11:05 msk, 23 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Кўчмас мулкга бўлган талаб таклифга нисбатан анча катта

09.04.2008 05:31 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистонда кўчмас мулкнинг нархи кўтарилишда давом этмоқда. Икки йил аввал Андижонда бир хонали квартира норасмий маълумотларга кўра бир ярим-икки минг долларга сотилган бўлса, ҳозир унинг нархи саккиз-ўн минг долларга чиқиб қолган.

Турар-жой нархига кўп омилларнинг таъсири бор: хонадоннинг жойлашган ери, уйнинг иссиқ сув ва истиш манбаларига уланганлиги, ичимлик суви, газ ва электрэнергияси таъминотида узилишлар бўлиш-бўлмаслиги ва ҳоказолар. Шулардан келиб чиқиб уйнинг нархи шаклланади: санаб ўтилган омилларнинг ҳар бири уй нархига икки минг доллардан қўшади ёки чегиради. Кўп қаватли уйлардаги баъзи квартираларнинг бугунги нархи қирқ минг долларгача етмоқда. Икки йил олдин эса шу пулга каттагина ҳовли сотиб олса бўларди.

Тошкентда ҳам кўчмас мулкнинг нархи сезиларли даражада кўтарилди. Тошкентнинг Юнусобод даҳасидаги бир хонали квартиранинг нархи 2006 йил охирида 11.500-14.000 долларга баҳоланган, бир йил ўтиб 16.000-28.000 долларгача кўтарилган (ўсиш 39-100 фоиз). Ўз-ўзидан икки хоналик квартиралар ҳудди шундай даҳада 18.000-20.500 доллардан 24.500-32.000 долларгача (36-56 фоизга), уч хоналиги эса – 20.000-35.000 доллардан 32.000-50.000 долларгача (43-60 фоизга) кўтарилган.

Сўмга нисбатан нархлар янада кўпроқ кўтарилган: бир хоналик квартиралар 45-109 фоизга, икки хоналик квартиралар 42-63 фоизга ва уч хоналик квартиралар 49-67 фоизгача.

Маҳаллий риэлторларга кўра, бугунги кунда харидорларнинг аксарияти келажакда турар-жой нархи янада кўтарилишидан хавотирланиб, нарх устида савдолашмай квартираларни нисбатан баланд нархларда сотиб олмоқдалар. Кўчмас мулк агентликлари ходимларига кўра, турар-жой нархларининг ўсишига асосий “айбдорлар” – чет элда пул ишлаётган меҳнат муҳожирлари бўлиб, улар пулларини айнан ҳовли жой ва квартира сотиб олишга сарфламоқдалар.

Бошқа тарафдан, Ўзбекистондаги хусусий автомобиллар миқдори бўйича фикр юритиладиган бўлса, маҳаллий аҳолининг даромади ўсиб бораётгани ҳақида хулоса қилиш мумкин. Ахир Ўзбекистон бозоридаги машиналар нархи чет элга сотилаётган машиналардан деярли икки баробар қиммат. Ҳар ҳолда, бу машиналарнинг аксарияти чет элда ишлаб келган меҳнат муҳожирларининг пулларига сотилмоқда.

Экспертларга кўра, бугунги кунда Марказий Осиёда кўчмас мулк ва ер участкаларининг нархига энг катта таъсир кўрсатувчи омил меҳнат муҳожирларининг даромади бўлиб қолган. Мисол учун, Қирғизистоннинг жанубий пойтахти Ўшда бир сотих ернинг нархи уч минг доллардан ошиб кетди. Бунга сабаб эса қирғизистонлик меҳнат муҳожирларининг Россияда нисбатан каттароқ пул ишлаб келишлари ва ўлмас мол сифатида кўчмас мулк ва ер участкалари сотиб олишга интилишлари бўлиб қолмоқда.

Бундан ташқари, давлат амалда турар-жой қурилиши билан шуғулланмай қўйди. Мисол учун, Андижонда тўртта кўп қаватли уйларнинг қурилиши режалаштирилган. Ҳудди шундай қурилишларни Асака ва Хонободда ҳам амалга оширмоқчилар. Аммо қурилиш ҳали-ҳамон бошлангани йўқ. Сабаби – қурилиш материалларининг нархи кўтарилишида бўлиб, пировардида турар-жой майдонларининг ҳар квадрат метрининг қимматлашувига олиб келмоқда.

- Мисол учун, оддий цемент 280 сўмгача кўтарилди (1 доллар 1300 сўм), - дейди қурувчи-инженер Абдуазим Пўлатов. – Агар ўзимизда ишлаб чиқарилган цемент шунчалик қимматлаган бўлса, бошқа қурилиш материаллари ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади! Мисол учун, Россия ва бошқа мамлакатлардан келтирилаётган арматура ҳақида. Шағал, тахта, шиферчи?! Албатта, ҳеч ким нархи осмонга чиқиб кетган хонадонни сотиб олмайди.

Андижонлик манбага кўра, шимолий микрайонда янги қурилаётган уй топширишга деярли тайёр бўлиб қолди. Аммо, қурилиш суратлари пасайиб кетганидан уни тез кунларда фойдаланишга топширишларига ишониш қийин.

Бундан ташқари, Андижонда хусусий уй қурилишлари учун ер участкалари бериш тўхтатиб қўйилди. Бу ҳам ер нархининг кўтарилишига олиб келди. Бугунги кунда бир сотих ернинг нархи бир ярим минг долларача кўтарилиб кетди.

Ер нархининг кўтарилишига таъсир кўрсатувчи омил сифатида аҳоли сонини ҳам эътиборга олиш керак. Андижон аҳоли зичлиги бўйича МДҲ мамлакатлари орасида биринчи ўринни эгаллаши маълум: бу вилоятда ҳар бир квадрат километр ерда 531 киши истиқомат қилади. Шу сабабдан ҳам маҳаллий кўчмас мулк бозорида талаб таклифга нисбатан анчага ошиб кетган.