17:56 msk, 22 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ҳомийлар Фарғона болалар уйига ёрдам бермоқдалар

30.04.2008 09:14 msk

Фарғона.Ру

domrebenka-fg.ru сайтининг фотосурати

“Фарғона.Ру” 2007 йил сентябрида Ўзбекистон муҳожирларининг www.fromuz.com сайтида Фарғона вилояти Болалар уйига ёрдам беришга чақириқ пайдо бўлгани ҳақида хабар берганди. Интернет ҳамжамияти бу чақириққа лаббай деб тез кунларда фарғоналик болаларни ўз оталиғига олди.

Муассаса директори Раъно Давидбаевага кўра, ҳомийларнинг аксарияти номларининг ошкор этилишини истамаяптилар.

- Болаларимизга ёрдам беришга бағишланган форум туфайли хайрли иш қилмоқчи бўлган одамларнинг сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Биз бу одамларга чин кўнгилдан миннатдорчилигимизни билдирамиз ва болаларимиз ҳар ой мунтазам равишда ёрдам олаётганларидан хурсандмиз, - дейди Р.Давидбаева “Ферганская правда” газетасининг мухбирига.

Болалар уйига ёрдам озиқ-овқат, кийим ва пойафзал кўринишида келмоқда. Наврўзда болаларга телевизор, ноутбук, фотоаппарат, монитор совға қилдилар. Москвада яшаётган фарғоналик аёл ўқув машғулотлари учун логопедик адабиёт, конструктор ўйинчоқлари, ўқувчилар учун қизиқарли, ёрқин ва ривожлантирувчи қўлланмаларни юборди. Логопедлар учун махсус жиҳозлар етиб келди. Тошкентлик тадбиркорлардан бири мактабгача болалар гуруҳи учун парталар юборди.

- Ҳомийлар Болалар уйининг кўплаб эҳтиёжини эътиборга оладилар, - дейди директор. – Бир юз учта тарбияланувчиларимизнинг ҳаммасида барча зарур нарсалари бор. Аммо бизда тезда ҳал қилиниши лозим бўлган бир муаммо бор – бу ўзимиз учун алоҳида қозонхона қурилиши. Шунда биз йил бўйи иссиқ сув билан таъминланган бўлардик. Қозонхона ишга тушса, иситиш муаммоси ҳам ҳал бўларди. Бошқа орзуимиз эса – болаларни шаҳарга олиб чиқиш, экскурсия қилиш учун автобусга эга бўлишимиз.

Бунга ёрдам бера оладиган тадбиркорлар ҳам топилиб қолишига умид қиламиз.

Фарғона шаҳар “Болалар уйи”. Манзил: Ўзбекистон, 712015, Фарғона шаҳри, Ойбек кўчаси 7.

Алоқа учун Давидбаева Раъно Мухаммеджановнага мурожаат қилинади.

E-mail: domrebenka-fg(at)yandex.ru