02:34 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Темирчи ва унинг фарзандлари

29.04.2008 05:41 msk

Ирина Ильина

Кадр из кинофильма «Ты не сирота»

“Сен етим эмассан” кинофильмидан кадр

Совет даврининг дабдабали ёдгорликлари киши қалбида камдан-кам қандайдир туйғу уйғотган бўлса, замонавийлари тўғрисида гапирмаса ҳам бўлаверади. Буларнинг қабатида Шоаҳмад Шомаҳмудовга ўрнатилган ёдгорлик ўта норасмийлиги ва одамийлиги билан ажралиб турган.

Ўзбекистонда яшаган ҳар бир одам кўп болали оила бошлиғининг асосий ташвиши болаларини едириб-кийинтириш, иложи бўлса ўқитиш ва энг асосийси эса муносиб тарзда тўй қилиб, фарзандларининг бошини иккита қилиш эканлигини жуда яхши билади.

Уруш пайтида эса асосий ташвиш – болаларнинг қорнини тўйғазиш бўлган, холос. Шоаҳмад Шомаҳмудовнинг оиласида бундай болалардан ўн бешта бўлган. Турли миллат вакилларидан иборат етим болаларнинг бошини силаган Шоаҳмад ва Баҳри ёдгорлик монументи, “Ҳазрати Инсон” китоби ва “Сен етим эмассан” дея аталувчи кинофильмнинг қаҳрамони бўлдилар. Тошдан йўнилган темирчи ва унинг фарзандлари Совет Иттифоқининг тарқалишини ва миллий ўзликни англаш жараёнининг чўққига чиқишини бошидан кечирди.

Аммо, 2008 йилнинг 15 апрелида ёдгорлик ўрнида гулзор пайдо бўлди. Йигирма олти йил давомида қад кўтарган ёдгорлик ортидаги Халқлар Дўстлиги саройи шаҳар ҳокимининг қарори билан Истиқлол санъат саройи дея аталадиган бўлди. Мустақиллик эълон қилинганидан ўн беш ярим йил ўтганидан кейин.

Бегуноҳ темирчини шаҳар четига сургун қилиниши тўғрисида биринчи бўлиб хабар қилган “Фарғона.Ру” сайтининг “Ўқувчи фикрлари” бўлими саноқли соатлар давомида ғазабдан ёнаёзган ёзувларга тўлиб кетди.

Лекин мозийга мўъжаз сафар қилинадиган бўлса, содир бўлган воқелар мутлақо қонуният асосида амалга ошганлигини кўриш мумкин.

XIX асрнинг 60-йилларида Россияга қўшиб олинган Туркистонга ўрислар бир томондан ғолиб сифатида кирдилар, иккинчи томондан цивилизация ва саноат неъматларини олиб кирдилар. Маҳаллий аҳоли эса бошқа миллат ва эътиқод вакилларига жуда чидамли муносабатда бўлиб келган. Кўп йиллар давомида бу омилларнинг барчаси уларнинг европаликлар билан муносабатлари характерини белгилаб келганди.

Юз йил аввал Столипин ислоҳотлари кўчиб кетишга мажбур бўлган Россия марказий губерниялари деҳқонлари кетидан 1919 йилда Москва ва Санкт-Петербург университетларининг профессорлари кўчиб кела бошладилар. Нон шаҳри бўлган Тошкент 1921 йилда Волгабўйида очликдан ўлаётганларнинг жонига оро кирган, 1941 йилда қочоқларни, ярадорларни, эвакуация қилинган заводларнинг ишчи ва муҳандисларини қабул қилган. 1966 йилда эса зилзиладан вайрон бўлган шаҳарни тиклаш учун қурувчилар кела бошладилар.

Даврга қараб ўрисларнинг тимсоли ҳам ўзгариб борди. Тошкентда асосан зиёли ва ўқимишли пролетариат яшаган ўттизинчи йилларда маҳаллий аҳоли ва европаликлар ўзаро ҳурматда яшаганлар. Қирқинчи йилларда Ўзбекистонга оч қолган қаровсиз етимлар оқими кириб келганда тўқнашув ва зиддиятлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди – мамлакат тақдири ҳал бўлаётган пайт эди ўшанда. Аммо, йигирма йил ўтиб Тошкентга келгиндиларнинг янги оқими ёпирилиб келганида вазият ўзгарди. Уларнинг кўпчилиги маҳаллий хусусиятларни тушуниб англашликни истамадилар ва улар одатдагидек, ўзларини чет элда юрган бетакаллуф ўрислар каби тута бошладилар.

Ўша пайтларда ўзбек йигитчалари тасаввурида ўрнаб қолган аёл тимсолини эса Дина Рубина ёрқин тарзда тасвирлади ва Худо ҳаққи, бу тасвир нафақат ўзининг бадиий қадриятлари билан, балки чинакам тафсилотлари билан қимматли.

Буларнинг бари – аҳлоқсизликлар ҳамда ўзгаларнинг урф-одатларига беҳурмат бўлишликни уларга тўқсонинчи йилларда эслатдилар. Ўшанда ифода этилган ҳар бир норозиликка: “Кет своя Россия” дейилганди. Улар кетдилар ҳам. Кетишни истамаганлар ёки кета олмаганлар эса “уйда хўжайин” эмасликларига кўникишларига тўғри келди. Транспортларда уялмай “сен қораларни биз ҳамма нарсага ўргатганмиз” дейдиган ўрис кампирлари иштирокидаги жирканч саҳналар йўқолди.

Ўз навбатида ўзбеклар ҳам европаликларсиз иш битмаслигига тушуниб етдилар. Қийинчиликларда Иттифоқ эмас, ўзимизнинг ҳукуматимиз айбдорлиги аниқ ва равшан бўлиб қолди. Бу вақтга келиб Россияда президент алмашди ва иқтисодиёт кучли тарзда ривожлана бошлади. Ўзбеклар Россияга пул ишлагани бора бошладилар.


Бу фотосуратни Тошкентда ўтган йили ёзда олганман. Ўшанда Россиядан эканлигимни билган одамлар “мамлакатларимиз тотувлиги учун Путин ва Каримовга миннатдормиз” дейишганди. Муаллиф фотосурати.

Айнан миллатлараро муносабатлар сўнгги йилларда ўзбек жамиятининг барқарорлик омили бўлиб қолганига ишониш қийин. Россиядаги ксенофобиянинг авж олишини тушунтириш учун тез-тез ишорат қилинадиган иқтисодий қийинчиликлар собиқ Иттифоқнинг Осиёдаги энг катта республикасида нафрат детонаторига айланмади. Ҳозирги кунларда шаклланаётган ва айни пайтда мавжуд бўлган ўзбекларга муносабат ҳудди шундай детонатор бўлиб қолиши мумкин.

Қўшни Қирғизистон ва Тожикистондан фарқли ўлароқ Ўзбекистон ўз фуқароларининг меҳнат муҳожирлигини ҳеч қачон рағбатлантирмаган, балки узоқ вақт давомида бундай муаммо мавжудлигини кўрмаганга олиб келган. Ўзбекистон фуқароларининг ўзга мамлакатларда фаррош бўлиб ишлашлари “келажаги буюк давлат” концепциясига мутлақо зид келган. Лекин халқнинг оммавий тарзда ўзларини гастарбайтерликка ураётганини кўрмаганга олиш мумкин бўлса ҳам, уларга нисбатан таҳдид ва ҳужумлар содир бўлаётганини сезмаслик мумкин эмас. Матбуотда эълон қилинаётган расмий рақамлардан ташқари ҳеч қаерларда қайд этилмайдиган ҳужумлар, кўпроқ талабалар орасида содир бўлаётган муштлашув билан тугаётган киноя ва таҳқирлар мавжуд.

Кўп миллатли Россия кинематографида бирорта европа миллатига мансуб бўлмаган ижобий қаҳрамон йўқ. Марказий “Россия” телеканали қаторасига икки ҳафта давомида “Вести недели” сюжетига анонс сифатида диктор “Миллатчилик негизида қотиллик – нима қилмоқ керак? Қотилларни излашми ёки муҳожирлик сиёсатини қайта кўриб чиқишми?” - деган матни бетўхтов ўқиб турса. “Нима, сиёсат қайта кўрилса қотиллар жазосиз қоладиларми?” – дея ёзишади менга тошкентлик дўстларим.


Ўзбекистонда бугун ҳам турли миллат вакиллари тотув яшамоқдалар. Муаллиф фотосурати.

Россиядан фарқли ўлароқ, миллий низоларга қарши ҳаракат қилиш Ўзбекистон раҳбарияти сиёсатининг ютуқли ва кучли йўналишларидан саналади. Ўзбекистон бу соҳада доим оғишмай ва қатъий ҳаракат қилиб келган. Халқлар дўстлиги майдонида ёдгорликнинг бузилиши – Ўзбекистон расмийларининг Россияда ўз фуқароларига нисбатан муносабатларига хунук бўлса ҳам акс таъсири бўлиб қолди. Лекин бу расмий ёки чала расмий бўлган ҳаракатлар ҳам ҳеч нарса бўлмай қолади, агар Россияда жабрланганларнинг яқинлари ва қариндошлари ҳиссиётларга берилиб кетсалар. Унда Осиё республикаларида яшаётган ватандошларимиз тақдири нима бўлиши даргумон.