23:12 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Хоразмнинг собиқ ҳокими наркобаронми?

29.03.2008 13:11 msk

Фарғона.Ру

Узоқ вақт давомида кутилгани билан кўпчилик учун барибир қўққисдан содир бўлган Хоразм ҳокимининг алмашуви вилоятдаги мулозимларнинг ўзларини шу чоққача ҳушёр тутишларига мажбур қилмоқда.

Янги ҳоким девонхона ходимларини ва вилоят ташкилотлари раҳбарларининг пўстагини кунига қоқиб турибди. Уларга ишдаги камчиликларни бартараф этиш учун юз кун муҳлат берилганди. Янги ҳокимнинг қаттиққўллиги борасида ҳозирдан Тошкентга шикоятлар ёғила бошлади. Олдинги ҳоким ҳам ўз вақтида “қаттиққўл” бўлганди. Гап миллион-миллион долларлар устида кетаяпти.

Оллабергановнинг куюнишига сабаб етарли. Биринчи навбатда бу собиқ ҳокимдан қолган оғир мерос: самарасиз ишлаётган саноат корхоналари, қишлоқ хўжалигида турғунлик, инвестицияларнинг йўқлиги. Тўққиз йил давомида Ислом Бобожонов бошқарган Хоразмнинг бузилган обрўси ҳам ҳокимни эзиб юборди.

Президентнинг эркатойи ишончни оқламади. Хоразм вилояти Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Ислом Каримов ўзининг сўзида “туғилган юртида ўсиб улғайган, катта мансабларга эришган одамлар баъзи ҳолатларда тўрт-беш йил ўтиб бошини йўқота бошлайдилар, оқ-қорани ажрата олмай қоладилар”, дея ҳасрат қилганди.

Собиқ ҳокимнинг боши қачондан бери айлана бошлангани номаълум, лекин ҳозир унинг меросхўрида бош оғриғи кучайгани бор гап. Айни пайтда вилоятда собиқ ҳокимнинг бангфурушлар тармоғини ўз оталиғига олгани борасида гумонланаётгани маълум бўлди. Ушбу “мағзава”ни собиқ ҳокимнинг душманлари оқизаётган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас, аммо баъзи ҳолатларга кўра, бу айбловларнинг тагида жон бордек кўринади. Тез кунлар ичида юқори мансабдаги мулозимларнинг ва турли ташкилот раҳбарларининг лавозимларидан четлатилиши кутилмоқда. Миллий хавфсизлик қўмитаси Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғини лавозимидан бўшатдилар, Хоразм вилояти ички ишлар бошқармасида ҳам кадрлар алмашуви жадал суратларда кетмоқда.

Рост-да, ахир уларнинг бурни остида героин сотувчиларининг йирик тармоғи фаолият юритса-ю, уларга гўёки нақд Ислом Бобожоновнинг ўзи ҳомийлик қилган бўлса. “Гўёки” сўзи аслида журналистикага ҳос эмас, аммо шу чоққача собиқ ҳокимни нимада айблаётганлари ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот бўлмаганидан кейин иложи йўқ эканда. Халқни олганда-ку, бу билан иши ҳам йўқ. Халқ фалончи ҳибсга олинди, жонига суиқасд қилди, касалхонада ётибди, дея қайд этиб қўяди, холос...

Ўтган йили вилоят ҳокимининг ўринбосари, “Урганчтрансгаз”, автомобиль йўллари бошқармаси раҳбарлари, бир қатор жиноят оламининг обрўли етакчилари ҳибсга олиниб узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилгандилар. Улар миллион-миллион доллар маблағларни ўғирлашда айблангандилар. Ўзбекистонга ҳос коррупция вертикалини ҳисобга олинадиган бўлса, хоразмлик мафиозиларнинг Ислом Бобожоновга каттагина фоизлар тўлаганини тахмин қилиш мумкин. Собиқ ҳоким уларнинг фаолияти қанчалик кенг кўламларга ёйилганини аниқ билиши турган гап.

Аммо бўлиб ўтган маҳкама жараёнларидан сўнг унга тегмадилар. Тошкентлик тезкор қидирувчиларга кўра, хоразмлик ҳоким “тезкор суриштирувда” бўлган. Ўзбекистон Қаҳрамони Ислом Бобожоновнинг ишини атайинига президент сайловлари ўтишигача ушлаб турдилар, ўшандан сўнг бутун республика бўйлаб кадрларни ғалвирдан ўтказиш машмашаси бошланди. Бунга паралель равишда эса героин савдоси схемасини йўлга қўйган милиция ходимларини фош қилиш билан шуғулландилар.

Ўзбекистоннинг баъзи Интернет нашрлари 27 март куни собиқ хоразм вилояти ҳокимига ҳеч қандай боғлиқликни кўрсатмаган ҳолда бангфурушлар иши бўйича бўлиб ўтган суд ва белгиланган қатъий ҳукмлар ҳақида хабар бергандилар. Ҳолбуки, жиноятчилар орасида Хоразм вилояти ИИБ тезкор қидирув бўлими ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими бошлиғининг ўринбосари Т.Отаниёзов ҳамда қуйироқ лавозимдаги учта зобитлар бўлган. Маълумотларни маҳфий сақлаш мақсадида улар билан таркибида маҳаллий МХХ ва ИИБ ходимлари киритилмаган тезкор қидирув гуруҳи шуғулланган. Хоразмликларга ишонч йўқ.

Президентнинг адаши

Ислом Бобожонов Хоразм вилоятини 1999 йил февралидан 2008 йил февраль ойигача бошқариб келган. У Ўзбекистон Компартияси Хонқа райкомининг биринчи котиби Олим Бобожоновнинг ўғли, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноати институтини тамомлаганидан кейин ҳокимликка тайинлангунича бир муддат Хонқа пахта заводининг бош муҳандиси, Хонқа тумани ҳокими, қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб ишлаганди.

Президент Каримов кўпчилик олдида “адаш” деб чақирган Ислом Бобожонов ҳоким бўлиб ишлаб юрган тўққиз йил давомида Ислом Каримовнинг эркаси бўлиб қолганди. У “Ўзбекистон қаҳрамони унвонига сазавор бўлган икки вилоят ҳокимидан бири бўлишга эришган.

Хоразмда бир вақтлар Ислом Бобожонов ўз лавозимини Гулнора Каримовага бўшатиб бериш эвазига республика бош вазири этиб тайинланиши мумкин деган миш-мишлар авж олганди. Нима бўлган тақдирда ҳам президент қизига тегишли “Малика” ва “Азия+” меҳмонхона тизимидаги vip-отеллар айнан у ҳокимлик қилган пайтда қурилган.

Бобожоновнинг истеъфосидан кейин оммавий ахборот воситаларида Хоразм вилояти собиқ ҳокимининг ҳибсга олингани ҳақидаги расман тасдиқланмаган хабарлар тарқала бошланди. Тошкентдаги Uzmetronom веб-нашри И.Бобожоновнинг лавозимидан четлатилишидан бир неча ой аввал маҳаллий корхона ва ташкилотлар раҳбарлари устидан жиноий ишлар қўзғатилгани борасида хабар бера туриб, “ўша вақтдаёқ маълум доираларда бу ишларнинг бари Ўзбекистон шароитида бегуноҳ бўлиши мумкин бўлмаган вилоят раҳбарини обрўсизлантириш учун амалга оширилаётгани” ҳақида фикр билдирганди.

Хоразмнинг янги ҳокими Оллаберган Оллаберганов Урганч туманининг қўҳна Ғойбу қишлоғида туғилган. Бу қишлоқдан чиққан кадрлар туман ва вилоят қишлоқ хўжалиги ва кучишлатар тизимларининг раҳбарлари қаторини тўлғазиб келиши анъанага айланиб қолган. У ҳақда сиз “Фарғона.Ру” АА “Ҳокимият юзи”: Ўзбекистон президенти Хоразмга янги ҳоким тайинлади материалида ўқишингиз мумкин.



 

Реклама