14:40 msk, 17 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Абитуриентлар тест имтиҳонига яна битта фан қўшилди

05.05.2008 19:45 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистонда 2008 йилдан бошлаб абитуриентларнинг олий ўқув юртларига кириш учун топширадиган тест имтиҳонларига яна битта фан қўшилди, дея хабар беради Newsuz.Com Давлат тест марказидаги масъул бўлган манбаларга таянган ҳолда.

Ҳозиргача амал қилиб келган қоидаларга кўра, олий ўқув юртларига кирувчи абитуриент учта фандан, масалан, гуманитар соҳада она тили, тарих ва чет тилидан тест имтиҳонлари топшириб келган. Ҳар бир фан бўйича 36 тадан саволларга жавоб беришга тўғри келган. Белгиланган тартибга кўра, етакчилигига қараб ҳар бир фан бўйича 3,1, 2,1, 1,1 балл берилган.

2008 йилдан бошлаб янги киритилган тартибга мувофиқ олий таълим юртларига кириш учун абитуриентлар эндиликда тўртта фан бўйича тест синовларидан ўтишади. Биринчи (3,1 балл) ва иккинчи (2,1 балл) фанларнинг баҳолаш баллари ўзгармайди. Учинчи фан 2,1 балл ҳамда янги киритилаётган тўртинчи фан 1,1 балл билан баҳоланади. Саволларнинг умумий сони ўзгармаган ҳолда 108 талигича қолади. Шу тариқа табий, техник йўналишларга тарих фани, тиббий йўналишларга физика фани, гуманитар йўналишларга эса математика фани киритилади.

Newsuz.Com нашрининг ёзишича, сўнгги пайтларда институтга кирмоқчи бўлган ёшлар фақат учта фандан тайёргарлик кўриши, қолган фанларни эса умуман ўзлаштирмай қўйгани кузатилмоқда. Мактабларда гуманитар йўналишни танлаган битирувчи аниқ фанлардан умуман тайёргарлик кўрмайди ёки аксинча, техник университетларга кирмоқчи бўлганлар гуманитар фанларга умуман эътибор бермайди. Давлат тест марказидаги манбанинг билдиришича, тўртинчи фаннинг киритилиши ана шундай тор доирадаги ихтисослашувни камайтириш учун жорий қилинган.

- Давлат тест маркази томонидан тўртинчи фан синовининг жорий этилиши абитуриентларнинг имтиҳонга тайёргарлик жараёнини қийинлаштириши мумкин, - дейди ёшларни олий ўқув юртларига тайёрлаш билан шуғулланувчи ўқитувчи Б.Зоҳидов. – Чунки ҳозирга қадар учта фан синовига ҳозирлик кўриб юрган абитуриент қисқа вақт ичида тўртинчи фанни ҳам етарли даражада ўзлаштиришга улгурмайди.

Ўзбекистонда олий ўқув юртларига қабул жараёни 1992 йилдан бошлаб тест синови асосида амалга оширилмоқда. Синов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси қошида ташкил этилган Давлат тест маркази томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.

Манбаларга кўра, ўтган йили олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун 345.200 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Улардан 51.604 нафари орзудаги талабалик билетларини қўлга киритдилар. Улардан 19.945 нафари давлат гранти ва 31.659 таси шартнома асосида ўқишга қабул қилинган.

Бу йил ҳам олий ўқув юртларига шунча талабгорларнинг ҳужжат топшириши кутилмоқда.

Амал қилаётган қоидаларга кўра, олий ва ўрта махсус таълим, халқ таълими вазирликлари, маданият ва спорт ишлари бўйича республика қўмитаси томонидан ўтказилган халқаро ва республика олимпиадаларининг ғолиблари ўз йўналишлари бўйича дорулфунунларга беимтиҳон қабул қилинадилар.

Шунингдек, Зулфия мукофотининг совриндорлари ҳам имтиҳон топширишлари шарт эмас.

Ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаган ва мудофаа бўлимлари томонидан берилган тавсифномага эга бўлган абитуриентларга ажратилган максимал баллнинг ўн фоизи автоматик тарзда берилади. Ҳарбий хизмат имтиёзларидан барча йўналишларда фойдаланиш мумкин.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда олий таълим тизими энг коррупциялашган тизимлардан саналади. Олдинроқ “Фарғона.Ру” институтлар атрофида ярим яширин гуруҳлар тузилиши ва уларда бўлажак абитуриентлар тест калитларидан имтиҳон пайтида фойдаланишни машқ қилишлари ҳақида хабар қилганди. Тест калитлари имтиҳон куни эрта тонгда Давлат тест марказидан яширин йўллар билан ўзларининг “ҳос” одамлари орқали ушбу гуруҳларни тузган “тадбиркорлар” қўлига етиб келади ва улар гуруҳ аъзоларини белгиланган “мукофот” эвазига берилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда тест ўтказиш жараёни Миллий хавфсизлик хизмати томонидан назорат қилинади. Намангандаги тўқимачилик институтининг ўқитувчиларидан бирига кўра, у ўғлини ўзи ишлаётган институтга киритиб қўйиш учун ректор ёки қабул комиссиясининг раиси билан эмас, балки МХХ ходимлари билан келишиб уларга пора берган.

Олий ўқув юртларидаги коррупция масаласи кўп йиллардан бери долзарб бўлиб келмоқда. Муштарийларимизни бу борадаги фикрлари ва тажрибалари билан ўртоқлашишга таклиф этамиз.