15:09 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Мардлик монументи “Халқлар дўстлиги” ёдгорлигининг тақдирига шерик бўлиши мумкин

18.04.2008 13:44 msk

Ўз ахб.

Тошкент тез кунлар ичида яна бир қадамжой – Мардлик монументи ёдгорлик мажмуасидан маҳрум бўлиши мумкин.

Норасмий манбалардан олинган маълумотга кўра, Ислом Каримов ўзининг март ойида Бирлашган Араб Амирлигига ташрифи давомида Ўзбекистонда Ислом марказининг бунёд этилиши ҳақидаги битимга имзо чеккан.

Мазкур ҳужжатга кўра, Dubai Holding инвестиция ширкати янги қурилишга жуда катта маблағ – деярли ярим миллиард доллар сармоя ажратмоқда. Битимга кўра, Марказ Мардлик монументи ўрнида қад кўтариши мумкин.

1966 йил 26 апрель куни қаттиқ зилзиладан вайрон бўлган Тошкентни қайта тиклашга бош қўшган совет халқининг интернационал дўстлигига бағишланган бу ёдгорлик 1976 йилнинг 20 май куни очилган. Ўшанда Тошкентда истиқомат қилаётган бир ярим миллион аҳолидан уч юз мингдан ортиқ киши бошпанасиз қолганди.

Ўзбекистон ССР пойтахтини қайта тиклаш учун Россия ва иттифоқдош республикалардан минглаб одамлар келганди. Тошкентга техника ва қурилиш материаллари бутун Совет Иттифоқидан оқиб кела бошлаган. Ҳаракатлар зое кетмади, 1967 йилнинг қиш мавсумигача чодирда яшайдиган оилаларнинг аксарияти янги уйларга кўчиб кирдилар.


Нижний Тагил қурувчилари қурган уй. Фарғона.Ру АА фотосурати

Бир йилга етмаган муддат давомида Тошкентда бир миллион квадрат метр турар-жой бинолари қурилди. Колхоз далалари ўрнидаа Чилонзор, Сирғали, Юнусобод, Қорақамиш каби катта турар-жой даҳалари пайдо бўлди. Қурувчиларнинг аксарияти ўзлари қурган уйларда яшай бошладилар ва йиллар ўтиб авлодлари билан бирга тошкентликларга айландилар.


Новокузнецклик қурувчилар қурган уй. Фарғона.Ру АА фотосурати

Фожеанинг ўн йиллигига бағишлаб зилзила ўчоғида ёдгорлик ўрнатишга қарор қилинди. Мажмуа учун зилзила ўчоғида икки ярим гектар ер ажратдилар. Анҳор ўртасидаги оролчада Халқлар дўстлиги музейини тикладилар. Қурилиш жараёнида мажмуани зилзилага эмас, байналминал дўстликка бағишлашга қарор қилдилар.

Мажмуанинг 1976 йилнинг 20 май куни бўлиб ўтган очилиш маросимида нафақат тошкентлик ва ўзбекистонликлар, балки бошқа иттифоқдош республикаларидан келган меҳмонлар ва навбатдаги Осиё ва Африка халқаро кинофестивалига келган иштирокчилар ҳам қатнашдилар.


Мардлик монументи. www.uzflowers.ru сайти фотосурати

Монумент шаҳар қадамжойларидан бирига айланди, бу ерга чет эл делегацияларини ва туристларни олиб кела бошладилар, янги никоҳдан ўтган келин-куёвлар монумент пойига гулдасталар қўядилар, кечки пайтда шаҳарликлар бу ерда дам олишни ёқтирадилар. Айтгандек, Халқлар дўстлиги музейи номини Олимпия шуҳрати музейига ўзгартиришди.

Қизиғи шундаки, ҳайкалтарош Дмитрий Рябичевнинг композициялари Тошкентда қўним топа олмай қўйгани одатий ҳолга айланди. Олдинига у яратган Карл Маркс ҳайкалини Инқилоб ҳиёбонидан олиб ташладилар. Кейинчалик туркистонлик ўн тўрт комиссарлар ҳайкалини буздилар. Яқинда эса Халқлар дўстлиги ёдгорлигини Тошкентнинг четига олиб чиқиб қўйдилар. Навбат Мардлик монументига келганга ўхшайди.