлардан бири менга: “Гўёки икки томон ҳам ҳеч қандай қатли ом бўлмагандек тутмоқдалар ўзларини”, деб айтганди.

Мендан фильм персонажлари ҳақида сўрадингиз... Мен учун бош персонажлар ва ҳатто қаҳрамонлар – жасурликда мисли йўқ ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар. Улар Андижон ҳақида ҳақиқатни яширишни истамайдилар. Уларнинг аксарияти бунинг эвазига ўзларининг ёки яқинларининг ҳаётларини қурбон қилдилар. Бу одамлар менинг чуқур ҳурматимга сазавор бўлдилар. Ўзбекистон расмийлари уларнинг баъзиларига биз билан мулоқотда бўлганлари учун таҳдид қилдилар. Аммо улар қўрқмадилар. Ўзбекистон халқи шундай одамлари борлигидан фахрланса арзийди.

Маълумотнома:

“Андижон. Башорат қилинган қатли ом” (60 дақиқали), “Mulberry Group” маҳсулоти. Барча саволлар билан қуйидаги манзилга мурожаат қилинг: www.mulberrygroup.org или mulberrygrouporg@yahoo.com.