10:31 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда сув тақчиллиги деҳқончиликка ҳалокатли таъсир кўрсатиши мумкин

12.05.2008 07:54 msk

Ўз ахб. (Тошкент)

Ўзбекистонда май ойининг иккинчи ўн кунлигидан бошлаб ғўзани суғориш палласи бошланади. Республикада пахта хом ашёси экспортидан тушадиган даромад мамлакат бюджетини тўлдирувчи валюта тушумининг йигирма фоизини ташкил этади. Аммо, Ўзбекистондаги сув омборлари деярли қуриб ётибди. Яқиндан бери Сирдарё ўзани ҳам мисли кўрилмаган даражада қақшаб қолди. Мутахассис гидрологларнинг расмий маълумотларига кўра, бугунги кунда дарёда оқаётган сувнинг миқдори ўтган йилларга нисбатан ўн баробарга камайган. Айни кунларда Норин ва Сирдарёга сув етказиб берувчи Тўхтағул сув омборида сув захираларининг тақчиллиги қайд этилмоқда. Унда суғориш даври учун 7 миллиард куб метр сув тўпланган, холос. Ҳолбуки, ўтган йили 1 апрелга қадар у ердаги сув миқдори 10,5 миллиард куб метрни ташкил этганди.

Сухая земля в апреле
Апрелдаги қурғоқчилик. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Uznews.Net агентлигининг хабарига кўра, Жиззах вилояти деҳқонлари сув тақчиллигини ҳозирдан сеза бошладилар. Баъзи туманлардаги фермер хўжаликлари суғоришга етарли даражада сув олмаганлари учун ғалла ҳосилининг анча қисмидан айрилдилар.

Қаҳратон қиш орқасидан келган илиқ баҳорда сув тошқинлари бўлиши кутилганди. Лекин бундай табиий офатлар Ўзбекистон бошига тушгани йўқ. Шу билан бирга, мамлакат сув хўжалиги ташкилотлари сув тошқинлари ирригация иншоотларини вайрон қилишидан хавотирланиб февраль ойи ўрталаридан бошлаб сувни оқизишни бошлаганлар. Аммо табиат ўз билганича иш тутди.

Ўзбекистонда қиш қаҳратон бўлгани билан қор унчалик кўп ёғмади. Март ойининг биринчи ўн кунлигида кескин илиган ҳаво тоғ ёнбағирларидаги қорни тезда эритиб юборди. Кескин иссиқ ҳаво оқимидан сувнинг кўпи буғланиб кетди.

За питьевой водой
Ичимлик суви ташиш учун. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Ўзбекистон гидрометереология марказининг расмий маълумотларига кўра, март ойи ўрталаридаги об-ҳаво май ойи каби иссиқ бўлди. Қиш давомида ўртача ҳарорат 10-15 даража совуқроқ бўлган бўлса, мартда одатдагидан 10-12 даража юқорироққа кўтарилди. Бир неча кун ичида боғбонларни қувонтириб мевали дарахтлар гуллади. Кузда экилган буғдой ҳам гуркираб униб чиқди.

Шу билан бирга, ҳаво исишда давом этди. 17 март куни Тошкентда 100 йиллик мавсумий рекорд янгиланди, ҳаво 28,6 даражагача исиди. Тўртинчи апрель куни эса Термезда янги ҳарорат рекорди қайд этилди – 32,4 даража.

Деҳқонлар ташвишга тушиб қолдилар. Жазирама иссиқдан унган гиёҳлар сўлий бошлади, экинларни суғориш учун бўшаб қолган сув омборларидан етарли миқдорда сув келмай қолди. Ариқлар ва кичик ҳовузлар қурий бошлади. Ҳамма одатдаги апрель ойи ўрталарида ёғадиган момоқалдироқли ёғингарчиликка умид қила бошлади. Қўшни Қирғизистонда қор ёғиб, сувни музлатиб қўйган совуқ ҳаво Ўзбекистонга икки марта қисқа муддатли ёмғир ёғдирди, холос. Бунинг суви дашт ва қирларни кўкартириб, лолақизғалдоқларнинг очилишига етди, холос.

Дно Чарвакского водохранилища
Чорвоқ сув омборининг туби. “Фарғона.Ру” АА фотосурати (2008 йил май)

Апрель ойи сув захираларини тўлдиришга ёрдам бермади. Айни пайтда Чорвоқ сув омборида 707 миллион куб метр сув бор. Бу 2007 йилга қараганда 2,5 баробар кам. Аҳвол яхшиланишига умид йўқ. Негаки, Пскент, Чотқол ва Кўксув дарёларидаги сув миқдори ҳам ўтган йилларга нисбатан икки баробар кам.

Берег Чарвакского водохранилища возле курортного комплекса Пирамиды (Чарвак оромгохи)
“Чорвоқ оромгоҳи”, Пирамида курорт мажмуаси ёнидаги Чорвоқ сув омбори соҳили. “Фарғона.Ру” АА фотосурати (2008 йил май)

Чорвоқда туристик мавсумининг барбод бўлиши Ўзбекистон бошига тушадиган хатарларнинг энг хавфлиги эмас. Қуйи текисликлардаги деҳқонларнинг сувга эҳтиёжларини қондириш энг долзарб муаммога айланди. Тошкент вилояти пахта далалари ва шоли майдонларини сув билан таъминлашга қаратилган ва “Тошкент денгизи” дея ном олган Туямўйин сув омборида сув жуда оз. Апрель ойининг охирига келиб тўғоннинг олдида сув тўпланган, холос. Суғориш бошланишига эса саноқли кунлар қолди.

Ўзбекистондагилар 2000 йилда қурғоқчиликни яхши эслашади. Ўшанда ёз келиши билан барча дарё ва сув ҳавзаларида сув сатҳи 60-80 фоизга тушиб кетганди. Ғалла экинларини сақлаб қолиш учун июнь ойининг ўрталарига келиб Амударё ҳавзасидаги барча сув омборларидаги сувни сарфлаб бўлдилар. Пировардида Қорақалпоғистон ҳудудининг ярмидан кўпида нафақат ғўза, шоли ва сабзавотлар қуриб битди, балки чорва ҳайвонлари ҳам ёппасига қирилиб кетди, ўн минглаб шахсий ва жамоат хҳжаликлари хонавайрон бўлдилар. Очлик, эпидемия тарқалишидан хавфсираган аҳоли жабрланган ҳудудлардан мамлакат ичкарисига ва қўшни мамлакатларга кўчиб кетишга мажбур бўлди.

Ўшанда Ўзбекистон ҳукумати президент Каримов томонидан “ўта фавқулодда” дея аталган чораларни кўришга мажбур бўлди. жабрланган фермер хўжаликларга Қашшоқлашган давлат бюджети ҳисобига халқаро гуманитар ташкилотларни жалб этган ҳолда ёрдам беришлар уюштирилди. Фермерларнинг кредитлар бўйича қарзлари “реструктуризация” қилинди, уларнинг давлатга топшириши керак бўлган ҳосил қарзларидан кечилди. Қорақалпоғистоннинг энг кўп жабрланган ҳудудларида яшаётган аҳолини мамлакатнинг бошқа ҳудудларига, хусусан Тошкент вилоятига кўчирилди.

Ташкентское море в районе дамбы
“Тошкент денгизи” тўғон олдида

Кейинги йиллар нисбатан сувга сероб бўлди. Ўзбекистон гидрологлари 2007 йил баҳорида ҳукуматга сув тақчиллиги борасидаги прогнозларини тақдим этдилар. Мамлакат президенти Ислом Каримов қурғоқчилик оқибатларини олдини олишга ёки юмшатишга қаратилган махсус қарор чиқарди. Тегишли маҳкамаларга барча гидротехника иншоотларини зудлик билан таъмирлаш, суғориш тармоқларини тозалаш ва насос станцияларини электр билан таъминлаш вазифаси юклатилди. Мамлакатдаги саккизта вилоятда фермер хўжаликларга шоли етиштириш қатъий тақиқланди. Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида махсус тузилган ҳукумат комиссиялари билан келишган ҳолда шоли экишга рухсат берилди. Сув тақчилликги важидан Ўзбекистонда шоли етиштириш 2006 йилдаги 224,2 минг тонна ўрнига 2007 йилда 197,7 минг тоннагача тушиб кетди.

Умуман олганда мамлакат қишлоқ хўжалиги сектори ғалла бўйича вазиятни муваффақиятли ҳал этди. Пахта етиштириш ҳам ёмон бўлмади. Шу билан бирга, мутахассислар мамлакатнинг айрим ҳудудларида юзага келган ўткир сув тақчиллиги шароитида ҳосилдорлик ўсганини таъкидлаб ўтдилар. Фермерлар сувни тежаб ишлатганлари важидан ернинг тузланиши ва ботқоқланиши камайди, вегитация қоидаларига кўпроқ амал қилинди. 2006-2007 йил ғалла ва пахта йиғим терими кампанияларига якун ясаган Каримов фермерларнинг тежамкорлиги ва уддабуролигини қайд этган ҳолда Ўзбекистонга шундай яхши шароит яратиб берган Тангри Таъолога ҳам шукур қилиб ўтишни унутмади.

Жорий 2008 йилда Ўзбекистон расмийлари ҳамда олим ва мутахассислари ёзги мавсумга сув бўйича юритиладиган сиёсат ҳақида ҳозирча оғиз очганлари йўқ.

Куни-кеча ҳукумат томонидан гуруч экспортининг пинҳона тақиқланиши ва буғдойнинг тегилмас давлат захираларининг тузилиши ҳақидаги ошкора чоралари ички бозорнинг жаҳон бозоридаги нарх-наво ўйинидан ҳимоя қилишга қаратилган чора сифатида талқин қилинмоқда.

Дно Чарвака
Чорвоқ туби

Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларига бағишланган мажлисида сўзга чиққан президент Ислом Каримов Ўзбекистон аҳолисининг 84 фоизи, шу жумладан қишлоқ аҳолисининг 77 фоизи ичимлик суви билан таъминлангани ҳақида билдирганди. Шу билан бирга оддий кузатувлар натижасида ҳатто пойтахт Тошкент вилоятининг аксарият аҳоли пунктларида ичимлик суви йўқлигини кўриш мумкин. Кўплаб ишораларга қараганда мамлакат марказий ҳудудларида бўлиши мумкин қурғоқчилик оқибатлари жуда қўрқинчли бўлиши кутилмоқда.