16:48 msk, 25 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Урганч расмийлари норози тадбиркорлар намойишини тарқатиб юбордилар

31.03.2008 21:37 msk

Ўз.ахб

Март ойининг сўнгги куни қўҳна Урганч шаҳрида мисли кўрилмаган норозилик акцияси бўлиб ўтди. Деярли икки соат давомида бир неча юзга яқин аёллар буюм бозорининг шаҳар четига кўчирилиши ва савдо расталарининг адолатсиз тарзда тақсимланиши борасида ғазабларини шовқин-сурон ила ифода қилдилар.

Акция протеста в Ургенче, 31 марта 2008 года
Урганчда норозилик акцияси, 2008 йил 31 март. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Бугунги воқеа содир бўлган жойдан узоқ бўлмаган ердаги Урганч деҳқон ва буюм бозорлари ўтган ҳафтадан бери ишламаяпти. Расмий фаразларга кўра, деҳқон бозорини реконструкция қилиш учун беркитиб қўйишган. Халқ депутатлари вилоят кенгашининг яқинда бўлиб ўтган сессиясида бозорларнинг бирлаштирилиши, бу ерда фақат қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотишга ижозат берилиши ҳақида эълон қилинганди. Кенг истеъмол моллари савдосини эса яқинда Қоровул қишлоғида қурилган буюм бозоридаги расталарида сотиш таклиф этилди. Норозилик акцияси иштирокчиларига кўра, бунинг оқибатида минглаб шаҳарликлар тирикчилик манбаларидан маҳрум бўладилар.

Расмий маълумотларга кўра, буюм бозорида савдо ҳуқуқини берувчи патент фақат беш юз кишида бор, холос. Аммо раста пештахталари ортида икки мингдан зиёд тижоратчилар савдо қилмоқдалар. Аниқ статистик маълумотлар йўқ бўлсада, маҳаллий кузатувчиларга кўра, бозор 130 минг киши истиқомат қилувчи Урганч шаҳри аҳолисидан ҳар ўнтадан биттасининг тирикчилик воситасига айланган.

Одамларнинг қаттиқ норозилигига сабаб бўлган омиллардан бири – янги буюм бозоридаги расталар ижара ҳақининг ўта баландлигида. Шунга қарамай, расталарнинг аксарияти энг бой ва обрўли савдогарлар оилалари томонидан тамоман сотиб олинган.

Акция протеста в Ургенче, 31 марта 2008 года
Урганчда норозилик акцияси, 2008 йил 31 март. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

- Мен бу ерга (митингга) иккита кичкина болам билан келдим, - дея билдирди “Фарғона.Ру”АА мухбирига ёш жувон. – Ҳокимга энди сен уларни боқасан деб айтмоқчиман.

Аввалига намойиш иштирокчилари вилоят ҳокимлигига бориб ҳоким билан учрашмоқчи бўлдилар. Аммо улар ҳокимиятга туташган Кенгашлар Уйи биносининг четигача етиб бордилар, холос. Бу ерда милиция тезкор ҳаракат махсус отрядининг (ТҲМО) жангчилари жонли занжир бўлиб уларнинг йўлини тўсиб олди. Қизиғи шундаки, жангчилар қуролсиз бўлсаларда, негадир бронежилетлар кийиб олгандилар. Кучишлатар тузилмаларнинг форма кийган ва киймаган ходимларининг сони акция иштирокчиларига нисбатан бир неча баробар кўпроқ эди. Йўл тўсиб қўйилгани учун шаҳарнинг бу қисмида транспорт ҳаракати тўхтаб қолди, пиёдаларга эса милиция ходимлари хушмуомалалик билан аммо қатъий тарзда Кенгаш Уйининг нариги томонидан юришни тавсия қилдилар.

Очиқдан-очиқ норозилик намойишининг ташкилотчиси бўлган тижоратчини эрталаб “омончи”лар калтаклаб ўлдирибди, деган миш-мишдан оламон жунбушга келай деди. Аммо бу миш-мишни на тасдиқлаб ва на инкор этиб бўлмади. Норозилик иштирокчилари орасида воқеа тафсилотининг гувоҳлари йўқ экан, сафда турган милиция майоридан “Ўзи нима бўлаяпти?” деб сўралганида эса, у тинчлантирувчи оҳангда: “Бизда ўқув машғулотлари бўлаяпти”, дея жавоб берди.

Кўринишидан, расмийлар тижоратчиларнинг норозилик акциясидан қаттиқ ташвишга тушиб қолдилар. Кенгаш Уйидан бир маҳалла нарида ТҲМО нинг кўчма штаби бўлган катта автофургон келиб жойлашди. Бу ердан туриб исталган пайтда норози тижоратчиларга қарши қатъийроқ ҳаракат қилишга буйруқ беришлари мумкин эди.

Лекин қатъий чора кўришга баҳона бўлмади. Норозилик иштирокчилари олдига Урганч шаҳар ҳокими Баҳром Аллабергенов чиқди. Шаҳар ҳокимининг чиқиши кутилган натижани бермади: акция иштирокчиларининг аксарияти ҳокимга ишонмасликларини айтдилар ва унга қулоқ солмадилар ҳам.

Кун ўртасига келиб норозилик акцияси иштирокчилари чарчадилар. Зобитлар тўпланганларни бир неча қисмга бўлишга эришдилар, оддий милиционерлар эса уланинг бирлашишига йўл қўмади. Митинг иштирокчиларидан энг дадиллари “бу ерда ҳақиқат йўқ”, дея вилоят телевидениеси олдига боришга ёки Озодлик Радиоси мухбирларини қидиришга қарор қилдилар.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда бозор ва савдо мажмуалари атрофида норозилик акциялари вақти-вақти билан бўлиб турадиган ҳодисага айланган. Тижоратчиларнинг норозилик сабаблари эса кўпинча бир-бирига ўхшаш.



 

Реклама