23:27 msk, 21 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкентликларни протестант миссионерларининг фаолияти тўғрисида милицияни хабардор қилишга чақирмоқдалар

30.04.2008 19:41 msk

Фарғона.Ру

Ҳар бир ўзбекистонлик фуқаро миссионерлик фаолияти билан шуғулланаётган одамлар билан танишса, бу ҳақда зудлик билан маҳалла фуқаролар йиғинига (МФЙ) ёки милицияга хабар қилиши лозим, дея хабар беради Озодлик овози Тошкентнинг баъзи даҳаларида яшайдиган аҳолига таянган ҳолда.

Нашр иқтибос келтираётган манбаларга кўра, ўтган ҳафта давомида пойтахтнинг барча маҳалла фуқаролар йиғинида туман ҳокимликлари вакиллари иштирокида йиғилишлар бўлиб ўтди. Йиғилишларда тўпланганларга миссионерлик фаолияти билан шуғулланаётган кимсалар ҳақида зудлик билан маълумот етказиш таклиф этилди.

“Ҳокимият ва туман ички ишлар бошқармаси вакилларига кўра, шаҳарда миссионерларнинг катта гуруҳи пайдо бўлган. Миссионерлар маълум миқдордаги пул эвазига уларнинг сафига киришга ва уларнинг динини қабул қилишга даъват этмоқдалар. Шундан кейин янги аъзоларнинг миясига таъсир ўтказиб, турли аҳмоқона ишларни қилишга мажбур қилмоқдалар. Айниқса, бундай одамларнинг таъсирига ёшлар кириб қолмоқдалар, кейин уларнинг эсини қайта киритиб қўйиш қийин кечмоқда”, - деди шундай йиғилишда иштирок этган Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида яшовчи аёллардан бири номини ошкор этмаслик шарти билан.

Фуқароларга ҳудди шундай чақириқлар пойтахтнинг Хамза, Учтепа, Чилонзор ва Сирғали туманларида ҳам янгради.

Хамза туманидаги МФЙ раисларидан бирига кўра, маҳаллий расмийларнинг ташвишланишига етарли асос бор.

“Тошкентнинг кўпгина маҳаллаларида ўзбеклар ўзларининг имкониятларини ва маданиятларини тўла англаб етмай, гуруҳ-гуруҳ бўлиб бошқа динга ўтиб кетмоқдалар. Мисол учун, милиция ходимлари томонидан бошқа динга янги ўтган кимсаларни қурбонлик келтиришга ва аҳлоққа зид келувчи нарсаларни қилишга мажбур қилаётганларини аниқладилар. Бу ўз навбатида расмийларни аҳолига ёрдам сўраб мурожаат қилишга мажбур қилди”, - дейди МФЙ раиси.

Шу билан бирга, расмий идоралар ўзларини қурбон қилишга ишонтирувчи ёки оммавий равишда аҳлоқсиз ҳаракатлар қилувчи қандайдир секталарнинг мавжудлиги борасида ҳеч қандай маълумот бермаяптилар. Аммо расмийлар вақти-вақти билан у ёки бу диний гуруҳларнинг ноқонуний ҳаракатлари борасида баёнот бериб турибдилар.

“Агар билсангиз, расмийлар қандайдир сектантларни аниқлашни ўз олдига мақсад қилиб қўяётгани йўқ, балки ўзбекларнинг оммавий равишда бошқа динга ўтиб кетишларининг олдини олишга уринмоқдалар, холос. Бундай ҳолатлар кўпайиб қолди, ҳатто маҳаллий уламолар ҳам хавотирга тушиб қолдилар. Шунинг учун ҳам вазиятни тузатишга киришмоқдалар, шекилли”, - дейди Тошкентда яшовчи аёллардан бири. Маҳаллий қонунлар мамлакат фуқароларига истаган динга эътиқод қилишларига имконият беради. Аммо расмийлар фуқароларининг танлаш ҳуқуқини ҳамда диннинг ўзини ҳар доим ҳам ҳурмат қилиб келмаяпти.

“Билсангиз, аксарият ёшлар ота-боболарининг динига, яъни исломга эътиқод қилишдан қўрқиб қолганлар. Мактабда ҳам, олий ўқув юртларида ҳам бу динга салбий муносабатда бўлиб келмоқдалар. Ҳатто Рамазон ойида рўза тутишни ҳам тақиқлашаяпти. Динга, иймонга эҳтиёжи бор одам нима қилиши керак, бу ҳолатда? У бундай пайтда расмийларнинг эътиборидан четда бўлган динга мурожаат қилади, холос. Шунинг учун ҳам ёшлар ўзга динга ўтиб кетмоқдалар”, - дея тушунтиради Тошкент масжидларидан бирининг ходими.

Маҳаллий аҳолининг ўзга динга ўтиб кетишининг иккинчи сабаби ҳам келтирилмоқда. Одатда бу пул мукофотлари ва фарзандларининг обрўли ўқув юртларига ўқишга киритиб қўйишга ёрдам бериш ваъдаси, баъзан эса чет элга ўқишга юборишга ваъдалар ҳам сабаб бўлмоқда.

“Бундан кўпчилик миссионерлар фойдаланмоқдалар, боз устига, диннинг очиқдан-очиқ душмани бўлган ҳукуматнинг тарғибот бўлими ходимларига айланган маҳаллий уламолар халқ орасида аллақачон обрўларини йўқотиб бўлдилар. Бу ҳолатда ёшлар нима қиладилар? Улар Ислом – бу хато йўл деб ўйлай бошлайди. Бошқа динларда бундай бемазагарчиликлар йўқ, ўзга динга эътиқод қилсам, мени 159-чи модда билан қамашмайди, улар ҳақиқий дин, дея ўйлай бошлайдилар”, - дейди даъватчилардан бири.

Унга кўра, давлат диндорларни террор қилишдан тўхташи, одамларга танлаш ихтиёрини бериши керак.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон расмийлари барча диний оқимларни қаттиқ назорат остига олганлар. Юзлаб мусулмонлар ва насронийлар таъқибга учрамоқда. Мусулмонларнинг аксарияти Ўзбекистон Жиноят кодексининг “Конституциявий тузумга тажовуз” дея аталувчи 159-чи моддаси бўйича қамалиб кетдилар.