02:38 msk, 24 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Наманган вилоятининг саноат гиганти яна ишчиларни қабул қилмоқда

31.03.2008 18:43 msk

Бек Бoев (Наманган)

Узоқ вақт давом этган танаффусдан сўнг яқинда Жанубий Кореянинг Hain Tex Co. Ltd. ширкатига сотилган Наманган вилоятининг саноат гиганти янги ишчи ва ходимларни ишга қабул қила бошлади. Суҳбатдан муваффақиятли ўтган ишчилар бир ой синов муддати билан ишга қабул қилинмоқдалар. Шу вақт давомида улар 50 доллар миқдорида маош оладилар. Агар бордию, ишчи синов муддатидан муваффақиятли ўтиб шартнома узайтириладиган бўлса, корхона раҳбарлари унга ўртача икки юз АҚШ доллари миқдорида маош тўлашни ваъда қилмоқда.

Комбинатга янгидан ишга кирган 35 ёшли Ҳамидулло исмли йигитнинг айтишича, ишга қабул қилинган ходимларининг аксариятини бундай илк шартлар қониқтиради. “Эллик доллар албатта оз, лекин фақат биринчи ой шунча тўлашмоқчи, - дейди Ҳамидулло. – Бу ҳар қалай Россия ёки Қозоғисонга бориб ишлагандан, у ерда милициядан қочиб юриб ёки қул бўлиб сотилгандан яхшироқ. Боз устига, раҳбарлар ойликни бирданига икки юз долларга оширишмоқчи”.

Ҳозирча корхонадаги тўртта цехдан биттаси ишлаяпти. Комбинат ишчиларига кўра, тез кунларда қолган цехлар ҳам ишлай бошлайди, негаки, корхона тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

“Намангантўқимачи” ОАЖ Наманган вилоятининг энг йирик саноат корхонаси саналади. Бу корхонанинг ишлаб чиқариш цехлари эллик беш гектар майдонни эгаллаган. Қачонлардир бу цехларда Наманган шаҳри ва вилоятининг турли туманларидан келган ўн мингдан зиёд ишчи-ходимлари ишлаган.

Корхонадаги дастгоҳларнинг аксарияти 1967 йилда ўрнатилган. Ўшанда комбинат эндигина ишга туширилганди. “Шойи газламалар комбинати” номи остида танилган комбинат республикадаги саноат корхоналари ичида етакчи корхоналардан бири саналган. Корхона ишлаб чиқарган маҳсулот бутун СССР республикаларида сотилган. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари ўртасига келиб корхона иқтисодий танглик кўчасига кириб қолди, ишлаб чиқариш ҳажми кескин тарзда қисқара бошлади, 2005 йилда эса корхона ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Баъзи маълумотларга кўра корхонанинг қарзлари 30 миллион долларга етди.

Вилоят хўжалик судининг 2006 йил 7 февраль қарори билан “Намангантўқимачи” комбинатига ташқи бошқарув киритилди. Аммо, ўтган йил июнь ойида “Намангантўқимачи” ОАЖ кредиторлари хўжалик судига мурожаат қилиб корхонани банкрот деб топиш тўғрисида ариза бердилар. Суд корхонанинг тўрт ойлик фаолиятини ўрганиб чиқиб, гарчи корхона тўла қувват билан ишласа-да, ўн икки ой ичида қарзларини тўлай олмаслигини ҳисобга олди ва корхонани банкрот дея эълон қилди. Ўзбекистон президентининг 2007 йил 12 апрель қарорига мувофиқ “Намангантўқимачи” акционерлик жамиятини сотиш бўйича тендер эълон қилинди ва минглаб ишчилар муддатсиз таътилга чиқиб кетишга мажбур бўлдилар.

2007 йил май ойида Жанубий Кореянинг Hain Tex Co Ltd. ширкатидан таклиф келиб тушди. Чет эллик инвестор корхона ишлаб чиқариш қувватини янгилаш ва босқичма-босқич модернизация қилиш мажбурияти билан “Намангантўқимачи” мулк мажмуасини сотиб олишни таклиф этди.

Жанубий кореялик ҳамкорларнинг таклифи маъқулланди ва 2007 йил 28 сентябрь куни Ўзбекистон ҳукумати томонидан “«Намангантўқимачи» акционерлик жамияти ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланишни оптималлаштириш чоралари тўғрисида” қарори қабул қилинди. Ҳужжатга кўра, қўшимча инвестицияларни жалб этиш ва “Намангантўқимачи”да ишлаб чиқаришни тубдан кенгайтириш мақсадида Намангандаги корхонанинг мулк мажмуасини Жанубий Кореянинг Hain Tex Co. Ltd. ширкатига сотилиши кўзда тутилган.

Шартномага кўра, чет эл ширкати корхона ишлаб чиқариш қувватини тўрт ярим баробар кўтаришга имконият берадиган босқичма-босқич модернизация қилиш мажбуриятини зиммасига олади. Бунинг учун Hain Tex Co Ltd корхонани ривожлантиришга 66 миллион доллардан зиёд сармоя ётқизади.

Қайд этиш жоизки, Жанубий Кореянинг ширкатлари Ўзбекистон тўқимачилик саноати билан ҳамкорлик қилишга ҳозирча қизиқмоқдалар. Таниқли «Daewoo» корпорацияси ҳам Фарғона тўқимачилик комбинати билан ҳамкорлик қилмоқда. У ерда ҳозир “ДЭУ Текстиль Фарғона” Қўшма корхонаси муваффақиятли фаолият юритиб турибди. Корпорация бу корхонага 68 миллион доллар сармоя ётқизмоқчи.

Баъзи маҳаллий кузатувчилар бу билан хорижий йирик инвесторларнинг Ўзбекистон тимсолида ишончли ҳамкорни, оқибатли шерикни кўраётганлигини мисол тариқасида келтирмоқчи бўлсаларда, кўпчилик чет эл ширкатлари республика иқтисодиётига сармоя ётқизишга шошилмаяптилар.

Қачонлардир Наманган вилоятида туркиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда муваффақият билан фаолият юритишни бошлаган ва пировардида банкротликка учраган “Косонсой Текмем” ва “Аснамтекстиль” каби қўшма корхоналарнинг аянчли тақдири ҳали унутилгани йўқ. Боз устига, Ўзбекистон расмийлари корхонанинг таназзулга юз тутишида айбни тўлалигича туркиялик тадбиркорларга ағдармоқчи бўлдилар. Ҳолбуки, улар бу корхоналарга анча-мунча маблағ сарфлагандилар ва оқибатда ҳамма нарсани маҳаллий мулозимлар ихтиёрига ташлаб кетишга мажбур бўлдилар.

Бундан ташқари, хорижий сармоядорларни Ўзбекистонда фаол ҳаракатлардан тўхтатувчи омиллардан бири –мамлакатда ўзбек миллий валютасининг конвертацияси билан боғлиқ муаммоларнинг мавжудлигидир. Бу ҳақда “Фарғона.Ру” бир неча бор ёзганди.

Масалан, Россия ҳукуматидаги мулозимлар берган маълумотга кўра, Россиянинг Ўзбекистондаги савдо ваколатхонасида россиялик юзлаб ширкатларининг рўйхати бор бўлиб, улар Ўзбекистон томонининг айби билан миллион-миллион қарзларини ундира олмай юрибдилар. Савдо ваколатхонаси ходимига кўра, россиялик экспортчилар ўзбекистонлик ҳамкорларига қиймати долларда белгиланган товарларни етказиб берадилар. Улар ўз навбатида тегишли миқдордаги маблағни маҳаллий банклардаги блок ҳисоб рақамларига қўядилар. Банкда нақд тушум ойлаб музлатиб қўйилади. Россияликларга кўра, Ўзбекистон банклари шундай нопок йўл билан, яъни чет эл ширкатларининг музлатилган маблағларини бир неча бор айлантириб даромад қиладилар.

Ўзбекистоннинг Жанубий Корея билан ҳамкорлиги мустаҳкаланиб бораётган шароитда бу мамлакат сармоядорлари россиялик ишбилармонларга қараганда ўзларини яхшироқ шароитда ҳис қилишларига ва мазкур муаммоларга йўлиқмасликларига умид қилиш қолди, холос.



 

Реклама