08:32 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкентда Тасвирий санъат ҳафталиги очилади

21.04.2008 11:04 msk

Люция Расмус

Фотосуратда – Тасвирий санъат ҳафталигида тақдим этилган суратлар.

“Ҳафталик” Ўзбекистон мусаввирлари бирлашмаси томонидан Олий ва ўрта таълим вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзтелерадиокомпанияси, ЎзА ахборот агентлиги, “Ўзбектуризм”

ва “Ўзбеккино” Миллий компаниялари кўмагида ўтказилмоқда.

Ўтган жума куни Марказий кўргазмалар залида матбуот анжумани ўтказилиб, унда “Ҳафталик” олдига қўйилган мақсад ва вазифалар ҳақида маълум қилинди.



“Тасвирий санъат ҳафталиги” илк бор 2007 йилда ўтган. Ўшанда тасвирий санъат, графика ва амалий ҳунармандчилик байрами бир вақтнинг ўзида мамлакатнинг барча вилоятларида бўлиб ўтганди. Бу йил Мусаввир кунига бағишланган байрам Тошкентда, Марказий кўргазмалар залида ва унга ёндош ҳудудларда – ҳайкалторошлик боғи ва унга олиб келувчи барча кўчаларда, Икуо Хирояма номидаги Халқаро Карвон саройда бўлиб ўтади.

Ҳудудлар борасида сўз юритиладиган бўлса, бу йил Марказий кўргазмалар зали майдонларининг борини хоразмлик мусаввирларга беришга қарор қилдилар. Ал-Хоразмий номидаги Урганч Давлат университетининг педагогика факультети декани, Ўзбекистон Бадиий Академиясининг аъзоси Эркин Рўзиевнинг “Фарғона.Ру” АА мухбирига берган интервьюсида маълум қилишича,”Ҳафталик”да университетнинг биринчи ва тўртинчи курс талаба-бакалаврлари ҳамда “Бадиий санъат ва муҳандиислик графикаси” ва “Амалий санъат” кафедралари ўқитувчилари иштирок этадилар.



Бу йил “Ҳафталик” иштирокчиларининг сафи кенгайган, унинг ишида кореялик мусаввирлар ҳам ўз санъатларини намойиш этадилар. “Тасвирий санъати ҳафталиги”нинг ҳар бир куни белгиланган мавзуга бағишланган. Кўргазма очилиши, яъни 21 апрель куни хоразмлик санъаткорлар ижодига бағишланади, 22 апрель – Ёшлар куни, 23 апрель- Амалий санъат ва миниатюралар куни, 24 апрель – Ҳайкалтарошлик ва графика куни, 25 апрель – Жонли тасвир куни.

“Ҳафталик” доирасида мастер-класслар, ижодий учрашувлар бўлиб ўтади, уларнинг иштирокчилари – мусаввирар ва томошабинлар нафақат ўзаро мулоқотда бўладилар, балки замонавий санъатнинг долзарб муаммолари ҳақида сўзга чиқадиган санъатшунослар билан мунозара қила оладилар.



“Ўзбекистон-2008 Тасвирий санъат ҳафталиги” дастури танлов натижаларини якунлаш ва энг яхши мусаввирлар, ҳайкалтарошлар ва бошқа санъат вакиллари номини эълон қилиш билан тамом бўлади.