14:38 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда ўлим жазоси бўйича чиқарилган ҳукмларни қайта кўриб чиқиш бошланди

30.04.2008 07:50 msk

Алексей Волосевич

Фотосуратда – Тамара Чикунова

Ўзбекистон Олий суди мамлакатда ўлим жазоси бекор қилингани муносабати билан олдин чиқарилган ҳукмларни қайта кўришга киришмоқда. 2008 йилнинг 1 январидан бошлаб кучга кирган “Ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида” қонунига кўра, отув орқали амалга ошириладиган олий жазони умрбод ёки 20-25 йил қамоқ жазоси билан алмаштирилади. Шундай қилиб, ўлимга маҳкум бўлганларнинг ҳаммаси тирик қоладиган, кўплари эса озодликка чиқадиган бўлдилар.

Ўзбекистондаги “Оналар ўлим жазосига ва қийноқларга қарши” нодавлат ташкилотини бошқараётган Тамара Чикунова тақдим этган маълумотга кўра, ҳукмларни қайта кўриб чиқиш жараёни апрелда бошланган. Ишлари қайта кўриб чиқилган маҳкумларни Тоштурманинг “ўлим” камерасидан Андижон, Урганч, Нукус, Қарши, Навоий шаҳарлар колонияларидаги турмаларга қолган жазони ўташ учун жўнатишмоқда.

Ҳозиргача ўн еттита ўлим жазоси қайта кўриб чиқилди. Маҳкумларнинг бирортасига ҳам умрбод қамоқ жазоси қўлланмади, уларнинг ҳаммаси 20-25 йилга озодликдан маҳрум этилдилар. Шу билан бирга, Олий Суд уларнинг қамоқда ўтирган муддатини ҳам ҳисобга олаяпти ва умумий муддатдан чегириб ташлаяпти.

“Олий суд ишга масъулият билан ёндошаётганини таъкидлашни жуда муҳим деб ҳисоблайман, - дейди Тамара Чикунова. – Суд олий жазони автоматик равишда умрбод қамоқ жазосига алмаштирмай, ҳар бир ишни алоҳида кўриб чиқмоқда ва енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни эътиборга олмоқда”.

Шу билан бирга Нодавлат ташкилоти раҳбари шу чоққача “Ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида” қонунига ҳуқуқий қўллаш амалиёти нашр этилмаганидан ҳасрат қилмоқда. Шунинг учун ҳам Олий суд жиноят ишларини қайта кўраётганида нималарга асосланиб ҳукм чиқараётгани борасида хулоса чиқариш қийин бўлмоқда. Ишлари қайта кўриб чиқилаётган маҳкумларнинг кейинги тақдири борасида ҳам ноаниқликлар кўп. Масалан, илк бор узоқ муддатга маҳкум бўлганларга нисбатан амнистия қўлланадими ёки йўқми, номаълум.

Шунга қарамай, олий жазо ўрнига 20-25 йил олган маҳбусларда озодликка чиқиш умиди пайдо бўлди. Ишлари қайта кўриб чиқилган ўн еттита маҳбуслар орасида анча вақт ўтириб чиққанлари бор. Улардан бири 2002 йилдан бери ўтиради, олтитаси 2003 йилдан бери. Қолганлари икки-уч йилдан ўтирибдилар. Бу вақт умумий муддатдан чегириб ташланади.

Албатта, маньяк каби қотилларнинг ҳам озодликка чиқишга умиди борми деган савол туғилиши табиий. Бунга ёрқин мисол тариқасида Михаил Сахнони келтириш мумкин. Эслатиб ўтамиз, бу одам ўз хотинларини ўлдиргани учун бир неча бор узоқ муддатларга қамалиб чиққан. Навбатдаги хотинини ўлдиргани учун Андижондаги турмасида ўтирганида уни акромийлар 2005 йилда бошқа маҳбуслар билан бирга озодликка чиқариб юборгандилар. Озодликка эришган Сахно вақтни бой бермай ўз ўғли Андрейни ўлдирган.

“Сахнони умуман томи кетиб қолган, қаторасига ҳаммани ўлдираверган, - дейди Тамара Чикунова. – Бундайларга нисбатан албатта умрбод қамоқ жазосини қўллаш лозим”.

“Мен серияли қотилларни, маньякларни ва педофилларни ҳечам оқлмоқчи эмасман. Бундайларни жамиятдан ажратиб қўйиш лозим деб ҳисоблайман. Афсуски, терговнинг қонуний ноқонуний тарзда олиб борилиши, қийноқлар воситасида айбига иқрор қилишликлар баъзи жиноий ишлар борасида ўйланишга мажбур қилади ва уларга чиқарилган ҳукмларнинг қонунийлигига шубҳа билан қарашга олиб келади”, - дейди у.

Бунга мисол тариқасида НДТ раҳбари 2003 йилда маҳкум бўлган Содиқ Қодировни эслайди. Бу кимса қўлга тушгунча Тошкентнинг “ётоқ” даҳаларида аёлларга ҳужум қилган, уларни милиция резина таёғи билан калтаклаб, тўнаб келган. Унинг жиноий ишига шунга ўхшаш ўн бешта эпизодни, шу жумладан бир неча қотилликни тиркадилар. Шу билан бирга, тергов давомида уни беаёв қийноққа солдилар. Иш материалларидан кўринишича, унга бир неча очилмаган талончилик ва камида битта қотилликни осиб қўйдилар.

- Ўзбекистон шароитида ким ҳақиқий қотил ва ким маньяк деб айтиш жуда қийин иш, - дея тушунтиради Чикунова. У Андижон турмасидаги акромийлар томонидан барча маҳбуслар чиқариб юборилганида ўлим камерасида жазони ўтаётган Назиржон Азизов, Бахтиёр Тўйчиев ва Хуршид Салойдиновлар ишларининг қайта кўриб чиқишларига умид қилган ҳолда ихтиёрий равишда турмага қайтганларини эслайди.

Ўзбекистонда ўлим жазоси Тоштурмада ижро этилади. Айни пайтда турманинг ўлим камераларида бир неча ўнлаб маҳбуслар кейинги тақдири нима бўлишини кутиб ўтирмоқдалар. Ўзбекистонда ўлим жазосига маҳкум бўлган маҳбусларнинг сони борасидаги маълумот ҳозир ҳам маҳфий бўлиб қолмоқда. Президент Каримовнинг 2004 йилда республикада йилига юзга яқин қатл этилади, деган сўзлари уларнинг тахминий сони борасидаги маълумот учун ягона манба бўлиб қолмоқда.