00:03 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон жанубининг энг жасур журналистларига Алишер Соипов номидаги мукофотлар топширилди

04.05.2008 15:50 msk

Фарғона.Ру

Халқаро матбуот эркинлиги куни нишонланган 3 май куни Қирғизистоннинг жанубий пойтахти Ўшда “Сиёсат” газетасининг ношири, 2007 йил 24 октябрь куни ёлланма қотил томонидан ўлдирилган Алишер Соипов номидаги мукофотни топшириш маросими бўлиб ўтди.


“Фарғона.Ру” АА фотосурати

Мукофотнинг биринчи ғолиблари – уч нафар ёш журналистлар бўлиб, “Инсон ҳуқуқлари масалаларини фаол ёритгани учун” номинациясида “Ҳуқуқ ҳамма учун” (“Право для всех”) нашрининг журналисти Сахира Назарова ғолиб бўлди. Жасур журналистик репортаж учун “Мезон-ТВ” Халқ телевидениесининг мухбири Илҳом Абдуқаҳҳоров мукофотланди. Маҳаллий нашрлардан бирида миллий масалаларга бағишланган рукнни олиб борувчи ўрта мактабнинг саккизинчи синф ўқувчиси Минайим Исабаева “Миллий муаммоларни фаол ёритгани учун” мукофоти билан тақдирланди.

Ғолибларга махсус сертификат ва тўрт минг сўмдан (110 доллар) пул мукофоти берилди.

Мукофотлар Халқаро матбуот эркинлиги куни муносабати билан ОАВ Ўш ресурс маркази томонидан ўтказилган акция давомида топширилди. Акцияда ҳудуднинг йигирма беш нафар журналистлари иштирок этдилар. Маросимга марҳум Алишернинг Отаси Авазбек Соиповни таклиф этдилар.

Махсус мукофотни таъсис этиш ҳақидаги ғоя илк бор 2007 йил 29 октябрь куни илгари сурилганди. “Адолат” ҳуқуқ ҳимоя қилиш ташкилоти, Алишер Соипов узоқ вақт давомида ҳамкорлик қилиб келган “Фарғона.Ру” Ахборот агентлиги ҳамда Жалолобод вилояти ёш журналистларини ўқитиб кўмак бериб келган “Медиа-Инкубатори” Жамоат жамғармаси мукофот таъсисчилари сифатида чиққандилар.

- Мукофотнинг таъсис этилиши – Алишер Соиповнинг хизматларини тан олишимиздан ташқари, ўз ишини ҳалол бажараётган журналистлар ёш авлодининг қўллашга интилишимизнинг ифодасидир, - дейди “Адолат” ташкилотинин директори Валентина Гриценко.


Энг ёш лауреат – Минайим Исабаева. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Таъсисчилар ушбу мукофотни ҳар йили 3 май, Халқаро матбуот эркинлиги кунида Қирғизистон жанубида ишлаб ижод қилаётган, 35 ёшгача бўлган журналистларга топширишни режалаштирмоқдалар. Вақти келиб бу ташаббус бутун Марказий Осиё минтақасида тарқалиши мумкин.

Шу билан бирга, Алишер Соиповнинг отаси баъзи журналистларнинг унинг ўғли ҳалокати билан боғлиқ ахборотни тақдим этишда бехабарлиги ва аҳлоқсизлиги борасидаги норозилигини изҳор этди. Авазбек Соиповга кўра, баъзи ОАВ ходимлари Алишернинг номидан кўпинча ўзларининг ғаразли мақсадларидан фойдаланмоқдалар.

Авазбек Соипов ушбу мукофотни таъсис этиш ғоясига ҳам салбий муносабат билдирди. “Илтимос, бундай қилманглар, ўғлимни тинч қўйинглар”, - деди у учрашув залини тарк эта туриб.

Бир оз давом этган ўнғайсизликдан сўнг мукофот таъсисчилари маросимни давом этишга қарор қилдилар. Уларга кўра, Алишернинг дўстлари ва ҳамкасблари бунга ҳақлари бор.

Муассисларга кўра, 2008 йил мукофоти номинантлари танлови обрўли журналистлар ва медиа-ташкилотлар раҳбарларининг мукофотга номзод муаллифлар ҳақидаги нашр этилган фикрларини ўрганиш асосида амалга оширилди. Бундан буёғига номзодларни танлаш тизими такомиллаштириб борилади ва бу жараён иложи борича шаффофлаштирилади. Шунингдек, шакллантирилишида ушбу ташаббусни қўллашга тайёр маҳаллий ва халқаро ташкилотлар иштирок эта оладиган махсус жамғарма тузилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўшлик журналист Алишер Соипов 2007 йилнинг 24 октябрь куни ўзбек тилида нашр этилаётган “Сиёсат” газетасининг офиси яқинида ўлдирилганди. Расмийларнинг ваъдаларига қарамай, қотилликнинг буюртмачилари шу чоққача топилгани йўқ.

Алишер Соипов турли вақтларда “Фарғона.Ру” АА, “Америка Овози” радиоси, “Би-би-си” ва бошқа ОАВ билан ҳамкорлик қилганди. “Сиёсат” газетаси 2007 йилда таъсис этилган бўлиб, ҳудудда кенг оммавийлашганди. Чоп этилган газетанинг бир қисми турли йўллар билан қўшни Ўзбекистонга етиб борарди. Газетада Ўзбекистон расмийларини қатъий танқид қилувчи материаллар чоп этиларди.

Яқинда Алишер Соиповнинг номи Вашингтондаги “Журналистика музейи”даги ўз хизмат вазифаларини бажара туриб ҳалок бўлган журналистларнинг хотирасига бағишланган ёдгорлик лавҳасида абадийлаштирилди.