16:47 msk, 25 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: “Ташсельмаш” заводи ўрнида “яшил ҳудуд” пайдо бўлади

09.04.2008 20:13 msk

Ўз ахб.

Норасмий манбалар тақдим этган ахборотга кўра, собиқ Совет Иттифоқида пахта терим машиналарини ишлаб чиқариш бўйича ягона корхона бўлган ва халқ орасида кўпроқ “Ташсельмаш” дея аталувчи Тошкент қишлоқ хўжалиги машина қурилиши заводи ер юзидан бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин. Унинг ўрнида “яшил ҳудуд” дея аталувчи ҳиёбон яратиладиган бўлди.

Қачонлардир гуркираб яшнаган бу корхонанинг юлдузи Совет Иттифоқи тарқаганидан кейин сўна бошлади. Қачонлардир, ўтган асрнинг 70-80-чи йилларида “Ташсельмаш”нинг улкан цехларида ҳаёт кечаю-кундуз қайнаган. Ишлаб чиқарилган маҳсулот – пахта терим машиналари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, шунингдек, бороналарни нафақат Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига, балки пахта етиштириш билан шуғулланувчи чет мамлакатларга ҳам жўнатилган.

Заводнинг биринчи навбати 1931 йилда иш бошлаган. Айни пайтда корхонанинг умумий майдони 38,29 гектардан иборат. Завод ўзининг фаолияти давомида турли пахтачилик соҳаси учун қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарган. Фақат Иккинчи жаҳон уруши даврида фронт учун ҳарбий техника ишлаб чиқаришга тўғри келган.

1959 йилдан бошлаб завод пахта терим машиналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Саксонинчи йилларга келиб унинг цехларида йилига бу техникадан ўн мингтагача чиқарилган. 1966 йилда заводни Меҳнат Қизил Байроқ ордени билан тақдирладилар.

Совет Иттифоқи тарқаб кетганидан кейин заводда бошқа совет республикаларидан келадиган металл ва бутловчи қисмларни сотиб олиш борасида қийинчиликлар бошланди. Вақти келиб пахта терим машиналарини сотиб оладиган ҳаридорлар ҳам қолмади: маҳаллий пахтачилик хўжаликларида нафақат янги техникани, балки ҳатто эски техникага эҳтиёт қисмлар сотиб олиш учун маблағ етишмасди. Пахта далаларида илгаригидек, қўл меҳнатидан кенг фойдаланадиган бўлишди.

Буюртмаларнинг кескин тарзда камайиши завод ишчи-ходимларининг қисқаришига олиб келди. Ўзбекистон Давлат мулк қўмитаси маълумотига кўра, 2006 йилда завод ишчи-ходимларининг сони 887 кишини ташкил этди. Ниҳоят, завод цехларида одам қолмаганида, станокларни тўхтатишга тўғри келди. Бутунлай. Бўшаб қолган ишлаб чиқариш ва маъмурий биноларни завод турли хусусий ширкат ва фирмаларга ижарага бера бошлади.

Ўзбекистон президентининг қарорига кўра, 2006 йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги машина қурилиши заводини сотувга қўйдилар. Аммо унга ҳаридор топилмади. Шунда деярли шаҳарнинг марказида жойлашган заводнинг ўрнида “яшил ҳудуд” яратишга қарор қилдилар. Яқинда “Ташсельмаш” заводи ҳудудида фаолият юритаётган ижарачилар ҳокимиятдан бир ой муддат ичида ишлаб чиқариш воситаларини бошқа жойга кўчириш ҳақида кўрсатма олдилар.



 

Реклама