17:02 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Бозор иқтисодиётидан –озиқ-овқат маҳсулотлари тақсимлашнинг шўроларча услубигача

08.04.2008 15:37 msk

Ўз ахб. (Ташкент)

Расмийлар нарх-наво кўтарилишига қарши синалган маъмурий услубларни қўллашга қарор қилдилар. Бундан бери барча ўсимлик мойи сотувчиларига ёғни бозор нархига нисбатан 50-100 фоиз арзонроқ сотиш тавсия этилган.

Ўзбекистон Аксилмонополия бўйича давлат қўмитаси ўсимлик мойига нарх-наво қандай бўлиши борасидаги ҳисоб китобларини эълон қилди. Ушбу маълумотларга кўра, тозаланган, аммо ҳидсизлантирилмаган ўсимлик мойининг ҳар бир килограмми унинг навидан қатъий назар 1500 сўмдан ортиқ бўлмаган нархда сотилиши керак. Шу ёғнинг идишларга қуйилгани эса ҳар килограмми 1900 сўмдан ёки бир литри 1750 сўмдан ошмаслиги керак. Тозаланган ва ҳидсизлантирилган ўсимлик ёғининг нархи ҳар килограмми учун идишга қуйилгани 2000 сўмдан ёки ҳар литри учун 1850 сўмдан ошмаслиги керак.

Ушбу тадқиқотлар натижаларидан келиб чиққан ҳолда бундан бери ўсимлик ёғи мазкур нархлардан юқори бўлмаган баҳода сотилиши керак. Аксилмонополия қўмитасига итоат этишни истамаган тижоратчилар борасида сўз юритиладиган бўлса, уларга нисбатан бундан буёғига таъсирли чоралар кўриладиган бўлди.

Аксилмонополия давлат қўмитасининг матбуот хизмати фуқаролардан кўрсатилган нархлардан юқори бўлган нархда савдо қилаётганини аниқлаганларида, қўмитанинг ҳудудий идораларига хабар беришга чақирилмоқда. Қизиғи шундаки, тижоратчилар ўзларининг хусусий товар маҳсулотларига бозор нархларини белгилаш ҳуқуқи ҳақида ҳеч ким эсламаяпти ҳам.

Ўзбекистон миллий валютасининг АҚШ долларига нисбатан расмий курси 2008 йил 7 апрелига 1 долларга 1320 сўмни ташкил этади. Бундан ташқари, мамлакатда валюта айрибошлашнинг “қора бозори” ҳам мавжуд бўлиб, у ерда доллар 50-100 сўм қимматроқ сотилади.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда ўсимлик ёғининг нархи жуда сезиларли даражада ўсган. Ўтган 2007 йил давомида кунгабоқар ёғи 130-160 фоизга (1.600-1.800 сўмдан 3.700-4.700 сўмгача) қимматлади. Бугунги кунда бир литр ёғнинг нархи 3.700-4.200 сўмни ташкил этади.

Пахта ёғининг нархи ундан сал арзонроқ. Дўконларда ва бозорларда бир литр пахта ёғи 3 минг сўмдан сотилмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғини (МФЙ) орқали аҳолига икки литр пластик идишдаги ёғни 1700 сўмдан тарқатилмоқда. Аҳолига 1700 сўмлик ёғ келди деб хабардор қилишади, аммо литрини 1800 сўмдан сотишади. 100 сўмдан етказиб келиш ҳақи ундирилади. Арзон ёғни қанчалик вақт оралиғида олиб келиб сотишлари номаълум, негаки, ёғ олиб келишда ҳеч қандай қоида ўрнатилмаган ва ёғ олиб келишганида МФЙ орқали аҳоли хабардор қилинади. Одатда бу ҳодиса бир-икки ойда бир марта содир бўлади.

Ўзбекистонда минимал иш ҳақи 20.865 сўмга тенглигини ҳисобга олганда бу пулга ўзбекистонликлар 5,5 шиша кунгабоқар ёки 7 шиша пахта ёғи сотиб олишини ҳисоблаш мумкин.

Новости РАА эксперти Санобар Шерматовага кўра, Ўзбекистонда ун ва гуруч ҳам белгиланган нархларда тақсимланмоқда. “Қишдаги табиий офат Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётидаги заиф жойларини очиб ташлади. Эндиликда минтақа системали ислоҳотлар ўтказиш зарурати олдида турибди. Расмийлар бундай тубдан ислоҳотлар ўтказишга ботина оладиларми йўқми, номаълум, аммо Россия ва Қозоғистон муҳтожлик сабабидан иш қидираётган меҳнат муҳожирларининг катта оқимига тайёр бўлиши керак”, - дейди эксперт.

Қўлланаётган чоралар юзага келган нарх-наво кўтарилишининг олдини олишга қаратилган. Агар “тозаланган ва ҳидсизлатирилган ўсимлик ёғининг литрини 1850 сўмдан ошмаган баҳода сотилишини ҳисобга олинадиган бўлса, минимал иш ҳақига ёғнинг 11 шишасини сотиб олиш мумкинлигини ҳисоблаш осон.

Лекин бундай бахтли ходисалар яқин келажакда содир бўлишини кутиш мумкин, холос. Ҳозирча эса расмийларнинг қарори натижасида бозор ва дўкон расталарида сотилаётган ёғ бир зумда ғойиб бўлди. Онда-сонда айрим сотувчилар атрофга аланглаб ва хавфсираб яширинча бозор нархида ёғ сотиб олишни таклиф этиб турибдилар.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда амалда ўсимлик ёғи сотишнинг тақсимлаш услуби киритилмоқда. Кейинги қадам сифатида анчадан бери унутилаёзган талон тизимининг жонлантирилишини кутиш мумкин. Ҳатто, бошқа маҳсулотларга ҳам.



 

Реклама